Мустақиллигини нишонлаётган Қозоғистонда бир неча ўн фаол қўлга олинди

Қозоғистон. Полиция ходимлари норозилик акцияси ўтказиш режалаштирилган ҳудудни назорат қилмоқда. Чимкент шаҳри, 2019, 16 декабрь

Душанба, 16 декабрда Қозоғистоннинг бир қатор шаҳарларида бир неча ўн фаол қўлга олинди. Шу куни Қозоғистон шаҳарларида митинглар ўтказиш режаси ҳақида собиқ банкир ва Қозоғистон ҳукумати танқидчиси Мухтор Аблязов томонидан асос солинган, рўйхатга олинмаган “Қозоғистоннинг демократик танлови” (ҚДТ) ҳаракати эълон қилган эди.

16 декабрь - Қозоғистонда Мустақиллик куни. Ушбу сана қозоқ ёшлари Совет Қозоғистонига Кремль вакили Геннадий Колбин тайинланишига қарши чиққан Олмаотадаги оммавий намойишларнинг 33-йиллиги ва 2011 йили расмийлар нефтчиларнинг иш ташлашини куч билан бостирган, расмий маълумотларга кўра, 17 киши қурбон бўлган Мангистау вилоятининг Жанаозен шаҳридаги ҳодисаларнинг 8 йиллиги санасига тўғри келмоқда.​

Чимкент шаҳрида яшовчи Жаксилик Каировни 1986 йилги воқеалар қатнашчиси Кайрат Рискулбековнинг хотира доскасига гуллар қўйиш учун яқинлашган пайтда қўлга олишган. У ўзини ал-Фаробий тумани полиция бошқармасига олиб кетишаётганини хабар қилишга улгурди. Душанба куни эрталаб гуллар қўйиш жойига бориш йўлида чимкентлик Давлатбек Насиров ҳам ушланган.

Полициячилар, шунингдек, Қарағанда шаҳрилик Мурат Жимбаевни қўлга олишди. Участка нозирининг айтишича, Жимбаев полиция бўлимига “суҳбатга” чақирилган. Унга топширилган чақирув қозоғи муҳрсиз бўлган, деб хабар берди Жимбаев.

Олмаоталик аёл Айнур Мадина ишга кетаётган пайтда, душанба куни эрталаб ушланди. Ходимлар чақирув қоғозини унинг олдида тўлдиришган.

Душанба куни эрталабдан алматилик фаол Курал Медеуов Facebook’ даги саҳифасида ёзишича, унинг ҳузурига полициячилар келиб, қўлга олишган.

Ҳуқуқ фаоли Сахиб Жанабаеванинг хабар беришича, Олмаотада Багила Нургалиева, Мадина Хабибулла ҳамда 2006 йилдан бери “Шанирак иши” (2006 йил 14 июлда Алмати яқинидаги мавзеда маҳаллий аҳоли уйларнинг қурилишини ноқонуний қурилиш сифатида бузиб ташламоқчи бўлган расмийларга қаршилик кўрсатишган) бўйича 18 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган шоир ва диссидент Арон Атабекнинг иниси Рашид Хабибулла қўлга олинган.

Эрталаб Уральск шаҳрида ҳам маҳаллий “Уральская неделя” газетасининг муҳаррири Лукпан Ахмедьяров ушланди. Уни номаълум жиноят иши бўйича “гувоҳ сифатида сўроқ қилиш учун” участкага олиб кетишган.

Озодликнинг Чимкентдаги мухбири Дилара Исанинг хабар беришича, душанба куни эрталабдан бошлаб икки номаълум шахс унинг ортидан кузатмоқда. Мухбир йўналишли автобусда улардан бири уни телефонига суратга олаётганини кўрган. Унинг яна хабар беришича, эрталабдан телефон рақамига номаълум рақамлардан кўплаб қўнғироқлар келиб тушмоқда.

Якшанба куни эрталабдан қатор минтақаларда фаоллар кузатув ва қўлга олишлар ҳақида хабар берди. Ақтўбе шаҳрида полициячилар бир неча маҳаллий фаолларнинг уйларига бориб, уларга бўлинмага душанба куни бориш талаби битилган чақирув қоғозини топширишган.

Якшанба куни Бош прокуратура расмийлар билан келишилмаган акцияларда иштирок этиш жавобгарлиги ҳақида эслатма билан чиқди. Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланадиган гуруҳлар томонидан танқидга учраган амалдаги қонунчиликка кўра, фуқаролар норозилик ўтказиш учун маҳаллий ҳокимиятдан рухсатнома олиши керак.

16 декабрь куни Олмаотада митинг ўтказиш нияти ҳақида «Oyan, Qazaqstan» фуқаровий ҳаракати ҳам баёнот берган бўлиб, унинг фаоллари митинг эҳтимоли арафасида босимга учраганликларини хабар қилишди.

Мухтар Аблязов асос солган ҳаракат Қозоғистонда таъқиқланган. 2018 йилда суд Қозоғистон бош прокуратурасининг сўровига кўра, ҚДТни “экстремистик” деб эълон қилган. 2009 йилдан бери хорижда истиқомат қилаётган Аблязов бу қарорга қарши. 2019 йилнинг март ойида қабул қилинган Европарламентнинг Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти тўғрисидаги резолюциясида ҚДТ “тинч мухолиф ҳаракат” деб эътироф этилган.

16 декабрда Нур-Султон ва Олмаотадаги марказий майдонларда ташкил этилаётган расмий маросимлар хавфсизлик чоралари кучайтирилган шароитда ўтказилмоқда.