Қирғизистоннинг Боткен вилоят суди Тожикистоннинг икки фуқароси – Асқар Юнусов ва Абдурозиқ Қаххоровни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Озодлик радиоси тожик хизматининг ўз манбаларига таяниб хабар беришича, улар Қирғизистон Жиноят кодексининг “Тинчликка қарши жиноят” ва “Талончилик” моддалари асосида айбдор деб топилган.
Асқар Юнусов ва Абдурозиқ Қаххоров апрель-май ойларида Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги отишма пайтида қўлга олинган. Ҳозирча Тожикистон ҳукумати ўз фуқароларининг қамалиши юзасидан муносабат билдирмади.
Тожикистон-Қирғизистон чегарасида 28 апрелдан 1 майгача содир этилган қуролли тўқнашув пайтида қирғиз томонидан 36 киши, жумладан, 2 ёш бола ҳалок бўлган, 180 дан ортиқ киши яраланган. Жами 136 ҳовли-жой, бир нечта мактаб, болалар боғчаси ва бошқа ижтимоий объектларга ўт қўйилган.
Тожикистон томони эса тўқнашувда 19 киши ўлгани, 87 киши яраланганини билдирган. Мазкур ҳодисада томонлар бир-бирларини айблаган.