Қашқадарё вилоятида бундан буён ҳафтанинг шанба кунлари барча раҳбарлар велосипедда юради. Бу ҳақда вилоят ҳокими Зойир Мирзаев маҳаллий мутасаддилари билан ўтказилган йиғилишда билдирган.
Қашқадарё вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, йиғилишда З. Мирзаев вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманларида камида 3-4 километр узунликда велосипед ва пиёдалар юрадиган йўлакчалар қурилиши, бунинг учун ҳар бир ҳудудга 200–400 миллион сўмгача маблағ ажратилишини қайд этган.
“Энг асосийси биз одамларимизга, айниқса, раҳбарларга соғлом турмуш тарзини ўргатишни бошлаймиз”, деган З. Мирзаев эндиликда ҳафта охирида раҳбарларнинг барчаси велосипед миниб юришини қўшимча қилган. Вилоят ҳокимининг бу ташаббусига Ўзбекистон президенти томонидан шу йил 30 октябрида имзоланган ва 3 ноябрь куни расмий матбуотда ёйинланган “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон туртки бўлганини тахмин қилиш мумкин.
Зойир Мирзаев Озодлик муштарийларига қўл остидаги мулозимларга кескин чоралар кўрадиган раҳбар сифатида яхши таниш.
Икки йил муқаддам ўша пайтда Бош вазирнинг ўринбосари вазифасида ишлаган З. Мирзаев Тошкент вилояти Оққўрғон туманида олти киши - туман ҳокимлигининг уч мулозими, икки фермер ва бир маҳалла оқсоқолини ариқдаги совуқ сувга тушириб, таҳқирлаган. Ўшанда Мирзаев олтовлонни буғдойга сув қўймагани учун шундай жазолагани айтилганди.
Мазкур ҳодисадан 2 кун ўтиб, Мирзаев президент Ш. Мирзиёев фармони билан лавозимидан бўшатилган.
Ишдан олинганидан кўп ўтмай Зойир Мирзаев Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими лавозимига тайинланган, 2019 йилнинг октябридан эса у Қашқадарё вилояти ҳокими вазифасида ишлаб келмоқда.