Қирғизистоннинг янги сайланган президенти Садир Жапаров ўзининг биринчи давлат сафарини Россияга амалга оширади. Бу ҳақда 26 январь куни президент матбуот котиби Галина Байтерек маълум қилди.
“Айни пайтда сафарга тайёргарлик кўрилмоқда. Россия томони билан сафар кун тартибини аниқлаш бўйича иш олиб борилаяпти. “Россия Жапаровни қабул қилишга тайёр эмас” қабилида тарқатилаётган хабарлар асоссиздир. Жамоатчиликни бу каби ёлғон хаарларга ишонмасликка чақирамиз”,-деди Байтерек.
11 январь куни Садир Жапаров ўзининг биринчи хорижий сафарини Қозоғистондан бошлаши ҳақида қозоқ президенти расмий сайти хабар қилган эди. Хабарда айтилишича, қозоқ президенти Қосим-Жомарт Токаев телефон орқали Садир Жапаров билан гаплашган, уни президентлик сайловида ғалаба қозонгани билан қутлаган ва расмий сафар билан Қозоғистонга таклиф қилганди.
Хабарда Садир Жапаров Қозоғистон президентига ташаккур билдиргани ва биринчи сафари Қозоғистонга бўлишини айтгани маълум қилинган.
Садир Жапаров 10 январда ўтган президентлик сайловида 17 номзод орасида ғалаба қозонгани эълон қилинган. Уни қасамёдга келтириш маросими 28 январда ўтказилади.