Қирғизистонлик ҳуқуқ фаоллари Азимжон Асқаровнинг ўлими учун аввалги ҳукуматни ва Жазони ижро этиш давлат хизматини судга бермоқчи. Бу ҳақда Озодлик радиоси қирғиз хизматига 1 февралда “Бир дунё - Қирғизистон” ҳуқуқ ташкилоти раҳбари Тўлайкан Исмаилова хабар берди.
Унга кўра, Асқаровнинг қамоқда ўлгани юзасидан тергов ўтказиш талаби билан ҳуқуқ фаоллари Бош прокуратурага мурожаат қилган. Аммо Бош прокуратура бу илтимосни рад қилган ва бугунги кунда терговни Жазони ижро этиш давлат хизмати терговчиси олиб бормоқда.
“Терговни ҳозир Жазони ижро этиш давлат хизмати терговчиси ўтказяпти. Биз тергов натижаларини кутяпмиз. Шундан сўнг судга ариза киритамиз. Адвокатларнинг айтишларича, терговчи умуман бошқача хулоса чиқарган. Бизда мавжуд маълумотларда эса, уни ўлимига сабабчи бўлишган ва бу ҳақда қўлимизда фактлар бор. Қамоқхона маъмурияти инсон ҳуқуқларига риоя қилган эмас”,-деди Тўлайкан Исмаилова.
Унга кўра, ҳуқуқ фаоллари 2016 йилнинг май ойидан 2020 йилнинг 25 июлигача иқтидорда бўлган ҳукумат устидан судга ариза берилади. Мазкур ҳукумат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Асқаровни қамоқдан озод қилиш тўғрисидаги тавсиясини бажарган эмас.
69 ёшга тўлган Азимжон Асқаров 2020 йилнинг 25 июлида қамоқхонада пневмониядан вафот этган. У 2010 йилдаги июнь воқеаларида оммавий тартибсизликларни уюштириш ва одам ўлдиришда иштирок этганликда айбланиб умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
Азимжон Асқаров тириклик чоғида бу айбловларни тан олмаган. Ҳуқуқ фаоли жасади ўзининг васиятига биноан 31 июль куни Тошкентда дафн этилган.
Азимжон Асқаров Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида яшаб, инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган.
Жаҳондаги етакчи халқаро ташкилотлар (HRW, CPJ, Amnesty International ва б.) ҳамда ҳуқуқ фаоллари 10 йилдан буён қирғиз расмийларини А. Асқаров ишини қайта кўриб чиқиб, уни озод қилишга чақириб келганлар.
Европа парламенти депутатлари, АҚШнинг қатор сенаторлари Қирғизистон ҳукуматини сиёсий мотивлар асосида қамалган маҳкумлар, жумладан, Азимжон Асқаровни қамоқдан озод этишга чақиришган.
2015 йили Азимжон Асқаровга АҚШ Давлат департаментининг “Инсон ҳуқуқлари фаоли” мукофоти топширилган. Шундан сўнг қирғиз ҳукумати норозилик сифатида Вашингтон билан имзоланган ўзаро ҳамкорлик шартномасини бекор қилган эди.