Қирғизистонда йил бошидан бери мол гўшти нархи 27,7 фоизга, қўй гўшти нархи эса 23,8 фоизга ошган. Гўшт нархининг ошиб кетишига эса Ўзбекистонда чорвага бўлган талабнинг кучайгани сабаб бўлган. Бу ҳақда Қирғизистон Аксилмонополия агентлиги матбуот хизмати маълум қилди.
Қозоғистон январь ойида чорва молларини мамлакатдан олиб чиқиб кетилишига чеклов жорий қилган. Шу сабабли Ўзбекистон ёппасига Қирғизистондан мол-қўй сотиб ола бошлаган.
Агентлик маълумотига кўра, 2019 йили Қирғизистондан 150 минг бош қорамол олиб чиқиб кетилган, улардан 121,6 минги Ўзбекистонга экспорт қилинган. Шунингдек, ўтган йили мамлакатдан 264 минг бош қўй-эчки экспорт қилинган, шундан 200 мингдан зиёдини Ўзбекистон сотиб олган.