Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев “Афғонистондаги ўзбек диаспораси учун синовли кунлар бошланди”, деб ҳисоблайди.
Афғонистондаги сўнгги воқеаларга Тожиев томонидан билдирилган муносабат ЎзАда 16 август куни эълон қилинди.
“Афғонистондаги ўзбек диаспораси учун синовли кунлар бошланди. Толибоннинг ўзаги пуштун қабиласи эканлигини назарда тутсак, шундоқ ҳам Афғонистонда жуда нозик ва қалтис масала ҳисобланган ички этник муносабатлар янаям таранглашади. Ўзбекистон эндиликда хориждаги этник ўзбеклар манфаати учун ҳам музокараларга кириши эҳтимоли юқори”,-деб ёзди Тожиев.
Унга кўра, бундай вазиятда Ўзбекистон ўз хавфсизлигига “заррача ҳам раҳна туғдирмаслик” учун “гуманистик кўмаклар, қочоқларга ёрдам кўрсатиш” позициясини сақлаб қолиши зарур.
“Бу борада Ўзбекистон ҳукумати халқаро ҳуқуқ нормаларига изчил амал қилишига қатъий ишонаман”,-дейди Тожиев.
15 август куни Толибон Афғонистон пойтахти Кобулни эгаллади. Президент Ашраф Ғани мамлакатни тарк этди.