Қўқонда 5-"Вақф чорсу" маҳалласида яшовчи бир гуруҳ аёллар газ ва электр энергияси берилишни талаб қилиб йўлни тўсиб қўйгани ортидан шаҳар ҳокимияти мазкур маҳаллага суюлтирилган газ ва арзон нархда кўмир етказиб берилишини ўз назоратига олди.
Қўқон шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг билдиришича, Қўқон шаҳар ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ 5-"Вақф чорсу" маҳалласидаги вазиятни ўрганди.
Ҳоким норозиларга Қўқонда, жумладан, 5-"Вақф чорсу" маҳалласида табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида янги газ тақсимлаш станцияси барпо этилаётгани ва йил оҳиригача фойдаланишга топширилишини тушунтирган.
“Тез кунларда ишга тушадиган янги ГТС юқори босимли қувурдан тўғридан-тўғри табиий газ қабул қилиш имконини беради. Натижада 5-"Вақф чорсу" маҳалласида табиий газ таъминоти яхшиланади”,-дейилади расмий хабарда.
Хабар давомида маҳаллага арзон нархларда кўмир ва суюлтирилган газ етказиб берилаётгани, бу ишларнинг олиб борилиши алоҳида назоратга олингани таъкидланган.
28 декабрь куни Озодлик Қўқонда бир гуруҳ хотин-қизлар газ ва электр қуввати йўқлиги сабаб шаҳар ҳокимияти олдидаги йўлни тўсгани тўғрисида хабар берганди.
Айни пайтда Ўзбекистон бўйлаб электр ва газ тақчиллиги давом этаётгани ҳақида кўплаб хабарлар келмоқда.
Жумладан, Озодлик радиоси 26 декабрь куни Сурхондарё вилояти, Музработ тумани, “Оби ҳаёт” маҳалласи аҳли 2 соат давомида Музработ-Ангор йўлини тўсиб қўйганидан сўнг маҳаллага электр энергияси берилгани тўғрисида ёзган эди.
16 декабрда Навоий вилояти Кармана тумани Калавот маҳалласи аҳолиси катта автомобиль йўлни тўсиб қўйганидан сўнг маҳаллага электр берилди.
10 декабрда Бухоро вилоятининг Бухоро ва Қоракўл туманларида газ таъминотидан норози аҳоли магистрал йўлни тўсиб қўйишидан бир кун ўтиб, ушбу туманларда газ таъминоти қисман тиклангани айтилди.