Ҳафта ўртасидан Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати -15 даражагача пасайиши кутилмоқда

Жорий йилнинг 18-20 ноябрь кунлари Ўзбекистонда об-ҳаво кескин совиб кетиши мумкин. “Ўзгидромет” матбуот хизматига кўра, бунга Уралбўйидан Ғарбий Қозоғистон орқали кириб келаётган жуда совуқ антициклон сабаб бўлади.

Қайд этилишича, чоршанба-жума кунлари республиканинг барча жойларида ёмғир ва қор ёғиши, ҳарорат кечалари -8 -13° даражагача, шимолда -10 -15° даражагача, кундуз кунлари -0 -5° даражагача пасайиши кутилмоқда.

“Ўзгидромет” 18-19 ноябрь кунлари А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг Қамчиқ довони қисмида вақти-вақти билан кучли қор ёғиши, туман тушиб, кўринувчанлик 50 м гача пасайиши, шамол тезлиги секундига 17-22 м гача кучайиши, йўлда қор уюмлари, яхвонлик ҳосил бўлишидан ҳам огоҳлантирган.

Ўзбекистонда ҳар йили ҳаво ҳарорати совиши ортидан аҳолини электр ва газ таъминлаш масаласида муаммолар юзага келиб туради. Ҳарорат пасайиши дала ишларини якунига етказишга улгурмаган фермерлар учун ҳам қатор қийинчиликлар туғдириши мумкин.