Қозоғистон: Тоқаев вазирларга лотин алифбоси устида ишлаш бўйича топшириқ берди

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 9 ноябрь куни Нур-Султонда ўтказилган мажлисда мутасаддиларга лотин ёзувига асосланган қозоқ алифбосининг янги вариантини яратиш ҳақида топшириқ берди. Мазкур алифбо 2025 бориб кирилл ёзувига асосланган амалдаги алифбонинг ўрнига келиши керак.

Қозоғистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, Тоқаев маданият вазири Ақтота Райимқулова ва таълим вазири Асхат Аймағамбетовдан алифбо бўйича мутахассислар билан бирга ишлаб, ўз ишларини мазкур масала билан шуғулланувчи миллий комиссияга тақдим этишни сўраган.

2017 йил апрелида ўша пайтдаги президент Нурсултон Назарбоев 2025 йилга бориб Қозоғистондаги барча босма нашрлар, ҳужжатлар ва кўча белгилари кирилл ёзувидан лотин ёзувига ўтказилишини эълон қилган. Бунга оид фармон Назарбоев томонидан ўша йил октябрида имзоланган.

Бу қадам қозоқ маданиятининг ўзига хослигини урғулаш ҳамда мамлакатнинг Россия ва совет давридан масофаланиш ҳаракати ўлароқ қабул қилинган.

Экспертлар лотин ёзувига асосланган камида алифбонинг камида иккита вариантини тақдим этганлар, бироқ ҳали улардан бирортаси ҳам тасдиқланган эмас.

Ўтган йил мартида Назарбоев истеъфосидан кейин президентлик курсисини эгаллаган Тоқаев қозоқ тили табиатига мувофиқ бўлган лотин алифбосини ишлаб чиқиш бўйича қўшимча ишлар амалга оширилиши зарурлигини билдирган.

1929 йили расмийлар Совет Иттифоқида мусулмон озчиликлар томонидан фойдаланиб келинган анъанавий араб алифбосини лотин алифбоси билан алмаштирганлар.

1940 йили эса лотин алифбоси рус тилида қўлланиладиган кирилл алифбосига алмаштирилганди.