Президент Шавкат Мирзиёевнинг исломга нисбатан бирмунча либерал сиёсати ҳамда Афғонистоннинг толиблар томонидан босиб олиниши Ўзбекистонда исломийлашув кучайишига олиб келдики, бу кўпчиликни, жумладан, қисқариб бораётган рус миллатига мансуб аҳолини безовта қилмоқда.
Сергей Ўзбекистон шарқидаги Наманганда катта бўлган; узоқ йиллар совет ҳокимияти остида бўлганига қарамай, мусулмон урф-одатлари яхши сақланган ушбу шаҳар Марказий Осиёнинг ёмон довруғ қозонган икки йирик жиҳодчиси туғилган жой ҳисобланади.
1980-йилларда Сергей мактабда ўқир ва ёш коммунист бўлишга тайёрланар экан, унга бозорга боришни ва ўзбек аёлларининг бошидан ёпинчиғини сидириб олишни буюришади.
Исломий кийинишга қарши қаратилган давлат кампанияси аёлларнинг таълим олиши ва иқтисодий мустақил бўлишига кўмаклашиш чора-тадбирлари билан уйғун тарзда олиб борилди. Бу ишларни “Шарқ аёлининг уйғониши” деб номладилар.
“Кўп тўполонлар, норозилик чиқишлари бўлди, – дейди ҳозирда китоб дўкони очган Сергей. – Аммо аёллар яна ёпинади, деб сира ўйламагандим”.
Бироқ орадан тахминан қирқ йил ўтиб, ушбу либослар қарийб 36 миллионлик нуфус салмоғи билан Марказий Осиёнинг аҳоли энг тиғиз яшайдиган мамлакати бўлмиш Ўзбекистонда рўй бераётган жадал исломийлашувнинг энг ёрқин визуал далили бўлиб қолмоқда.
Жамиятнинг исломийлашуви, қўшни Афғонистонда Толибоннинг қайтадан иқтидорга келиши манзарасида пайдо бўлган реал ёки эҳтимолий таҳдидларга қўшилиб, кўпчиликни беҳаловат қилди ва Ўзбекистондаги этник руслар ва русийзабон аҳоли кўнглига ваҳима солди.
Айримлар, жумладан, Россияга ёки бошқа юртларга кўчиб кетиш ғоясини узоқ йиллардан бери рад этиб келаётган Сергей ҳам эндиликда мамлакатни тарк этиш ҳақида ўйламоқда.
Уйғонишми ёки радикаллашув?
Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида ҳижоб ўраган ва консерватив кийинган аёллар, хусусан, ўсмир ёшидаги қизлар кўп.
Июль ойида президент Шавкат Мирзиёев ҳукумати жамоат жойларида рўмол ўраб юришга қўйилган тақиқни бекор қилганидан бери уларнинг сони бир неча баравар ортди.
Кўплаб эркаклар қалин ва узун соқол қўймоқда. Ўзбекистонга Ислом Каримов раҳбарлик қилган 1991–2016 йилларда бу имконсиз ва ҳатто хавфли эди.
Бу даврда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга соқолли эркакларни қўлга олиб, мажбуран соқолини қиртишлаш ва шунинг баробарида “профилактик суҳбат” ўтказишдек норасмий ваколат берилган эди. Ҳуқуқбонлар ва ғарблик кузатувчилар маълумотига кўра, Каримов диний эътиқодида ҳукумат изн берган масжидлар чегарасидан четга чиққан минглаб мусулмонни қамоққа ташлаган.
2016 йилда қудратга келгач, Мирзиёев дастлаб қамоқда ётган кўплаб мусулмонлар ва дунёвий диссидентларни афв этди, сўнгра диний эркинликка қўйилган чекловларни секин-аста юмшатди. Аммо ҳукумат яқинда либерал сиёсатдан чекиниб, шубҳа остидаги бир қанча исломчиларни қамоққа олдики, буни АҚШнинг Халқаро диний эркинликлар кенгаши ҳам ўз ҳисоботида қайд этган.
