Ҳиндистон шимолида қутқарувчилар Ҳимолай тоғларидаги музлик ёрилиб, сув тошқинини келтириб чиқариши ортидан бедарак йўқолган камида 170 нафар одамни изламоқда.
Уттаракҳанд вилоятида ҳозирга қадар камида 14 киши ҳалок бўлгани хабар қилинди.
7 февраль куни Нанда Деви музлигининг бир қисми ўрнидан силжиган, натижада музлик тўғони ортида тўпланиб қолган сув пастдаги дарёларга оқиб тушган.
Тошқин натижасида қурилаётган ГЭС лойиҳаси вайрон бўлган, яна бир ГЭС зарар кўрган. Шунингдек, тошқин Даулиганга ва Алакнанда дарёлари бўйидаги уйлар ва кўприкларга ҳам зарар етказган.
Ҳиндистон расмийларига кўра, бедарак йўқолган 170 шахс юқорида тилга олинган икки гидроэнергетика лойиҳаларига жалб қилинган ишчилардир.
Олимларнинг таъкидлашича, ушбу табиий офат иқлим ўзгариши Ҳиндистоннинг Ҳиндукуш ва Ҳимолай тоғларига солаётган таҳдидга яққол мисол бўла олади.