Президент Садир Жапаров ўз портретларини давлат идоралари ва иш кабинетларига илмасликни тавсия қилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Галина Байтерек маълум қилди.
“Президент Садир Жапаров ватандошларнинг ҳаёт фаровонлигини таъминлаш учун ҳозирча ҳеч нарса қилмадим деб ҳисоблайди. Шунинг учун президент барча давлат органларига ўз портретларини илмасликни тавсия қилди. Президент портрет илгиси келганларга Жусуп Абдрахманов, Исхак Раззаков каби мамлакатчиликни тиклашга, иқтисодий-ижтимоий ривожланишини таъминлашга ҳисса қўшган машҳур шахсларнинг портретларини илишни тавсия қилади”,-дейилади расмий билдирувда.
Қирғизистонда ўтган йили 4 октябрда ўтган парламент сайловлари натижаларига норози халқ куч билан ҳукуматни алмаштирди. Ўшанда 10 йиллик жазо муддатини ўтаётган Садир Жапаров қамоқдан чиқарилиб, 19 октябрда парламент уни вақтинча бош вазир лавозимига тасдиқлади.
Орадан бир неча кун ўтиб, президент Сўўрўнбай Жээнбеков истеъфо бергани ортидан Қирғизистонда муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказилди.
2021 йилнинг 10 январида ўтган сайловларда Жапаров 80% дан кўпроқ овоз олиб, президент этиб сайланди.