Мазкур чоралар мамлакатдаги жадал исломийлашувга нисбатан реакция сифатида қабул қилинмоқда.
“Радикал ёшлар сони тобора ортиб бормоқда, ҳукумат эса ўз сиёсати билан бу жараённи билвосита рағбатлантиряпти”, дейди Озодликка 2005 йилда "Озод фермерлар" мухолифат партияси ҳаммуассисси бўлгани учун Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлган Нигора Ҳидоятова.
“Коррупция, кучсиз фуқаролик жамияти, ёшларнинг нодонлиги, қонунсизлик ва адолатсизлик омихтасидан шунақа бир хавфли қоришма ҳосил бўляптики, унинг портлаши учун салгина учқун чиқса бас”, дея мулоҳаза қилади у.
Толибондан руҳланиб
Август ойида толибларнинг Афғонистонни ишғол қилиши ҳам Ўзбекистондаги 720 минг нафарга яқин этник руслар жамоасини яхшигина хавотирга қўйди.
Айрим мутаассиб ўзбеклар Толибоннинг ғалабасини шод-хуррамлик билан кутиб олди. Улар “Telegram” каналлар ва ижтимоий тармоқларда америкаликларни мамлакатдан “ҳайдаб солган” толиблардан руҳланганини ва шариат қонунларига асосланган афғон жамиятини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдиришди.
Ҳуқуқбон Тимур Карповнинг Озодликка айтишича, “Толибон ғоялари” Ўзбекистонда реал дастак олган. “Кўплаб этник руслар ва русийзабонлар таҳликага тушиб, чамадонларини шай қилиб қўйишаётгани бежиз эмас”, дейди у.
Толибон Марказий Осиё мамлакатлари ва Москвага ўз элчиларини йўллар экан, ҳаракат Усома бин Лодин сингари халқаро жиҳодчиларни ортиқ дастакламаслигига, шунингдек, Афғонистоннинг этник озчил халқлари, жумладан, ўзбеклар ва тожикларга нисбатан адолатли муносабатда бўлишларига уларни ишонтиришга уринди.
Бироқ 1999 йил ваҳималарини – толиблар қўлловидаги ўзбек исломчилари гуруҳи Қирғизистон жанубидаги қишлоқни босиб олиб, Фарғона водийсининг Ўзбекистонга оид қисмига ўтиб олиш учун йўл талаб қилгани ўзбекларнинг эсида, албатта.
Бишкек ва Тошкент исёнчилар алал-оқибат “йўқ қилинган”ини ҳарчанд таъкидламасин, ўша воқеалардан сўнг этник руслар, русийзабонлар ва илғор этник ўзбекларнинг бир қисми бу мамлакатлардан кўчиб кетган эди.
“Манқуртлаштириш”
Машҳур қирғиз адиби Чингиз Айтматов 1980 йилда ёзган “Асрга татигулик кун” романида ҳиссиз ва онгсиз қул образини таърифлаш учун “манқурт” терминини қўллаган эди.
Марказий Осиё миллатчилари ушбу салбий иборани ўзларининг этник қардошлари – русийзабон қозоқлар, қирғизлар, туркманлар ва ўзбекларга ёрлиқ қилиб ёпиштиришади.
Совет Ўзбекистони бир неча оммавий миграцияни қабул қилган, жумладан, нацистлар Иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт олди минтақаларидан эвакуация қилинган юз минглаб этник руслар, украинлар ва яҳудийларга бошпана берган.
Улардан кейин бутун бошли этник гуруҳлар – қримтатарлар, понтлик греклар, Волгабўйи немислари ва Узоқ Шарқдан корейслар Ўзбекистонга депортация қилинди. Уларнинг аксарияти уруш тугаганидан сўнг ҳам шу ерда қолди.
Тошкентнинг бир қисмини яксон қилган 1966 йилги зилзиладан кейин ҳам шаҳарни тиклашга кўмаклашиш учун Совет Иттифоқининг барча республикаларидан ўн минглаб одам келган.
