Линклар

Шошилинч хабар
06 июл 2024, Тошкент вақти: 07:43

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистонда хорижий сиёсий партиялар фаолияти тақиқланди

“Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишлар президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2024 йил 2 июлида имзоланган
“Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишлар президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2024 йил 2 июлида имзоланган

Ўзбекистон ҳудудида хорижий давлатларнинг сиёсий партиялари фаолиятига йўл қўйилмайди. Бу ҳақда “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишларда қайд этилган.

Ўзбекистон президенти 2 июль куни имзолаган ҳужжат нусхасидан унинг 11 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилингани, 22 июнь куни эса Сенат томонидан маъқуллангани англашилади.

Ҳужжат изоҳида қонунга ўзгартишлар бошқа заруратлар билан бир қаторда “хорижий давлатлар сиёсий партияларининг Ўзбекистон ҳудудидаги фаолиятини тартибга солиш” талаб этилгани туфайли киритилгани айтилган.

Очиқ манбаларда Ўзбекистон ҳудудида хорижий давлатда тузилган бирор-бир сиёсий партиянинг ошкора ёки яширин тарзда фаолият юритганига доир маълумот йўқ, шу важдан мамлакатда бундай қонун қабул қилинишига қай ҳодиса туртки бўлгани маълум эмас.

Ўзбекистонда айни пайтда бешта сиёсий партия рўйхатга олинган бўлиб, булар Ўзбекистон Халқ демократик партияси (ХДП), ЎзЛиДеП, “Миллий тикланиш”, “Адолат” ва Экологик партиялардир.

Ўзбекистонда ўтган асрнинг 90-йиллари бошида рўйхатга олинган “Бирлик” ва “Эрк” партияларини ўзбек расмийлари амалдаги партия ўлароқ тан олмай келишади. Лидерлари хорижда бўлган бу икки партия вакилларининг Ўзбекистон Адлия вазирлигида қайта рўйхатдан ўтишга ҳаракатлари ҳатто президент Шавкат Мирзиёев даврида ҳам ижобий натижа берган эмас. Шунингдек, профессор Хидирназар Аллақулов бошчилигидаги фаоллар томонидан янги бир партия тузиш бўйича амалга оширилган бир неча уриниш ҳам муваффақиятсиз якунланган.

Мирзиёев ТДТ саммитида иштирок этиш учун Озарбайжонга йўл олди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 5-6 июль кунлари амалий ташриф билан Озарбайжонда бўлади.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, Мирзиёев Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг "Транспорт ўзаро боғлиқлиги ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш орқали барқарор келажакни барпо этиш" мавзусидаги норасмий саммитида иштирок этади.

Саммит давомида кўп томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация ва инвестиция-молия соҳаларида, шунингдек, "яшил" иқтисодиёт, қайта тикланадиган энергетика, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишларида янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади”, дея маълум қилган президент матбуот хизмати.

Хабарномада ТДТ делегациялари раҳбарлари саммитда халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқишлари, тадбир якунида қатор қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши қўшимча қилинган.

Турк давлатлари ташкилоти 2009 йил 3 октябрида Нахчиван келишуви асосида Бокуда “Туркий кенгаш” номи билан тузилган. Даставвал унга 4 та давлат — Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо бўлган.

Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримов Анқара билан алоқалари совуқ бўлгани туфайли Туркия бошчилигидаги интеграция ташаббусларига шубҳа билан қараб келган, шу боис расмий Тошкент қарийб ўн йил давомида бу ташкилотга аъзолик масаласига эътиборсиз қараб келган. Ўзбекистон ТДТга Шавкат Мирзиёев президентликка келганидан сўнг, 2019 йил 12 сентябрида аъзо бўлган.

Ўзбекистонда “Лукойл” шуъба корхонасига қарши иш қўзғатилди

"Лукойл" ширкати логоси (иллюстратив сурат)
"Лукойл" ширкати логоси (иллюстратив сурат)

Ўзбекистонда нарх-наво манипуляциясида гумонланаётган Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd ширкатига нисбатан иш қўзғатилган. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси маълумот тарқатди.

Хабарномада қўмита Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd ширкатининг биржа савдолари орқали техник олтингугурт маҳсулотини реализация қилишда, шу жумладан биржа савдоларида маҳсулот ҳажмларини номувофиқ қўйиш каби манипуляция ҳолатлари орқали маҳсулот нархларини ошишига олиб келган ҳаракатларининг аломатлари аниқлагани қайд этилган.

