Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги афғонистонлик дастлабки 249 талабага виза берди.
Вазирликнинг Озодлик радиоси қирғиз хизмати – Азаттиққа билдиришича, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти академияси ва Бишкекдаги Марказий Осиё Америка университети афғон талабаларга виза бериш илтимоси билан мурожаат қилган.
"Афғонистонлик жами 500 талабага Қирғизистонга кириш учун виза бериш тўғрисида вазирлик тегишли давлат органлари билан келишиб олди. Айни пайтда ўқув визасини белгиланган тартиб-қоидага асосан бериш жараёни бошланди”,-дейилади Ташқи ишлар вазирлиги билдирувида.
Кобул 15 августда Толибон томонидан босиб олиниб, Афғонистон назорати жангарилар қўлига ўтганидан сўнг Қирғизистон миллий хавфсизлик хизмати раиси Қамчибек Ташиев 500 нафар афғон талабага виза берилиши мумкинлигини айтган эди.