“Советлаштириш” баҳонасида туб аҳолини руслаштириш сиёсати юритилди. Шаҳарлик кўплаб ўзбеклар фарзандларини рус тилли мактабларга берди, бундан ташқари, деярли ҳар бир ўзбек эркаги муомала-мулоқот рус тилида олиб бориладиган икки йиллик мажбурий ҳарбий хизматни ўтади.
Мавзуга алоқадор Толибон таъсири. Ўзбекистон куч тизимлари радикал гуруҳлар устидан назоратни кучайтирдиЎзбекларни уларнинг улкан маданий меросидан айирган яна бир муҳим омил Москванинг тил ва имло сиёсатидир: ерли халқнинг арабий алифбоси 1920 йилда лотин ёзуви билан, 1930-йилларда эса кирилл билан алмаштирилди.
Ўзбекистон ОТМларида араб тилини ўқитиш атиги битта университет билан чекланди, Бухорода эса СССРда ягона исломий таълим мактаби очилишига рухсат берилди. Ушбу мактаб Ҳиндистон бош вазири Лал Баҳодир Шастри ва бокс бўйича жаҳон чемпиони Муҳаммад Али сингари юксак мартабали хорижий меҳмонларга СССРда “диний эркинлик” мавжудлигининг далили сифатида кўрсатиларди.
Ўзбекларнинг авлодлари Уйғониш даври мусулмон мутафаккирларининг диний асарларидан тўсиб қўйилди, диндорлик эса, ибодат ва маросим дуоларини ёдлаш билан чегараланиб қолди.
Жиҳодчиликнинг қайтиши
Аммо Фарғона водийси каби аҳолиси зич ҳудудларда ислом дини ҳаётнинг талай жабҳаларида сақланиб қолди. Водийнинг йирик шаҳарларидан бири бўлмиш Наманган ўзбек жиҳодчилигининг туғилишида ҳал қилувчи аҳамият касб этди.
1981-1991 йиллардаги совет-афғон уруши марказий осиёлик минглаб аскарларга ўта диндор мусулмонлар жамиятини ўз кўзи билан кўришга имкон берди.
Наманганлик Тоҳир Йўлдош ва афғон уруши иштирокчиси бўлмиш Жума Намангоний 1991 йилда ўз шаҳарларида шариат қонунлари жорий этилганини эълон қилиб, музокарага борганида мусулмонча дуо ўқилаётган вақтда хато қилган президент Каримовни омма олдида ерга уришди.
Йўлдош ва Намангоний кейинроқ Афғонистонга қочиб, “Ўзбекистон исломий ҳаракати”га (ЎИҲ) асос солишди. Бу ҳаракат 1999 йилда Қирғизистонга жангарилар гуруҳи кириб олишини уюштирди, кейинчалик АҚШ бошчилигидаги халқаро коалицияга қарши жанг қилди.
ЎИҲ асосчиси ўлганидан сўнг орадан йиллар ўтиб, ҳаракатнинг кўплаб аъзолари “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига садоқат қасамёдини ичиб, бугунги кунда толибларга қарши курашаётган “Хуросон ислом давлати” (ИДХ) гуруҳига бирикди.
Ўзбекистонлик руслар Афғонистондаги бу урушлар тафсилотларини яхши билмаслиги мумкин, аммо улар мазкур уруш мутаассиб ўзбекларга қандай таъсир этаётганини кўриб туришибди.
“Толибон бугун ёки эртага бу ерга келмаслиги мумкин, лекин улар маҳаллий аҳолининг онгига таъсир қиляпти”, дейди Сергейнинг куёви Фёдор.
У ҳам исломлашувдан чўчиб, Россияга кетиш учун йўл тадоригини кўрмоқда. Кичикроқ босмахонаси билан ҳашаматли уйдаги хонадонини эса сотмоқчи.
Фёдорни ўз гуруҳидаги рус миллатига мансуб ягона бола бўлган беш ёшли қизи Полинанинг келажаги ташвишга солади.
“У билан бирга ўйнайдиган бола йўқ”, дейди у, смартфонда рус тилидаги мультфильмни томоша қилиб ўтирган қизчасига боқиб.