Қирғизистон-Тожикистон чегараси. Икки давлат фуқаролари бир-бирларини гаровга олди

Апрелдаги тўқнашувларда Қирғизистоннинг вайрон бўлган қишлоқларидан бири.

17 май куни Қирғизистон ва Тожикистоннинг чегара яқинидаги қишлоқларида икки мамлакат фуқаролари қўшни мамлакат фуқароларини ўзбошимчалик билан қўлга олган.

Ўша куни олиб борилган музокаралар ортидан қўлга олинган шахслар қўйиб юборилган.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг хабар беришича, Боткен вилоятидаги Оқсой қишлоғи турғунлари Тожикистоннинг уч нафар фуқаросини ҳибсга олиб, Қирғизистонга нима мақсад билган келганини аниқлаш учун полицияга топширган.

Айни пайтда тожикистонликлар Ворух орқали яйловдан қайтиб келаётган уч нафар Қирғизистон фуқаросини қўлга олган.

«Боткен ва Сўғд вилоятлари раҳбарлари ўртасида телефон орқали музокаралар ўтказилди ва икки вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарларига музокаралар ўтказиш бўйича кўрсатма берилди. Маҳаллий аҳоли билан ўтказилган учрашув ортидан ҳар икки томон ҳибсга олган фуқаролар қўйиб юборилди», - дея баёнот берди Боткен вилояти ҳокимлиги.

Дастлабки маълумотларга кўра, Тожикистон томонидан ҳибсга олинган Қирғизистон фуқаролари калтакланиб, касалхонага юборилган.

Жорий йилнинг 28 апрель – 1 май кунлари Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари ўртасида отишма содир бўлди. Тўқнашувларда Қирғизистонда камида 36 киши, Тожикистонда эса 19 нафар одам нобуд бўлди.