Иддаога кўра, ширкат томонидан содир этилган мазкур манипулятив хатти-ҳаракатлар биржа савдоларида техник олтингугурт маҳсулоти нархларининг ўртача 10 фоиздан 50 фоизгача ошишига сабаб бўлган.

Бунинг ортидан ширкатга қарши “Рақобат тўғрисида”ги қонун ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 18 мартидаги 170-сонли қарори билан тасдиқланган низом талаблари бузилиши аломатлари бўйича иш қўзғатилган.

Рақобат қўмитаси мазкур иш юзасидан қарор қабул қилинганидан кейин қўшимча маълумот беришни ваъда қилган.

Кипрда рўйхатдан ўтган Lukoil Overseas Supply and Trading Ltd ширкати Россиядаги машҳур “Лукойл” компаниясининг шуъба корхонаси бўлиб ҳисобланади.

“Умра” сафарини лицензиясиз уюштирганлар жаримага тортилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2 июль куни “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишларни имзолаган. Бу ҳақда Адлия вазирлигига қарашли “Ҳуқуқий ахборот” телеграм-канали маълумот тарқатди.

Ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистонда “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатишга доир фаолият лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланган ва Дин ишлари бўйича қўмита лицензияловчи ваколатли орган ўлароқ қайд этилган.

Ҳужжатда “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолият учун лицензия олиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар миқдорлари базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баравари (68 миллион сўм) этиб белгилангани қайд этилган.

Шунингдек, “Давлат божи тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартишга кўра, Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолиятини лицензиялаганлик учун тўланадиган давлат божи БҲМнинг 10 баравари (3 миллион 400 минг сўм) этиб белгиланган.

Қонунга ўзгартишлар Олий Мажлис Қонунчилик палатасида жорий йил 26 мартида қабул қилинган, 18 май куни эса Сенат томонидан маъқулланган эди.

Мазкур тартиб қонун матбуотда расман эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтиб (2024 йил октябридан) кучга киради.

Фаоллар электр энергияси чеклови юзасидан судга мурожаат қилишди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Шу йилнинг 19 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси У. Холов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли М. Субхановнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 16 апрелидаги 204-сонли қарорини қисман бекор қилишга оид аризасини қаноатлантирмасдан қолдирди.

“Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” деб номланадиган мазкур қарорнинг 2-иловасида аҳоли учун бир ойда (бир хонадон) истеъмол қилинадиган электр энергияси ва табиий газнинг базавий меъёрлари белгиланган.

Мазкур қарорга мувофиқ, шу йилнинг май ойидан эътиборан ҳар бир хонадон учун электр энергиясининг имтиёзли нархдаги улуши 200 кВт қилиб белгиланган.

Шунингдек, табиий газ лимити иситиш мавсумида 500 куб метр, бошқа вақтда эса 100 куб метр тақсимоти назарда тутилган.

Ҳуқуқ фаоллари иддаосича, ҳукумат қарорида бу миқдорнинг қандай ва қаердан келиб чиққани асослаб берилмаган. Шу билан бирга, мамлакатда иститиш мавсуми қачондан бошланиши ва тугашига оид нормативлар мавжуд эмас.

Бундан ташқари, ҳуқуқ фаоллари назарида, Ўзбекистонда табиий газ таъминотидаги тақсимотнинг нотенглиги лимитларни белгилашда инобатга олинмагани аҳолининг газ билан тўлақонли таъминланмаган қатламини дискириминация қилишдир.

Ҳукуматнинг бу қарори аҳолининг газ билан таъминланган ва таъминланмаган қатламлари учун тенг шароит ва имкониятларни инкор этади.

Ҳозирда жамоатчилик томонидан лимитларнинг камлигига оид масала бу кейинги масаладир. Аввал ҳукумат қароридаги дискириминацион омилни бартараф этиш лозим”, деди “Эзгулик” фаоли М. Субханов Озодлик биан суҳбатда.

Ҳуқуқ фаоллари ўз аризасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида”ги пакт талабларидан келиб чиққан ҳолда, ҳукумат қарорининг электр энергияси ва табиий газ таъминоти борасида ўрнатилган лимитларни бекор қилишни сўрашган.

