Жорий йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Қирғизистон ташқи ишлар вазири Руслан Қазақбаев бошчилигидаги делегация амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Ташриф дастурида қирғиз делегациясининг Ўзбекистон ҳукумати, Ташқи ишлар, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликларида ҳамда бошқа идораларда учрашувлар ўтказиши кўзда тутилган.
“Бўлажак музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ҳамда ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш режалаштирилган”, дейилади вазирлик хабарномасида.
Бу ўтган ойда Қирғизистонда ҳукумат алмашганидан кейин қўшни мамлакат расмийларининг Ўзбекистонга илк ташрифидир.
Қирғизистонда шу йил 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловидан кейин сиёсий бўҳрон вужудга келган. Сайлов натижаларини бекор қилиш талаби билан бошланган норозилик акциялари тартибсизликларга айланиб кетган.
6 октябрга ўтар кечаси намойишчилар президент аппарати ва парламент фаолият юритадиган “Оқ уй” ва ҳамда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси биносини эгаллаб олишган. Ўша тунда қамоқдаги қатор сиёсатчилар, шу жумладан 10 октябрь куни парламент томонидан бош вазирликка тасдиқланган Садир Жапаров ва бошқа маҳкумлар озод қилинган.
15 октябрь куни Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков норозилик акциялари қабатида истеъфога кетган, парламент спикери Қанатбек Исаев эса давлат раҳбари вазифасини бажаришдан бош тортган. Шу важдан президент ваколатлари ҳам Садир Жапаровга ўтган.
Пайшанба куни Тошкентга келаётган Қирғизистон ташқи ишлар вазири Р. Қазақбаев ҳамда у бошчилигидаги делегация бош вазир ва президент вазифасини бажарувчи С. Жапаров ҳукуматини тамсил этади.
Ўзбекистонга сафардан аввал Руслан Қазақбаев Қозоғистон ва Россия Федерацияси пойтахтларида бўлиб, у ердаги расмийлар билан мулоқотда бўлиб қайтган.