Таҳдидларга қарамай, Мьянмада ҳарбий тўнтаришга қарши 22 февраль куни бутун мамлакат бўйлаб ўтган норозилик намойишларида ўн минглаб одам қатнашди.
Қуролли куч ишлатиш таҳдиди ўтган ҳафтадаги намойишларда уч нафар иштирокчи ўлдирилиб, яна бир аёл ўқ отар яралардан вафот этганидан сўнг янгради.
Вашингтон 21 февраль куни Мьянма ҳарбийларини қатъий чоралар кўрилишидан огоҳлантирди.
1 февраль куни Мьянма ҳарбийлари давлат тўнтаришини амалга ошириб, сайланган президент Аун Сан Су Чжини ҳибсга олинганидан бери мамлакатда норозилик намойишлари тинчимаяпти.
Фуқаровий бўйсунмаслик кампанияси ҳукумат, тадбиркорлик ва банклар фаолиятини ишдан чиқармоқда.
Ҳарбийлар ҳукумати 21 февраль кечаси ўзининг энг кескин огоҳлантиришини берди
“Намойишчилар фуқароларни, айниқса ёшларни, йўлдан уриб, ўлим билан тугайдиган зиддиятларга сабаб бўлмоқда”, дейилади давлат тасарруфидаги MRTV телеканали орқали билдирилган баёнотда.
Куч ишлатиш таҳдидларига қарамай, ўн минглаб намойишчилар 22 февраль куни мамлакатнинг энг йирик шаҳри ва тижорат маркази бўлмиш Янгонда норозилик акцияларини ўтказган.
Пойтахт бўлмиш Нейпьидода ҳам минглаб одам намойишларга чиққан. Мийтикина ва Дэвей каби шаҳарларда ҳам йирик митинглар бўлиб ўтган.