Олий суд судьяси У. Холовга кўра, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати, қонун чиқарувчи органлари ва бошқа идораларнинг бажарилиши мажбур бўлган норматив ҳужжатларининг қонунга мувофиқлигини Конституциявий суд ажрим қилади, шу боис шикоят иш юритувига қабул қилинмаган.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига кўра, Конституциявий суд фақатгина қонунчилик ташаббусига эга идораларнинг мурожаатларини кўриб чиқади. Амалда ҳукумат қарорларининг Конституцияга мослиги борасида фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилмайди.

Фаоллар Олий суд судьяси У. Холовнинг қарори устидан юқори инстанция судига апелляция шикояти беришган.

Иккинчи чоракда Ўзбекистон олтин экспортини камайтирди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистон олтин сотишни камайтирган. Бу ҳақда Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) ҳисоботида айтилган.

Ташкилот қайдича, апрель ва май ойларида мамлакат хорижга бор-йўғи 1 тонна олтин экспорт қилган.

Аввалроқ Озодлик Ўзбекистон февраль ва март ойларида чет мамлакатларга 23 тонна олтин сотиб, дунёда энг кўп олтин экспорт қилган мамлакатга айлангани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбекистон 2023 йилда ҳам жами 25 тонна олтин сотган ва шу тариқа энг кўп олтин экспорт қилган мамлакатлар орасида иккинчи ўринни эгаллаганди.

Ўзбекистон селдан жабр кўрган Қирғизистонга ёрдам юки йўллади

Ўзбекистон томонидан Новқатга етказиб берилган гуманитар юк
Ўзбекистон томонидан Новқатга етказиб берилган гуманитар юк

Ўзбекистон томони 3 июль куни Қирғизистоннинг Ўш вилояти Новқат туманидаги селдан жабрланганлар учун инсонпарварлик ёрдами етказиб берган.

Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қайдича, гуманитар юк Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Санжарбек Зупаров етакчилигидаги делегация ҳамроҳлигида етказилган.

95 тонналик инсонпарварлик ёрдами 24 тонна ун, 12 тонна гуруч, 10 тонна шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлардан иборат.

Новқат тумани ҳокими Жақипбек Субақўжўев Озодликнинг қирғиз хизматига Ўзбекистондан келган инсонпарварлик ёрдами махсус комиссия қарорига кўра эҳтиёжманд кишилар ўртасида тақсимланишини билдирган.

Аввалроқ 28 июнь кунги сел тошқини натижасида Новқат туманида 125 та уй яроқсиз ҳолга келгани, 12 кўприк вайрон бўлгани, 19 километрдан кўпроқ йўл сув остида қолгани хабар қилинган эди.

Табиий офат оқибатида Ўш вилоятининг Новқат ва Қорағулжа туманларида 14 киши нобуд бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, 20 апрелдан 1 июлгача бўлган давр ичида Қирғизистонда сел тошқинлари туфайли кўрилган зарар миқдори 170 миллион сўмдан кўпроқни (шу кундаги курс бўйича 1 миллион 975 минг АҚШ доллари атрофида - таҳр.) ташкил этган.

Шавкат Мирзиёев Остонада Си Цзиньпин билан музокара ўтказди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ХХР раиси Си Цзиньпин билан, Остона, 2024 йил 3 июли (president.uz фотоси)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ХХР раиси Си Цзиньпин билан, Остона, 2024 йил 3 июли (president.uz фотоси)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрига амалий ташриф доирасида 3 июль куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин музокара олиб борган.

Президент матбуот хизмати қайдича, учрашувда ўтган йили Ўзбекистон билан Хитой ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард долларга етгани, яқин истиқболда бу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш имконият мавжудлиги қайд этилган.

Томонлар инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва “яшил” энергетика соҳаларида стратегик ҳамкорлик дастурларини қабул қилишни жадаллаштиришга келишиб олишган.

Учрашувда Мирзиёев Хитой раҳбари камбағалликка қарши курашиш соҳасида амалий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлаган ва бу йўналишда тажриба алмашиш бўйича узоқ муддатли дастур қабул қилиш таклифини билдирган.

Музокаралар чоғида "Бир макон, бир йўл" ташаббуси доирасида транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва минтақани ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эга бўлган Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳимлиги таъкидланган.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокамаси чоғида Мирзиёев расмий Тошкентнинг “ягона Хитой” сиёсатини қўллаб-қувватлаш ва “уч ёвуз куч”га (сепаратизм, терроризм ва экстремизм назарда тутилмоқда. - таҳр.) қарши курашиш борасидаги позицияси ўзгармас эканини яна бир бор таъкидлаган.

