Қирғизистонда йирик Қумтор олтин конини бошқариш учун кураш авж олмоқда. Ҳукумат комиссияси кон бошқарувини Канаданинг Centerra Gold ширкатидан тортиб олишни таклиф қилди. Ширкат эса, ўз навбатида, Бишкек олтин конини қайта миллийлаштиришга уринаётгани учун судга мурожаат қилганини билдирди.
17 май куни Қирғизистон ҳукумати комиссияси раиси Ақилбек Жапаров комиссия конни Centerra Gold ишлатишига йўл очган битим «коррупция ҳамда хавфсизлик ва атроф-муҳит қоидалари бузилгани» учун бекор қилиниши керак, деган хулосага келганини айтди.
«Давлат комиссияси 1992, 2003, 2009 ва 2017 йилларда Қумторда фаолият юритиш бўйича имзоланган битимлар Қирғизистоннинг миллий манфаатларига мос келмаслиги, Қирғизистон давлат суверенитетини бузишга қаратилгани ва ўша пайтдаги Қирғизистон расмийларининг порахўрлиги асосида қабул қилинганини аниқлади», - деди Ақилбек Жапаров.
14 май куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров ҳукуматга Қумтор олтин конини вақтинча бошқариш ҳуқуқини берувчи қонун лойиҳасини имзолаганди.
Қонунга кўра, агар Қирғизистонда концессия асосида фаолият юритаётган ширкат экологик қоидаларни бузса, маҳаллий атроф-муҳитга ёки одамлар ҳаётига зарар етказса ёки хавф туғдирса, ёинки бошқа бирон бир йирик зарар етказса, ҳукумат уч ой муддатга ушбу ширкат назоратини ўз қўлига олишга ҳақлидир.
Бунинг ортидан конни 1992 йилдан бери ишлатиб келаётган Centerra Gold Бишкек устидан арбитраж судига мурожаат қилди.