Қум бўронидан сўнг Тошкентга чўккан чанг таркибида оғир металлар, тузлар, инсон саломатлиги учун хавфли пестицидлар мавжуд эмас, деб хабар берди 9 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги.
Расман билдирилишича, вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази ва Фанлар Академияси Биоорганик кимё институти олимлари чанг таркибини ўрганиб чиқди.
Чанг таҳлили учун намуналар Олмазор тумани “Беруний” метро бекати ва Мирзо Улуғбек туманининг “Академ шаҳарчаси” худудларидан олинди.
Чанг намуналири Германиядан келтирилган илғор замонавий технологиялар воситасида текширилган.
“Натижалар шуни кўрсатадики, чанг ҳажми 5 микронгача бўлиб, бу катталикдаги чанг зарралари анча зарарсиздир”,-дейилади билдирувда.
Вазирлик ўз расмий баёнотида президент Шавкат Мирзиёев: “Бу чанг бизга яқин хориж давлатларидан келган. Лекин бу ходисанинг ўзи ундан сабоқ чиқариш учун етарли”,-деб айтганини эслатиб ўтган.
4 ноябрь куни Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрида бошланган кучли қўм бўрони Тошкент шаҳрига ҳам етиб келган эди. Ўшанда мамлакатнинг энг йирик шаҳри бўлган Тошкентда маҳаллий вақт билан соат 21:00 ва 23:00 орасида чанг миқдори рухсат этилган меъёрдан 30 баробаргача кўтарилгани қайд этилди.
Шу куни пойтахт ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича дунёда биринчи ўринга чиқди.