Шу билан бирга, учрашувда икки мамлакат ўртасида туризм, илм-фан, таълим, кадрлар тайёрлаш ва хитой тилини ўрганиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги урғулаган.

Ўз навбатида, Си Цзиньпин Хитой миллий мустақиллик, суверенитет ва хавфсизлик масаласида Ўзбекистонни дастаклаш қарорида қатъий эканини билдирган.

“Хитой доим Ўзбекистоннинг ишончли дўсти ва ҳамкори бўлиб келган”, дея таъкидлаган ХХР раиси.

Музокаралар якунида Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпинни Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф этган.

Ўзбекистон президенти Хитойга сўнгги бор жорий йилнинг январь ойи охирида сафар қилган эди. Ўшанда икки мамлакат ўртасида 15 дан зиёд ҳужжат имзолангани айтилган.

Юнусободни сув босди. Сувсозларнинг баёнотига энергетиклар раддия берди

Юнусобод туманидаги сув тошқинига оид лавҳа (Газета.uz фотоси)
Юнусобод туманидаги сув тошқинига оид лавҳа (Газета.uz фотоси)

Жорий йилнинг 3 июль куни Тошкент шаҳри Юнусобод тумани мавзеларини сув босди. Маҳаллий матбуот хабарига кўра, бунга Қорақамиш ҳамда Мойқўрғон кўчалари кесишмасидаги қувурда юзага келган носозлик сабаб бўлган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳаларда кўп қаватли уйларнинг йўлакларигача сув остида қолганини кўриш мумкин.

“Gazeta.uz” нашри хабарига кўра, одамлар уйдан ташқарига чиқа олмаганидан шикоят қилган.

ФВВ авария сабабли тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқлиги ҳақида баёнот берди.

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари махсус техникалар ёрдамида сувни кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларидан чиқариб ташлашга, сув таъминоти тизими вакиллари қувурларни таъмирлашга жалб этилган.

“Тошкент шаҳри сув таъминоти” МЧЖ матбуот котиби Равшан Ёқубжонов 800 мм ҳажмли қувурда носозлик юзага келганини билдирди.

“Бунинг асосий сабаби яқин жойдаги қозонхонада электр энергияси вақтинча узилганидир. Шу сабабли қувурларда босим кўтарилиб кетган ва уларнинг уланган чокидан авария юзага келган”, деди у воқеа жойида пойтахт ҳокимлиги матбуот хизматига берган изоҳида.

Энергетика вазирлиги эса носозликнинг электр энергеясига алоқаси йўқлиги, сув таъминоти корхонаси баёноти ҳақиқатга мос эмаслиги ҳақида расмий билдирги тарқатди. Раддияга кўра, Юнусобод туманидаги 4-сонли қозонхонада 2-3 июль кунлари электр таъминотида ҳеч қандай узилиш юз бермаган.

“Kun.uz” нашри ҳодисадан бир неча соат ўтиб хабар беришича, авария рўй берган чорраҳада транспорт ҳаракати ва бир неча мавзеда сув таъминоти қисман тикланган.

ДХХ: Ўзбек-қозоқ чегарасида ерости йўли топилди

Ўзбек-қозоқ чегарасидаги ерости йўли топилган жой харитаси (видеодан скриншот)
Ўзбек-қозоқ чегарасидаги ерости йўли топилган жой харитаси (видеодан скриншот)

Ўзбекистон билан Қозоғистон чегарасида узунлиги 310 метр келадиган туннел аниқланган.

Мазкур туннел Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Чегара қўшинлари ва “Тошкент-Аэро” ИБК ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир чоғида аниқлангани айтилмоқда.

Иддаога кўра, мазкур ерости йўли орқали трансчегаравий жиноий гуруҳ Ҳиндистондан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга катта миқдорда сифати кафолатланмаган дори воситаларини ноқонуний олиб кириш билан шуғулланган.

“Хусусан, жиноий гуруҳ томонидан навбатдаги дори воситалари “Деҳли-Тошкент-Олмаота” авиайўналиши орқали транзит тарзда “Олмаота” халқаро аэропортига олиб келиниб, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариёғоч тумани “Дўстлик” аҳоли яшаш пунктига етказилган ва яширин ерости йўли орқали Тошкент вилоятининг Тошкент тумани “Ўрикзор” МФЙ ҳудудига ўтказилган”, дейилган хабарномада.

