Қўқон шаҳар суди 27 ёшли Икром Ҳасановни (исм-фамилияси ўзгартирилган) ақидапарастлик ғояларини тарғиб қилувчи материалларни тарқатганликда айбдор деб топди. Суд ҳукми билан у 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.
ЎзАнинг хабар беришича, судланувчи “қонун талабларига зид ғояларни бошқалар онгига сингдиришга қаратилган қилмиши аслида диний ақидапарастлик ва терроризм ғояларини одамлар орасига ёйишдан иборат қабиҳ жиноят эканини англамади”.
Икром Ҳасановнинг уйи тинтув қилинганида 1672 дона файлда турли диний материаллар сақлангани аниқланган. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита экспертлари бу диний материалларни “ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган”, деб хулоса берган.
28 январь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Жазони ижро этиш бош бошқармаси Тарбиявий ва ижтимоий психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи, подполковник Жамшид Султонов Ўзбекистонда диний эътиқоди боис жазо ўтаётганлар борлигини рад этган эди.