Қирғизистон пойтахтида коррупцияга қарши акция бўлиб ўтди

Бишкекдаги митинг «Бошдан бошла» ҳаракати ташаббуси билан ўтказилди.

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида юзлаб одам мамлакатда чуқур илдиз отган коррупцияга қарши чора кўрилишини талаб қилиб намойишга чиқди.

Намойишчилар Бишкекнинг асосий темир йўл вокзали ёнида тўпланиб, марказий Олатоғ майдонига қараб юрдилар.

Митинг иштирокчилари Бишкек суди АҚШ «қора рўйхати»га киритилган собиқ божхона мулозими Раимбек Матраимовни жарима қўллаб озод қилганини қораладилар.

АҚШ томонидан йирик коррупционер сифатида қора рўйхатга тиркалган Қирғизистон божхона хизмати раисининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимов 11 февраль куни Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди қарори билан 260 минг сўм (3 минг доллар) миқдорида жаримага тортилиб, суд залидан озод қилинди.

“Райим миллион” деган ном билан машхур бўлган собиқ амалдорнинг музлатиб қўйилган активлари, банк ҳисоблари ва мол-мулки унга қайтариладиган бўлди. Райимбек Матраимов судда коррупция бўйича барча айбловларни тан олди.

2020 йилнинг 9 декабрида АҚШ Молия вазирлиги Райимбек Матраимов жаҳондаги йирик коррупционерлардан бири сифатида “қора рўйхат”га киритилганини эълон қилган эди.

Ўша пайтдаги АҚШ давлат котиби Майк Помпео 10 декабрда Райимбек Матраимов ва унинг хотини Уулкан Тургунова “Магнитский рўйхати”га киритилганини расман эълон қилган.

Бишкекдаги митинг «Бошдан бошла» ҳаракати ташаббуси билан ўтказилди. Гуруҳ 2020 йилнинг октябрь ойидан бери ҳар якшанба куни Бишкек марказида тинч митингларни уюштириб келмоқда.