Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ва Чегараларни делимитация - демаркация қилиш бўйича ҳукумат делегацияси раҳбари Қамчибек Ташиев кўпчилик уни «тўлиқ маълумотга эга бўлмаган ҳолда» танқид қилаётганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, «кейинчалик улар бу тарихий воқеа бўлганлигини айтишади».
Ташиев давлат ва маҳаллий ҳокимият органларини қирғиз-ўзбек чегараси бўйича эришилган протокол бўйича тушунтириш ишларини кучайтиришга чақирди.
«Маҳаллий аҳоли ишончли маълумотга эга эмас. Мен барча вилоятларга саёҳат қилдим, аммо бу етарли эмас. Ҳар бир одам билан учрашиш ва протоколнинг ҳар бир бандини тушунарли тилда тушунтириш керак», - деди у.
Ташиев 26 мартда Бишкекда ўтказган матбуот анжуманида Қирғизистон – Ўзбекистон чегарасида баҳсли ҳудуд қолмагани, бу масалани томонлар 100% ҳал қилгани тўғрисида баёнот берган эди.
Қамчибек Ташиев бу баёнотни ўзи етакчилик қилган ҳукумат делегацияси 24-25 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтган сўзлашувлар ортидан қилган. Сўзлашувларда Ўзбекистон делегациясига Бош вазир Абдулла Арипов етакчилик қилган.
Аммо эришилган келишувнинг айрим бандлари чегара ҳудудларидаги аҳолининг норозилигига учради. Қирғизистонликлар сув ресурслари Ўзбекистонга ўтказиб берилганини кескин танқид қилди.
Март ойининг охирида Ташиев маҳаллий аҳолига музокаралар натижаларини ва Ўзбекистон билан чегаралар тўғрисида имзоланган протоколни тушунтириш учун чегарадош вилоятларга ташриф буюрди.