Озодлик радиоси тожик хизмати - Озоди радиосининг билдиришича, Душанбеда Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг юзма-юз музокараси олти соатдан бери давом этмоқда. Озоди радиосига бу маълумотни Тожикистон президенти матбуот хизмати ҳам тасдиқлаган.
Аввалроқ икки давлат раҳбарларининг суҳбати бир соат 40 дақиқа давом этиши эълон қилинган эди.
Садир Жапаровнинг Душанбега 28 июнь куни расмий ташриф билан борган. 29 июнь куни музокаралар бошланган.
Учрашув Душанбедаги “Қасри Миллат” сароийда бўлиб ўтмоқда. Озоди радиосининг “Қасри Миллат”да ҳозир бўлган мухбири Муллоражаб Юсуфийнинг билдиришича, музокаралар ўтаётган хонага икки давлат амалдорлари турли ҳужжатларни олиб кириб, кейин қайта чиқмоқда.
Садир Жапаровнинг Тожикистонга расмий ташрифи май ойининг биринчи ярмида бўлиб ўтиши керак эди, бироқ 28-30 апрель ва 1 май кунлари тожик-қирғиз чегарасида қуролли тўқнашув содир бўлгани ортидан бу ташриф қолдирилган. Қирғизистон можародан сўнг Тожикистон билан чегарасини бир томонлама тартибда ёпган.
28-30 апрель ва 1 май кунлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли можародан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескин совуқлашган эди.
Қирғизистон Тожикистонни агрессияда айблаган. Тожикистон эса чегарадаги низога қирғиз томони сабаб бўлганини билдирган. Можарода Қирғизистонда 36 киши, Тожикистонда 19 киши ҳалок бўлган.