Ҳокимликлар ер билан боғлиқ ваколатлардан маҳрум этилди

Ўзбекистонда 2021 йил 1 августдан ҳокимликларнинг тадбиркорларга ерни тўғридан-тўғри ажратиш ваколати бекор қилинди.

Президентнинг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан бундан буён ҳокимликлар ерни тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Туман ва шаҳар ҳокимликлари 1 августдан ерга бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш, суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш ваколатидан ҳам ажратилади.

Бундан ташқари энди ҳокимликлар жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер беришдан ҳам четлатилади.
Давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланади.