Қозоғистон мудофаа вазири ўқ-дори омборидаги портлаш ортидан истеъфо берди

Қозоғистон мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев (чапда) ва Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу.

Қозоғистон президенти Касим-Жомарт Токаев 31 август куни мудофаа вазири Нурлан Ермекбаевнинг истеъфосини қабул қилди. Вазир мамлакат жанубидаги Жамбил вилоятидаги ҳарбий қисмда ўқ-дори омборида ёнғин чиққани ва портлашлар юз бергани ортидан ишдан кетиш ҳақида ариза ёзди.

Мудофаа вазири лавозимига Бош штаб бошлиғи генерал-лейтенант Мурат Бектенов тайинланди.

Озодлик радиоси қозоқ хизматининг сўнгги маълумотларга таяниб хабар беришича, ёнғин ва портлашда 15 киши ҳалок бўлган.

26 август куни Жамбил вилояти Байзақ туманидаги ўқ-дори омборида ёнғин ва портлаш юз берган эди. Дастлабки маълумотларда портлаш оқибатида 13 киши ҳалок бўлгани, бир неча ўн киши яралангани билдирилган.

Президент Касим-Жомарт Тоқаев 29 августни Жамбил вилоятидаги ўқ-дори омборида чиққан ёнғинда қурбон бўлганларнинг хотираси учун мотам куни деб эълон қилди.