Қирғизистонда давлат кафолати остида 1 миллиард доллар қарз олиб, қарзини тўламаган корхоналар аниқланди

Иллюстратив сурат.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг Коррупцияга қарши кураш хизмати 1993-2002 йил оралиғида ҳукумат амалдорлари хориж банклардан давлат кафолати остида олган 1 миллиард доллар миқдоридаги қарзни ўзлаштириб олганини аниқлади.

Расмий баёнотда айтилишича, тергов натижасида “Қораболта тоғ-кон комбинати”, “Жибек Жолу”, “Жилдиз”, “Казкоммерцбанк”, “Қирғизпотребсоюз”, “Жанар”, “Чуй агросаноат компанияси”, “Ала-Тоо” меҳмонхона-ресторанлар комплекси, “Қирғиз Агробизнес”, “Буғдой” ширкатлари Қирғизистон ҳукумати кафолати остида умумий миқдори 1 миллиард доллар бўлган 40дан ошиқ лойиҳа бўйича қарз олган.

Давлат олтин заҳирасининг бир қисми бу қарз кафолати сифатида гаровга қўйилган. Бироқ олинган кредитлар Қирғизистонга етиб келмаган. Кредит олган ширкатлар хориж банклари билан келишган ҳолда пулларни учинчи давлатлардаги банк ҳисобларига ўтказиб, ўзлаштириб олишган.

Шундан сўнг қарз олган ширкатлар ўзларини банкрот деб эълон қилишган. Қарз берганлар эса давлат олтин заҳираси ҳисобидан ўз фоизлари ва улушларини олишган.

Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитаси мазкур ҳолат юзасидан “Коррупция” айблови билан жиноят иши очди.
Молия вазирлигининг билдиришича, Қирғизистоннинг ташқи қарзи айни пайтда 4 миллиард 100 минг долларни ташқил қилади.