Қуддусдаги Ал Ақсо масжиди яқинида фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувларда камида 26 фаластинлик ҳалок бўлди, улардан 9 нафари ёш бола. Исроил ҳарбий самолётларининг бомбардимони оқибатида яна 120 фаластинлик яраланди. Бу ҳақда Ғазо минтақаси соғлиқни сақлаш мутассадилари маълум қилди.
Айни пайтда Исроил Ғазо секторидан ХАМАС гуруҳи отган ракеталар оқибатида икки яҳудий ҳалок бўлгани, камида 10 киши яралангани ҳақида билдирди.
ХАМАС баёнотида айтлишича, ташкилот “Ал Ақсо масжидини Исроил агрессиясидан ҳимоя қилиш учун ракеталар отган”.
Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҲАМАС Қуддусга ракета отиб “қизил чизиқ”дан чиққанини ва Исроил бу ҳужумга “муносиб жавоб қайтариши”ни билдирди. Сўнгги хабарларга кўра, Исроил Мудофаа вазирлиги Ғазо минтақаси билан чегарадош ҳудудларга 5 мингта қўшимча ҳарбийни жалб қилган.
Ўз уйларини яҳудийлар тортиб олаётганига норозилик билдираётган фаластинликлар ва Исроил полицияси ўртасида Ал Ақсо масжиди яқинида бошланиб кетган тўқнашувлар уч кундан бери давом этмоқда.