Қирғизистонда сайловчиларга таҳдид қилингани тўғрисидаги маълумот текширилмоқда

Бишкекда сайлов арафасида ўтган пикетлардан бири.

Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси Қорасув туманида номаълум шахслар сайловчиларга таҳдид қилаётгани тўғрисидаги маълумотни текширишни бошлади.

Аввалроқ “Ялпи иш” нодавлат ташкилоти Ўш вилоятининг Қорасув туманида номаълум шахслар сайловчиларни 10 январда бўладиган президентлик сайловида Садир Жапаровга овоз беришга мажбурлаш учун турли таҳдидлар билан қўрқитаётгани ҳақида билдирган эди.

Марказий сайлов комиссияси “Ялпи иш” нодавлат ташкилоти ҳисоботида келтирилган бу маълумот урганилаётганини тасдиқлади. Комиссия бу ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага тергов ўтказиш илтимоси билан мурожаат қилган.

2020 йилнинг 4 октябрида ўтган парламент сайловлари ортидан бошланиб кетган норозилик намойишлари Қирғизистонда сиёсий инқирозга сабаб бўлган эди. Бу воқеалар ортидан Қирғизистон президенти Сўўрўнбай Жээнбеков истеъфо беришга мажбур бўлган.

Шундан сўнг 6 октябрь куни норозилар томонидан қамоқдан бўшатилган Садир Жапаров ҳукумат тепасига келганди. У 10 январда ўтказиладиган президентлик сайловидаги асосий номзодлардан бири.

Марказий сайлов комиссияси расмий сайтида билдирилишича, президентлик сайловида 18 номзод иштирок этади.