Қайд этилишича, тезкор тадбир чоғида жиноий гуруҳ аъзоларидан жами 1 миллиард 94 миллион 342 минг сўмлик жами 107 номдаги 17 минг 48 дона дори воситалари мусодара этилган. Мазкур дори-дармонлар орасида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган Альбумин, Ремдесивир, Меропенем каби препаратлар бўлгани айтилган.

“Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган”, дейилган хабарномада.

Аввалроқ Озодлик ўзбек-қирғиз чегарасида контрабандачилар томонидан фойдаланиб келинган бир неча туннел топилгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўзбекистон даромади ўртачадан паст ўлкалар қаторида қолди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

2023 йил якунларига кўра, Ўзбекистон даромади ўртачадан паст бўлган мамлакатлар сафида қолди. Жаҳон банки томонидан ёйинланган ҳисобот шундан далолат бермоқда.

Ўзбекистон 2008 йилдан бери даромади ўртача бўлган мамлакатлар қаторига киролмай келади.

Жаҳон банки қайдича, ўтган йили Ўзбекистонда жон бошига ялпи миллий даромад кўрсаткичи бор-йўғи 2,3 минг долларни ташкил этган.

Қиёс учун: бу кўрсаткич Марказий Осиёда Ўзбекистонга қўшни бўлган Қозоғистонда 10,9 минг АҚШ долларига, тобора қашшоқлашиб бораётгани айтилаётган Туркманистонда эса 7,1 минг АҚШ долларига тенгдир.

Бухорода вояга етмаганлар никоҳига оид ҳолат судда кўрилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Бухорода 16 ёшли ўсмир йигит ва 17 ёшли қизнинг никоҳланиши билан боғлиқ ҳолат Болалар омбудсмани томонидан алоҳида кузатувга олинган. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Аввалроқ Kun.uz нашри Бухоро вилоятида вояга етмаганлар ёшларнинг тўйи бўлиб ўтгани ҳақида хабар қилган эди.

Ҳолат ўрганилиши ортидан “29 июнь куни Бухоро шаҳрида оилаларнинг ўзаро келишуви асосида 2008 йилда Шофиркон туманида туғилган А.А. (ўғил бола) ва 2007 йилда Қоракўл туманида туғилган Р.Н.нинг (қиз бола) никоҳ тўйи бўлиб ўтган”и аниқланган ва бу борада терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

Болалар омбудсмани 2 июль куни вояга етмаганларнинг ота-оналари Н.С. ва Н.Қ.ни Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47−3 моддаси (Никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш) билан маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан ҳужжатлар судга юборилганини қайд этган.

Хабарномада, Оила кодексининг 15-моддасига мувофиқ, Ўзбекистонда никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланганини эслатилган.

Бу қонуний талабнинг бузилиши боланинг таълим олиш, соғлиғини сақлаш ҳамда жисмоний, ақлий ва маънавий уйғун равишда камол топиш ҳуқуқларига мутлақо зиддир”, дея қўшимча қилган Болалар омбудсмани.

ДХХ учта туманда ҳоким муовинларини пора билан қўлга олди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қорақалпоғистоннинг Тахиатош, Андижон вилоятининг Бўстон ва Тошкент вилоятининг Бўка туманларида ўтказилган тезкор тадбирларда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари туман ҳокимлари ўринбосарларини пора билан қўлга олишган.

ДХХ қайдича, Тахиатошда ҳоким муовини 32 миллион сўм, Бўстонда ҳоким ўринбосари 10 минг доллар, Бўкада эса ҳоким муовини 1200 доллар олаётган пайтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда учала ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисмининг тегишли бандлари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, мазкур шахсларнинг барчасига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган”, дейилган хабарномада ҳолатлар бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда турли даражадаги мулозимлар томонидан ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда содир этилган коррупцион жиноятлар фош этилганига оид хабарлар кўпайган. Пора билан қўлга олинганлар орасида ИИВ, суд, прокуратура, Миллий Гвардия ва бошқа ташкилотлар масъуллари бор.

Гутерриш Тошкентда орден билан тақдирланди

БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида 1 июль куни Тошкентдаги Кўксарой қароргоҳида унга Ўзбекистоннинг олий давлат мукофотларидан бири — "Олий Даражали Дўстлик" орденини тантанали топшириш маросими бўлиб ўтган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мазкур орден Гутерришга “жаҳонда ҳамжиҳатлик ва бирдамликни фаол илгари суриш, ташкилот фаолияти самарадорлигини ошириш” ҳамда Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашдаги хизматлари учун топширилган.

