Қозоғистонда Россиянинг коронавирусга қарши вакцинасини ишлаб чиқариш бўйича завод қурилади. Бу ҳақда президент Қасим-Жомарт Тоқаев 16 ноябрь куни ҳукумат аъзолари ва бошқа мутасаддилар билан ўтказилган йиғилишда билдирган.
Россия вакцинасини ишлаб чиқарадиган завод қурилиши ҳақида президент Путин билан келишувга эришилганини айтган Тоқаев Қозоғистон ҳукумати бу муҳим лойиҳага инвестициялар жалб қилиш бўйича музокараларни бошлаб юборганини қайд этган.
Қозоғистон президенти бу ерда ҳукуматнинг энг муҳим вазифаси маҳаллий вакцина ишлаб чиқаришни пайсалга солмай, йўлга қўйиш эканини урғулаган.
Тоқаев ўз сўзида айнан қайси вакцина ҳақида кетаётганига аниқлик киритмаган. Россияда коронавирусга қарши клиник синовнинг учинчи босқичи тугалланмаган икки вакцина рўйхатга олинган. Булар Гамалея номидаги Эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган “Спутник V” ҳамда Новосибирскдаги “Вектор” маркази томонидан ишлаб чиқилган “ЭпиВакКорона” вакциналаридир.