Қозоғистондаги Биологик хавфсизлик муаммолари илмий тадқиқот институтининг билдиришича, мамлакатда коронавирусга қарши маҳаллий QazCoVac-P вакцинасининг клиник синовлари бошланди. Клиник синовнинг биринчи ва иккинчи босқичлари Тараздаги кўп тармоқли шаҳар касалхонасида ўтказилади. Синовда 18дан 50 ёшгача бўлган кўнгиллилар иштирок этади.
Институт синовда қанча киши қатнашиши тўғрисида маълумот бермади. Расмий билдирувда айтилишича, вакцина клиник синовларга қадар бўлган жараёнда “самарали эканини кўрсатган”.
26 апрелда Қозоғистон клиник синовларнинг учинчи босқичи якунланмай туриб, ўзи ишлаб чиққан QazVac (ҳозирда Qaz-Covid-in бренди билан танилган) вакцинаси билан аҳолини оммавий эмлашга рухсат берган эди. Бу вакцина ҳам Биологик хавфсизлик муаммолари илмий тадқиқот институти томонидан ишлаб чиқарилганди.
Ўшанда Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги QazVac 96 фоиз самара кўрсатганини иддао қилган. Бироқ шу кунгача мазкур вакцина синови тўғрисидаги бирорта маълумот илмий журналларда нашр этилмаган.