Ҳарбий жиноятларга оид айбловлар ортидан Косово президенти истеъфога кетди

Ҳошим Тачи

Жаҳон мамлакатлари томонидан қисман тан олинган Косово республикаси президенти Ҳошим Тачи 5 ноябрь куни ўз истеъфосини эълон қилди. У мазкур қадамга Косово бўйича Ҳаагадаги махсус прокуратура 1998-1999 йилларда собиқ Югославияда бўлиб ўтган қуролли тўқнашувлар чоғида ҳарбий жиноятларни содир этиш юзасидан Тачига қарши айбловларни тасдиқлагани ортидан борди.

Пайшанба куни Приштинада бўлиб ўтган матбуот анжуманида истеъфога чиқишини эълон қилган Тачи ўзига қўйилган айбловларни рад этди. Аввалроқ Косово президенти, прокуратура унинг айбдор эканига оид иддаони маъқуллаб туриб олса, истеъфога чиқишга ваъда берган.

Президент вазифасини парламент спикери бажариб туриши кутилмоқда.

Куни кеча Приштинада Европа Иттифоқининг қонунийликка риоя қилиш бўйича хавфсизлик миссияси кучлари кўмагида Косово парламентининг собиқ спикери Ёқуб Красничи ушланганди. У ҳам Ҳаага махсус прокуратураси сўрови асосида қўлга олинган.

Ҳаагадаги махсус прокуратура Тачи, Косово парламенти собиқ раиси Қадри Весели ва яна бир неча арбобга қарши айбловларни шу йил июнида илгари сурган. Улар Косоводаги қуролли тўқнашувлар чоғида ёки ундан кейин юзга яқин кишининг қатл этилиши ҳамда одамларнинг ўғирланиши, таъқиб этилиши ва қийноққа солинишига алоқадорликда гумонланмоқдалар. Тергов қайдича, жиноят қурбонлари турли этник гуруҳларга мансуб кишилар, жумладан косоволик албанлар, серблар ва лўлилар бўлган. Қурбонлар рўйхатига сиёсий рақиблар ҳам қўшилган, дея қайд этган Озодликнинг Болқон хизмати.

Тачи ва Весели Косовони озод қилиш армияси раҳбариятига киришган. Косоволик албанларнинг бу ҳарбий бирлашмаси 1990 йиллар охирларида қуролли йўл билан Югославиядан мустақилликка эришишга ҳаракат қилган. Серб полицияси ва Югославия армиясининг бу исёнчи бўлгадаги амалиётлари инсон ҳуқуқларининг оммавий равишда бузилиши қабатида ўтказилган. Зиддиятга 1999 йил баҳорида НАТО кучлари аралашиши ортидан Белград Косово ҳудуди устидан назоратни бой берган, вилоятга халқаро тинчликпарвар кучлар киритилган. 2008 йили Косово мустақиллигини эълон қилган. Мамлакат жаҳондаги мамлакатларнинг қарийб 60 фоизи томонидан тан олинган. Косово мустақиллигини Сербиядан ташқари Россия, Хитой ва Европа Иттифоқига кирган қатор давлатлар, шу жумладан Испания ва Словакия тан олмаган.

Косово билан Сербия яқинда (Белград томонидан Приштина мустақиллигини расман тан олиш шартисиз) АҚШ воситачилигида савдо-иқтисодий алоқаларни нормаллаштириш ҳақида келишиб олган.

Тачига қарши айбловлар 2015 йили тузилган Косово бўйича махсус халқаро трибунал томонидан ўрганилади. Бунга Европа кенгаши парламент ассамблеясининг бир неча йил муқаддам ёйинланган ҳисоботи сабаб бўлган. Ҳисоботда Косовони озод қилиш армияси аъзолари 1990-йиллар охири ва 2000-йиллар бошларида содир этилган наркотик савдоси, одам ўғирлаш ва ўлдириш дохил оғир жиноятларга алоқадор бўлгани иддао қилинган.