Давлатга "$261 млн. зарар етказган" "Қазатом" собиқ раҳбари муддатидан аввал шартли озод қилинди

«Казатомпром» компаниясининг собиқ раҳбари Мухтор Жакишев.

3 мартда Қозоғистоннинг Семей шаҳар суди 2009 йилдан бери коррупция айби билан 14 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган «Казатомпром» компаниясининг собиқ раҳбари Мухтор Жакишевнинг муддатидан аввал озод қилиш ҳақидаги даъво аризасини қаноатлантирди. Ҳуқуқ ҳимоячилари ва тарафдорлари Жакишевнинг қамалиши ортида сиёсий мотивлар борлигини айтиб келади.

Суд даъвони учинчи марта берилишида қаноатлантирди. Мухтор Жакишевнинг шартли равишда муддатидан илгари озод этишни сўраб аввал ёзган иккита аризаси рад этилган эди. Суд ҳар икки рад жавобини Жакишев 996 миллиард тангага (261 миллион доллар) тенг “зиённи қопламагани” билан изоҳлаган.

Бугун судда ҳозир бўлган Жакишевнинг ўнлаб тарафдорлари қарорни хурсандчилик билан кутиб олишди. Қарор ҳозирча қонуний кучга кирмади. Жакишевнинг 15 кундан кейин, агар шу вақт ичида прокурор апелляция норозилигини киритмаса, озодликка чиқиши кутилмоқда.

Жакишевнинг адвокати Нурлан Бейсекеев даъвони қўллаб-қувватлашга оид асосларни қайд этар экан, унинг ҳимоясидаги бугунги кунгача жазо муддатининг деярли ярмини камера туридаги шароитда – миллий хавфсизлик қўмитасининг тергов изоляторида ва ИИВнинг жиноий ижро тизими қўмитасининг вақтинча изоляторида ушлаб турилганини айтди.

«2020 йилнинг 3 мартигача Жакишев 10 йилу, 9 ой, 18 кун озодликдан маҳрум этиш жойида бўлиб, бу вақтнинг 5 йил, 1 ой ва 4 кунини МХҚ ва ИИВ нинг жазони ижро этиш қўмитаси Тергов изоляторида камера шароитида, қолган 4 йил, 1 ой, 15 кунини Остона шаҳридаги миллий хавфсизлик қўмитасининг тергов изоляторида ўтказди, — дейди Бейсекеев судда сўзга чиқар экан. Адвокатнинг қўшимча қилишича, ҳимоясидаги шахснинг соғлиги “у қамоқда ўтирган пайтда тегишли тиббий даволаш хизмати кўрсатилмаганидан ” далолат беради.

Судда иштирок этган прокурор суддан даъво аризани рад этишни сўради. Прокурорнинг сўзларига кўра, етказилган зарарни қоплаш бўйича “суд қарори асосида пул ундирилмагани”, шунингдек, тиббий хулосада келтирилган “касаллик маҳбусни жазони ўташдан озод қилишга имкон берадиган касалликлар рўйҳатига кирмаслиги” даъвони рад этишга асос бўлади.

Прокурорнинг чиқишидан кейин ишни кўраётган судья Жанат Абенова қарор чиқариш мақсадида суд маслаҳатлашув хонасига киришини эълон қилди. Абенова қарорни бир неча дақиқадан кейин ўқиб эшиттирди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари охирги бир неча йил давомида, уларнинг маълумотига кўра, Мухтор Жакишевнинг саломатлиги ёмонлашгани ҳақида гапирмоқдалар. 2018 йилнинг майида Жакишевга ногиронлик гуруҳи берилди.

Семей шаҳридаги ОВ-156/14 колониясида сақлаётган Мухтор Жакишевнинг ўзини судга келтиришмади. У суд ишида видеоконференц-алоқа орқали иштирок этди.

Унинг бу даъвосини суд норозилик акцияси иштирокчиси, пойтат яқинидаги уйидан олиб кетилганидан бир кун ҳам ўтмай қамоқда сирли равишда ҳалок бўлган фаол Дулат Агадил ўлими текширилишини талаб қилаётган шаҳардаги норозилик чиқишлари манзарасида кўриб чиқди.

Ўтган йили Қозоғистон шаҳарларида Мухтор Жакишевни дастаклаган норозилик чиқишлари юз берган бўлиб, унинг иштирокчилари расмийларни миллий компаниянинг собиқ раҳбарини озод қилиш ва бошқа одамларни сиёсий маҳбуслар рўйхатидан чиқаришга чақирдилар.

Қозоғистондаги қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Мухтор Жакишев сиёсат билан шуғулланмаган бўлсада, 2013 йили уни сиёсий маҳбус деб тан олишган эди. Жакишев, ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, 2009 йилдан бери хорижда истиқомат қилаётган қозоқ расмийларининг ашаддий танқидчиси Мухтор Аблязов билан азалий дўстлиги туфайли таъқибга учраган.

Халқаро ташкилотлар бир неча бор Қозоғистонни Жакишевни озод қилишга чақиришган. 2015 йили инсон ҳуқуқлари бўйича БМТ қўмитаси ҳукмни бекор қилиш зарурлигини ва Жакишевга адолатли очиқ суд ҳуқуқи таъминланмаганлиги ҳақида баёнот берган.