Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи Янги Йил табригида халқдан узр сўради

Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи парламент раиси Талант Мамитов.

Қирғизистон президенти вазифасини бажарувчи парламент раиси Талант Мамитов Янги Йил табригида пандемия даврида йўл қўйилган хатоликлар учун халқдан узр сўради.

“Ўлка президенти вазифасини бажарувчи сифатида пандемия давридаги воқеалар учун давлат номидан узр сўрайман. Пандемияга бирорта мамлакат, шу жумладан, биз ҳам тайёр эмас эдик. Афсуски, пандемия пайтида кўплаб ватандошларимизнинг, таниқли инсонларимизнинг ҳаётини сақлаб қола олмадик. Коронавирусдан қазо бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдираман”,-деди Мамитов.

Қирғизистонда 81 156 киши коронавирусга чалинган. Уларнинг 76 148 нафари соғайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусдан 1 356 киши ўлганини билдирган.

2020 йилнинг 4 октябрида ўтган парламент сайловлари ортидан бошланиб кетган норозилик намойишлари Қирғизистонда сиёсий инқирозга сабаб бўлган эди. Бу воқелар ортидан Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков истеъфо беришга мажбур бўлган.

Қирғизистонда муддатидан олдин президентлик сайлови 10 январда ўтказилади.