Қирғизистон муфтийси истеъфо берди. Диний идора пуллари "фоизга берилгани" тергов қилинмоқда

Қирғизистоннинг эндиликда собиқ муфтийси Мақсатбек ҳожи Тўқтўмушев.

Қирғизистон муфтийси Мақсатбек ҳожи Тўқтўмушев 10 февралда мусулмонлар диний идорасидаги коррупциявий жанжал ортидан истеъфо берди. Диний идоранинг билдиришича, муфтий ишдан кетиш тўғрисида ўз ихтиёри билан ариза ёзган.

Мақсатбек хожи Тўктўмушев истеъфо тўғрисида ариза ёзишидан бир неча соат олдин Миллий хавфсизлик қўмитаси муфтият бош ҳисобчиси муфтият пулларини фоизга қарзга бериб, ноқонуний даромад топишда гумонлаб қўлга олингани ҳақида билдирди.

Айни пайтда муфтият фаолиятидан хабардор бўлган айрим таҳлилчилар, бу воқеани муфтий лавозими учун олиб борилаётган кураш ҳосиласи сифатида баҳоламоқда.

Миллий хавфсизлик қўмитасининг билдиришича, муфтият раҳбарияти Ҳаж ва Умра зиёратига борадиганлардан диний идора ҳисобига олинадиган пулларни ноқонуний айлантириш ва даромад топиш билан шуғуллангани текширилмоқда. Хавфсизлик қўмитаси муфтият зиёратчилардан олинган юз миллион сўм (1 миллион 176 минг 470 доллар) маблағни молия ташкилотларига қарзга бериб, улардан ҳар ойда "фоиз олиб тургани"ни айтган.

Расмий билдирувда айтилишича: “Бу ноқонуний ҳаракат аниқланганидан сўнг диний идора раҳбарлари ишни босди-босди қилиш, терговни тўхтатиш учун Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимларига юз минг доллар пора таклиф қилишган. 9 февралда бу ҳолат юзасидан “Катта миқдорда пора бериш” айблови бўйича судгача тергов ўтказилиши Жиноятлар ва қонунбузарликлар ягона реестрида қайд этилди. Шу куниёқ муфтиятнинг бош ҳисобчиси Миллий хавфсизлик қўмитасининг ходимларига пора бераётганида қўлга олинди”.

Қўлга олинган шахс Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасида сақланмоқда, тергов ишлари олиб борилмоқда.

Муфтият матбуот котиби ҳозирча бу масалада матбуотга муносабат билдирмади. Муфтият суд ҳукми эълон қилинганидан сўнг ўз муносабатини билдиришини маълум қилди.

Қирғизистон Давлат дин комиссиясининг собиқ раиси Ақин Тўқталиев эса бу воқеага муносабат билдирар экан:

-Ҳаж мавсуми яқинлашаётгани ортидан муфтий лавозимини эгаллаш учун кураш бошланди. Қирғизистонга ҳаж учун 5500 квота берилади. Шунинг 500таси хориж давлатлари фуқароларига 5-10 минг доллардан сотилади,- деб айтди.

Унга кўра, бу жанжал ортида амалдаги президент Садир Жапаровнинг атрофидаги одамлар турган бўлиши эҳтимол.

Айтиб ўтиш лозимки, Ақин Тўқталиев 9 февраль куни президент фармони билан Қирғизистон Давлат дин комиссиясининг раиси лавозимидан бўшатилган.

Можароли истеъфолар

2010 йилнинг апрелида муфтий Муратали ҳожи Жумановни номаълум одамлар ўғирлаб кетган. Улар муфтийни қийноқларга солиб, катта миқдорда пул талаб қилгани хабар қилинган. Шундан сўнг у истеъфо беришга мажбур бўлган эди.

Унинг ортидан муфтий лавозимини вақтинча бажаришга Абдишукур ҳожи Нарматов, ундан кейин эса Суюн ҳожи Қулуев тайинланган. Охир-оқибат муфтий лавозимини Руслан ҳожи Жумағулов эгаллаган эди.

2010-2012 йилларда Қирғизистон мусулмонлари идорасини ҳозирда марҳум Чубақ ҳожи Жалилов бошқарди. Марказий Осиёдаги энг таниқли уламолардан бўлган Чубақ ҳожи турли босимлар ортидан истеъфо берганини эълон қилган эди.

Чубақ ҳожи Қирғизистон мусулмонлари диний идорасида амалга оширган ислоҳотлари билан эсда қолган.

Чубақ ҳожидан сўнг муфтий бўлган Раҳматулла ҳожи Эгамбердиев ўзи ҳақидаги “уятли” видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетганидан сўнг истеъфога чиққан эди.

Махсус хизматлар Раҳматулла ҳожи Эгамбердиев ва Чубақ ҳожи Жалиловга нисбатан Ҳаж мавсумидан тушган даромаддан солиқ тўлмаганлик айблови билан жиноят иши очган.

Чубақ ҳожи Жалилов бу орада вафот этган, Раҳматулла ҳожи Эгамбердиев эса Қирғизистондан қочиб кетган ва Қозоғистонда қўлга олинган.

2021 йилнинг 10 февралида истеъфо берган муфтий Мақсат ҳожи Тўқтўмушев эса “Таблиғи жамоат” оқимининг Қирғизистондаги лидерларидан бири экани айтилади. “Таблиғи жамоат” оқими Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда тақиқланган.