Президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ёшлар масаласига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевга жойларда ҳар 10 гектар экин еридан 1 гектарини ёшларга деҳқончилик учун ажратиш тўғрисида буйруқ берди. Президент матбуот хизматининг билдиришича, ҳукумат тез орада мазкур тартибни жорий этиши лозим.
Йиғилишда президент ёшларни иш билан таъминлашда деҳқончилик катта аҳамиятга эга эканини айтди.
Президентга кўра, ўтган йили ер ажратилишини сўраб мурожаат қилган 14 минг ёшдан фақат 3 минг нафарига ер берилган.
“Ҳар бир фермер 2 гектардан ерини ярим гектардан қилиб, 4 нафар ёшларга бўлиб берсин. Улар бу ерга истаган экинини эксин, ҳеч ким аралашмайди”, — деди президент.
Шунингдек, қудуқлар қазиб, захира ерларни ёшларга фойдаланиш учун бериш, томорқада лимончилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик қилишлари учун кредитлар ажратиш юзасидан кўрсатмалар берилди.