Қирғизистон собиқ президенти Атамбаевга чиқарилган аввалги суд ҳукми бекор қилинди

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев (қафас ичида ўртадаги) суд жараёни пайтида.

Қирғизистон Олий суди собиқ президент Алмазбек Атамбаев жиноят олами лидери Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний бўшатилишига алоқадорлиги тўғрисидаги жиноят ишини қайта кўриб чиқиш учун Бишкек шаҳар Биринчи Май туман судига қайтарди.

Адвокат Замир Жоошев 30 ноябрь куни Озодлик радиоси қирғиз хизматига Атамбаевни уй қамоғига чиқариш масаласини ҳам туман суди ҳал қилишини билдирди.

“Биз Олий суддан қуйи инстанция судларининг ҳукмларини бекор қилишни ва ишни қайта кўриб чиқишга жўнатишни илтимос қилганмиз. Олий суд бу илтимосимизни қаноатлантирди, аввалги суд ҳукмлари бекор қилинди ва иш қайта кўриб чиқиладиган бўлди”,-деди адвокат.

Жиноят олами лидери Азиз Батукаев 16 фил 8 ой қамоққа ҳукм қилинган эди. Лекин 2013 йилда у “ўлимга олиб келувчи оғир касалликка” чалинган деган асосда ноқонуний равишда қамоқдан озод қилинган эди. У қамоқдан чиққан куниёқ Чеченистонга махсус самолётда учиб кетган.

Батукаевнинг ноқонуний қамоқдан бўшатилишига оид жиноят иши 2019 йилнинг январида якунланиб, ўша йилнинг октябрида судга жўнатилган.

2020 йилнинг 23 июнида Бишкек шаҳар Биринчи Май туман суди собиқ президент Алмазбек Атамбаевни айбдор деб топиб, мол-мулкини давлат ҳисобига мусодара қилиш билан 11 йил 2 ойлик қамоққа ҳукм қилган.

Мазкур иш доирасида собиқ Бош прокурор Индира Жолдубаева ҳам айбдор деб топилган ва 5 миллион сўм жаримга тортилган.

Бундан ташқари, мазкур иш доирасида яна қатор юқори лавозимли амалдорлар айбдор деб топилиб, турли муддатларга қамалган.

Бишкек шаҳар суди 17 август куни туман судининг ҳукмини тасдиқлаган эди.