Қирғизистон президенти АҚШ ҳарбий базаси ташкил этилишига йўл қўйилмаслигини билдирди

Президент Садир Жапаров 23 октябрда Бишкекда матбуот анжумани ўтказди.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 23 октябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган анъанавий йиллик матбуот анжуманида мамлакатда АҚШ ҳарбий базаси ташкил этилишига йўл қўйилмаслигини билдирди.

Жапаровнинг айтишича, АҚШ базаси ташкил этиладиган бўлса Қирғизстон Вашингтон ва Москва орасида “мушук-сичқон ўйинини ўйнаб қолади”.

Президент ўз сўзида Қирғизистоннинг Қант шаҳрида Россия ҳарбий ҳаво базаси мавжудлигини эслатиб ўтди.

“Бизга битта хориж авиабазасининг ўзи етарли. Биз иккита базани ўз ҳудудимизга жойлаштириб, катта давлатлар билан “мушук-сичқон” ўйнашни хоҳламаймиз”,- деди Жапаров.

Вашингтон 2001 йилнинг декабрида Бишкек яқинига ўз ҳарбий ҳаво базасини жойлаштирган эди. Қирғизистон парламенти 2014 йилда АҚШ ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилди. Шундан сўнг АҚШ ҳарбийлари Қирғизистон ҳудудини тарк этган.