Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Қозоғистон ҳукумати ва Тожикистон ҳукумати ўртасида имзоланган беминнат ҳарбий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини билдирди.
Мудофаа вазирлиги расмий билдирувида таъкидланишича, икки давлат ўртасида мазкур шартнома жорий йилнинг 17 апрелида имзоланган.
Шартномага асосан Қозоғистон Тожикистонга 5,45 миллиметр калибридаги уч миллионга яқин ўқни, 23 миллиметр калибридаги 20 мингта ўқни ва минемёт учун 10 мингта 82 миллиметр калибридаги ўқ-дорини беминнат ёрдам сифатида туҳфа қилади.
Бу ҳарбий ёрдамни Қозоғистон ўз маблағи ҳисобига темир йўл орқали Жамбил вилоятининг Ўтар станциясидан Тожикистоннинг Душанбе шаҳридаги Рохати станциясигача етказиб беради.
Қозоғистон Мудофаа вазирлиги ҳудди шунга ўхшаш шартнома жорий йилнинг 2 мартида Қирғизистон ҳукумати билан ҳам имзоланганини билдирди.
Мудофаа вазирлиги баёнотида мазкур икки давлатга кўрсатилаётган беминнат ҳарбий ёрдам Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара низоларининг ривожланишига кўмаклашиш мақсадида амалга оширилмаётгани алоҳида таъкидланади.
28,29,30 апрель ва 1 май кунлари қирғиз-тожик чегарасида содир этилган тўқнашувда Қирғизистон томонидан 36 киши ҳалок бўлиб, 154 киши жароҳат олган, Тожикистон томонидан эса 19 киши нобуд бўлиб, 87 киши яраланган эди.
Можарода икки мамлакат вакиллари бир-бирларини айблаб чиққанлар, Қирғизистон билан Тожикистон прокуратура идоралари эса бир-бирларининг фуқароларига қарши оғир моддалар бўйича жиноят ишлари очишган.