Маросимда БМТ бош котибининг халқаро хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, глобал бошқарув институтларини ислоҳ қилиш, Барқарор ривожланиш мақсадларини илгари суриш, иқлим ўзгаришига қарши курашиш, "яшил" ва рақамли тараққиёт, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги кўп йиллик саъй-ҳаракатлари қайд этилган.

Куннинг биринчи ярмида Антониу Гутерриш Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан музокаралар олиб борган.

Музокаралар чоғида глобал ва минтақавий тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати муҳокама қилинди”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.

Учрашувда томонлар Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашишган, шунингдек, Афғонистонда юзага келаётган вазият муҳокама қилиниб, афғон халқига гуманитар ёрдамни кенгайтириш, жаҳон ҳамжамиятининг бу мамлакатга нисбатан умумий стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланган.

HRW: Нукус воқеалари бўйича адолат ҳануз қарор топганича йўқ

Қорақалпоғистондаги норозилик чиқишларидан лавҳа, 2022 йил июли
Қорақалпоғистондаги норозилик чиқишларидан лавҳа, 2022 йил июли

Ўзбекистон расмийлари Қорақалпоғистонда икки йил аввал бўлиб ўтган норозилик намойишларидан кейин ҳам республика мустақиллиги учун чақириқлар бўйича қатағонни кучайтиришда давом этмоқда, дея билдирди Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти.

Ташкилотнинг 1 июль куни тарқатилган баёнотида айни пайтда расмий Тошкент 2022 йил июшида Конституцияга тузатишлар лойиҳасига қарши Нукусдаги норозилик чиқишларини бостиришда ҳаддан зиёд куч қўлланилгани учун бирорта ҳам юқори лавозимли мулозим жавобгарликка тортилмаганига эътибор қаратган.

Ўзбекистон раҳбарияти нафақат икки йил аввал Қорақалпоғистондаги норозиликлар чоғида ҳалок бўлганлар учун адолатни таъминлай олмади, балки ўшандан бери бошқа қорақалпоқ фаолларига нисбатан репрессиялар сезиларли даражада оширганига гувоҳ бўлдик”, деган ташкилотнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон.

HRW вакилига кўра, Ўзбекистоннинг ҳамкорлари мамлакат раҳбариятини яна бир бор адолатни таъминлашга чақиришлари ҳамда Қорақалпоғистонда ҳам, хорижда ҳам фаолларга нисбатан давом этаётган таъқибларни қоралашлари лозим.

2022 йилнинг июль ойи бошида Қорақалпоғистонда аҳоли пойтахт Нукус шаҳрининг марказий майдонида оммавий норозилик акциясига чиққан. Одамлар Тошкентнинг Қорақалпоғистонни Ўзбекистон таркибидаги суверен республика мақомидан маҳрум этиш режасига шу йўсинда норозилик билдиришган. Ҳукумат намойишни куч билан бостирган.

Расмий Тошкент Нукус воқеаларида ҳуқуқ-тартибот идораларининг тўрт ходими дохил 21 киши ҳалок бўлди, деб баёнот берган.

2022 йил 7 ноябрида Human Rights Watch халқаро ташкилоти Ўзбекистон ҳукумати Нукусдаги норозилик акциялари чоғида ўқотар қурол қўллаганини даъво қилиб, очиқ текширув ўтказишга чақирди.

Ташкилот воқеалар гувоҳлари томонидан 2022 йил 1 июлидан 1 августигача бўлган даврда ижтимоий тармоқларда ёйинланган 55 та видеороликни верификация қилиб, 31 та видеоёзув ва фотосуратда ўқотар қуролдан ўлганлар ёки ярадорлар акс этганини аниқлаган.

Ўзбекистон ҳукумати юз берган воқеалар сабабларини ўрганиш мақсадида парламент ҳузурида махсус комиссия тузган, аммо тафтиш натижалари жамоатчиликка эълон қилинган эмас.

Нукус воқеалари бўйича ўтказилган судларда умумий ҳисобда 61 киши жавобгарликда тортилган. Улар орасида одамларни тинч норозилик акцияларига чақиргани айтилаётган блогер ва адвокат Даулетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG