Қирғизистон парламенти депутатлари 4 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда ўзларига янги спикер сайладилар. Озодликнинг қирғиз хизмати хабарига кўра, спикерликка кўрсатилган Талант Мамитов номзодини овоз беришда иштирок этган 101 депутатдан 100 нафари ёқлаган, бир депутат қарши чиққан.
Т. Мамитов номзоди аввалги спикер Қанатбек Исаев бўлажак президент сайловида иштирок этиш ниятини билдириб, истеъфога кетганидан кейин илгари сурилган. Қ. Исаев уч ҳафта муқаддам спикерликка сайланганди.
Аввалроқ у президент Сооронбай Жээнбеков 15 октябрда истеъфога кетганидан кейин давлат раҳбари ваколатларини ўз зиммасига олишдан бош тортганди. Қ. Исаев ўшанда буни бутун диққат-эътиборини парламент фаолиятига қаратмоқчи экани билан изоҳлаганди. Шундан сўнг Қирғизистон президентининг ваколатлари бош вазир Садир Жапаровга ўтганди.
Қ. Исаев 13 октябрь куни парламент спикери лавозимида бор-йўғи бир неча кун ишлаганидан сўнг истеъфога чиққан Миқтибек Абдилдаевнинг ўрнига сайланган.
М. Абдилдаев октябрь ойи бошида Қирғизистонда рўй берган сиёсий норозиликлар тўлқини ортидан олдинги спикер Д. Жумабековнинг ўрнини эгаллаганди.
Чоршанба куни спикерликка сайланган Талант Мамитов амалдаги бош вазир ва президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаровнинг сиёсий маслакдошларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Аввалроқ С. Жапаров бўлажак президент сайловида иштирок этиш учун шу йил 14 ноябридан президентлик ваколатини топширишни режалаётганини айтган. Шундай бўлган тақдирда, давлат раҳбари ваколатлари парламент спикери Т. Мамитовга ўтади.