Линклар

Шошилинч хабар
19 сентябр 2024, Тошкент вақти: 04:19

Ўзбекистон хабарлари

Навоийда чақалоғини 10 миллион сўмга сотишга уринган аёл ушланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида чилласи чиқмаган чақалоғини сотишга уринган аёл қўлга олинган.

Навоий вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълумотига кўра, навбаҳорлик К. Р. яқинда туғилган фарзандини 10 миллион сўмга сотмоқчи бўлган.

ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда туман ИИБ ходимлари иштирокида ўтказилган тезкор тадбир давомида К. Р. чақалоғини қўшни маҳалладаги З. С.га 10 млн сўмга сотаётган пайтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди”, дейилган ИИБ хабарномасида.

Қайд этилишича, аёлга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Расмийлар Бойсундаги газ конида 4 киши ўлганини тан олди

Бойсундаги газ кони. 1 сентябрь, 2024
Бойсундаги газ кони. 1 сентябрь, 2024

Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” (М-25) газ конида 17 сентябрь куни рўй берган ҳодиса оқибатида 4 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Газета.uz нашри Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадовга иқтибосан хабар тарқатди.

Бош прокуратура ва Экология вазирлиги масъуллари 17 сентябрь куни водород сульфид сизиб чиқиши эмас, балки “ишлаб чиқариш билан боғлиқ техник ҳодиса” рўй берганини маълум қилган, аммо унинг тафсилотларини очиқламаган.

“Мустақилликнинг 25 йиллиги”да портлаш, аҳоли кўчирилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:17 0:00

17 сентябрь куни рўй берган “ишлаб чиқариш билан боғлиқ техник ҳодиса” Бойсундаги газ конида сўнгги ҳафталарда кузатилаётган навбатдаги фавқулодда вазиятдир.
Бойсун туманидаги М-25 газ конига қарашли 604-сон қудуғида 1 сентябрь куни соат 15:17 да портлаш содир бўлган эди.

Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган маълумотга кўра, қудуқда бурғулаш ишлари олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт, яъни водород сулфид гази чиқиши кузатилган.

Бунинг ортидан кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.
ФВВ ўшанда фуқаролар орасида тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмагани, вазият тўлиқ назорат остида эканига ишонтирганди.

Аммо ўшанда ҳам ижтимоий тармоқларда Enter Engineering ширкатининг тўрт нафар ишчиси ҳодиса жойида ҳалок бўлгани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар тарқалганди.
Конда газ сизиб чиқиши қарийб икки ҳафта давом этди. 15 сентябрь куни Eriell компанияси матбуот хизмати маҳаллий матбуотга водород сульфид сизиб чиққан қудуқда сўндириш жараёни якунлангани, жараёнга Россия ва АҚШдан мутахассислар жалб қилинганини маълум қилди.

Ҳодисани текшириш учун махсус ҳукумат комиссия тузилгани эълон қилинган, аммо комиссия ҳозиргача ҳодиса сабаблари борасида бирон дастлабки хулосани эълон қилганича йўқ.

Ўзбекистонликлар учун Германиядан ишчи визаси олиш осонлашади

Германия ўзбекистонликлар учун ишчи визасини бериш тартибини енгиллаштирмоқчи. Бу ҳақда ГФР ички ишлар вазири Нэнси Фезер Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев билан куни кеча Самарқандда бўлиб ўтган учрашувда маълум қилган.

Бандлик вазирлиги қайдича, учрашув чоғида Фезер хоним икки мамлакат ўртасида миграция масаласида қатор енгилликлар ишлаб чиқилаётгани, битим доирасида немис иш берувчилари ўзбекистонликларни соддалаштирилган тартибда ишга қабул қилишга тайёрлигини билдирган.

Аввалроқ бандлик вазири Беҳзод Мусаев “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида икки давлат ўртасида темир йўл ва автобус ҳайдовчилари ҳамда ҳамшираларни тайёрлаш бўйича амалий келишувларга эришилгани, бу йил 800 дан зиёд ҳамшира Германияга уюшган ҳолда юборилиши, уларнинг 400 нафари аллақачон Германияда ишлаётгани, ўзбекистонлик ҳамшираларнинг иш ҳақи камида 2200 еврони ташкил қилиши ҳақида маълум қилган эди.

Вазир Мусаев германиялик мутасаддилар билан соддалаштирилган виза тартиб-қоидалари кўриб чиқилгани, Германиядан кўплаб иш берувчилар билан бундай шартномаларни имзолаш режалаштирилганини тасдиқлаган.

“Ушбу келишувни тарихий деб атаса бўлади. Мисол учун, Ҳиндистон ва Германия ўртасида ушбу шартнома 6 йил давомида тайёрланган бўлса, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги стратегик муносабатларни аҳамиятга олган ҳолда, ушбу мураккаб ҳужжат бир йил ичида тайёрланди ва имзоланди. Бугунги битим 1−5 йиллик муддатни эмас, балки 10−20−30 йиллик муддатни ўз ичига олади”, дея иқтибос келтирмоқда маҳаллий матбуот Беҳзод Мусаев сўзларидан.

Аввалроқ Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги вазирлик мутасаддилари ва Германиянинг "Globogate Concept AG" концерни ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномасига мувофиқ, Тошкентда “Ҳамширалар учун Германия тиббиёт академияси” ташкил этилиши, академия талабаларига бир йил давомида касб ва тил ўргатилиши, ўқиш сўнгида улар диплом олиш билан бир қаторда Германияда ишлаш ҳуқуқини берувчи касбий сертификатни ҳам қўлга киритиши ҳақида маълум қилган.

Шунингдек, вазирлик DB Engineering & Consulting ширкати билан Ўзбекистонда Германия темир йўллари ("Deutsche Bahn”) учун мутахассислар тайёрлаш бўйича баённома имзолангани ҳақида ҳам маълумот тарқатган.

“Германия темир йўл транспорти, автобус, метрополитен тизими учун мутахассисларга эҳтиёжимиз баланд ва уларни немис стандартлари асосида Ўзбекистонда ўқитиб, касб ва тил имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган номзодларни эса “Deutsche Bahn” тармоғига ишга жойлаштиришга тайёрмиз”, дея иқтибос келтирилган DB Engineering & Consulting ширкати раҳбари Нико Варбанофф сўзларидан бандлик вазирлиги хабарномасида.

Тошкентдаги мебель корхонасида чиққан ёнғин 1,5 соатда ўчирилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида жойлашган мебель корхонасида 18 сентябрь тонгида содир бўлган ёнғинни бартараф этиш учун 1,5 соат вақт сарфланган.

Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотига кўра, Олмазор туманининг Уста Ширин кўчасида жойлашган мебель ишлаб чиқариш корхоналарининг бирида ёнғин чоршанба куни соат 07:28 да чиққан. Ўт ўчирувчилар ёнғин чиққан манзилга соат 07:34 да етиб боришган.

Ёнғин қутқарув экипажлари томонидан ёнғин соат 07:58 да қуршаб олиниб, соат 08:56 да батамом ўчирилди”, дейилган бошқарма хабарномасида.

ФВБ вакиллари ёнғин натижасида “тан жароҳати олган ва вафот этган фуқаролар йўқ” йўқлигини билдиришган.

Айни вақтда ёнғин сабаби ва моддий зарари аниқланмоқда”, дейилган хабарномада.

Бухорода атмосферани булғаган 120 чоғли мулозим жазоланди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Бухоро вилоятида жорий йил бошидан буён атмосферани ифлослантирганликда айбдор кўрилган 117 нафар мансабдор жавобгарликка тортилган. Улар қурилиш чиқиндилари ва бошқа чиқинди турларини ёқиш, дала ва аҳоли пунктларида хазон, шох-шаббаларга ўт қўйиш каби ҳуқуқбузарликларни содир этишган. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумот тарқатди.

Мулозимлар ҳуқуқбузарлиги Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларининг бузилишига қарши ўтказиб келинаётган назорат рейдлари чоғида аниқланган.

Қайд этилишича, рейд давомида ўтган 9 ой ичида вилоят бўйлаб жами 1 минг 356 нафар фуқаро томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилгани маълум бўлган.

Ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 88-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳуқуқбузарлар жами 332 миллион сўм миқдорида жаримага тортилди”, дейилган хабарномада атмосферани муҳофаза қилиш талаблари бузилишига қарши рейдлар ҳали ҳам давом этаётгани, бу йўналишдаги ҳуқуқбузарликлар жавобгарликка сабаб бўлиши эслатилган.

Мирзиёев санкциялар Марказий Осиё минтақасига салбий таъсир этаётганидан нолиди

Қозоғистон пойтахтида ўтган “Марказий Осиё – Германия” иккинчи саммитидан лавҳа, Остона, 2024 йил 17 сентябри
Қозоғистон пойтахтида ўтган “Марказий Осиё – Германия” иккинчи саммитидан лавҳа, Остона, 2024 йил 17 сентябри

Можаролар ва урушлар, умуман, глобал миқёсдаги беқарорлик ва вазият қайси томонга ўзгариши ноаниқ бўлиб қолаётгани, санкциялар сиёсати, протекционизмнинг кучайиши ва бошқа кўплаб омиллар Марказий Осиё мамлакатларига ҳаддан ташқари салбий таъсир кўрсатяпти, минтақада миллий ислоҳотларни амалга оширишда жиддий синовга айланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 сентябрь куни Остонада ўтказилган “Марказий Осиё – Германия” иккинчи саммитида билдирган.

Ўзбекистон президенти ўз нутқида можаролару санкцияларнинг минтақадаги сиёсат ва иқтисодиётга салбий таъсири айнан нималарда акс этаётганига тўхталган эмас.

Саммитдаги нутқида президент Мирзиёев Марказий Осиё ва Германия ўртасида стратегик минтақавий шериклик ўрнатилганини юқори баҳолаб, устувор йўналишларда дастурий тадбирларни қамраб олган узоқ муддатли Ҳамкорликни ривожлантириш концепциясини қабул қилишни таклиф этган. Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш учун “Марказий Осиё – Германия” таҳлил марказлари форумини таъсис этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этган президент Мирзиёев Ўзбекистон томони форумнинг биринчи мажлисини келгуси йили Хивада ўтказишга тайёр эканини қайд этган.

Ўз нутқида Ўзбекистон президенти Германиянинг етакчи компаниялари билан инвестициявий ва технологик шерикликни кучайтириш, Германиянинг илғор билим ва технологияларини жорий этиш асосида ўта муҳим хомашё ресурслари соҳасида ҳамкорлик қилиш зарурлигини урғулаб, “яшил” энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва иқлим ўзгаришига қарши биргаликда курашиш аҳамиятига тўхталган.

Мирзиёевга кўра, Транспорт коммуникациялари, шу жумладан, ерусти ва ҳаво ташувлари яхши ривожланмагани ҳамкорликни чуқурлаштиришда энг катта тўсиқ бўлмоқда.

Марказий Осиёни Европа билан боғлайдиган муқобил транспорт йўлакларини ривожлантириш борасида Европа институтларини жалб этишда Германиянинг кўмагига умид қиламиз. Келгуси йилда бундай йўналишлар транзит салоҳиятини ошириш йўлларини топиш бўйича вазирларнинг қўшма конференциясини ўтказишни таклиф этамиз”, деган Ўзбекистон президенти Остонадаги саммитда.

Марказий Осиёда хавфсизлик соҳасидаги вазият Афғонистонда рўй бераётган жараёнлар билан узвий боғлиқлигини таъкидлаган Мирзиёев Ўзбекистон Германия ва Европадаги бошқа шериклар билан биргаликда бу мамлакатни минтақавий иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш, чегара ёнида жойлашган Термиз шаҳридаги таълим марказида Афғонистоннинг тинч ҳаёти учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича кадрлар, жумладан, хотин-қизларни тайёрлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёр эканини қўшимча қилган.

Нутқ якунида президент Мирзиёев “Ўзбекистон Германиянинг Марказий Осиё минтақаси билан кўп қиррали ҳамкорлик бўйича салоҳияти янада тўлиқроқ рўёбга чиқишидан манфаатдор”лигига алоҳида эътибор қаратган.

Ўзбекистон президенти қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев таклифига биноан 17 сентябрь тонгида “Марказий Осиё – Германия” саммитида иштирок этиш учун Остона шаҳрига жўнаб кетгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Мазкур саммитда Шавкат Мирзиёев, мезбон президент Қасим-Жомарт Тоқаев ва ГФР канцлери Олаф Шольцдан ташқари Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳамда Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам иштирок этган.

Ўзбекистон АҚШ билан фойдали қазилмалар бўйича меморандум имзолади

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насритдинхўжаев билан, Тошкент, 2024 йил 16 сентябри (АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси фотоси)
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник Ўзбекистон тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насритдинхўжаев билан, Тошкент, 2024 йил 16 сентябри (АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси фотоси)

Жорий йилнинг 16 сентябрь куни АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида фойдали қазилмалар бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро англашув меморандуми имзоланган. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маълумот тарқатди.

Ҳужжатга Ўзбекистон томонидан Тоғ-кон саноати ва геология вазирининг биринчи ўринбосари Омонулло Насритдинхўжаев, Қўшма Штатлар томонидан эса элчи Жонатан Хеник қўл қўйган.

Хабарномада ўтган йил сентябрида Нью-Йоркда бўлиб ўтган Президентлар саммитида Жо Байден, Шавкат Мирзиёев ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон президентлари фойдали қазилмалар бўйича мулоқотни бошлаш ниятида эканларини эълон қилишгани, ушбу меморандум АҚШ ва Ўзбекистоннинг ўша саъй-ҳаракатларни илгари суриш, иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёнинг ноёб экотизимларини ҳимоя қилиш билан бирга тоза энергияга ўтиш жараёнини олға сурувчи инвестицияларни жадаллаштириш ниятида эканидан далолат бериши урғуланган.

Элчихона қайдича, минераллар ва ноёб ер элементлари тоза энергия ва бошқа технологиялар учун зарур бўлиб, иқтисодиётда тобора муҳим рол ўйнамоқда. АҚШ Ўзбекистоннинг тоғ-кон саноатига хусусий сектор сармоясини жалб қилиш бўйича фаол иш олиб боряпти.

“Ушбу меморандум келгусида глобал кончилик соҳасида юқори экологик, меҳнат ва бошқарув стандартларини таъминлашга қаратилган умумий мақсадимизни ўзида акс эттиради”, дейилган хабарномада.

Элчи Хеникка кўра, АҚШ ва Ўзбекистон келажакда энергетика соҳасини шакллантирадиган мустаҳкам ва хавфсиз таъминот занжирларига эга бўлиш учун ҳамкорлик қилиши лозим.

Ушбу меморандум глобал минерал таъминот занжирларини диверсификация қилиш ва икки томонлама савдо алоқаларимизни кенгайтириш бўйича умумий мажбуриятимизни намойиш этади. Биз Ўзбекистон билан кенгайиб бораётган стратегик ҳамкорликнинг навбатдаги босқичини нишонлашдан мамнунмиз”,деган жаноб Жонатан Хеник.

Ўз навбатида, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги Ўзбекистон-АҚШ келишувидан кўзланган мақсад мамлакатлар ўртасида “муҳим хомашё соҳасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, бошқа йўналишлардаги алоқаларни ҳам ривожлантиришдан иборат”лиги қайд этган.

Ушбу ҳужжат муҳим хомашё соҳасида АҚШ – Ўзбекистон мулоқотининг давом этишига, геология қидирув, қазиб олиш ва юқори қийматли маҳсулот занжирини яратиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Меморандумни имзолаш тадбири доирасида жорий йилнинг 24 – 26 сентябрь кунлари Невада штати Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтадиган тоғ-кон саноатидаги энг йирик глобал тадбир – MINExpo INTERNATIONAL кўргазмасида иштирок этувчи Ўзбекистон делегацияси вакиллари билан ҳам суҳбат ўтказилгани қўшимча қилинган.

Мирзиёев амалий ташриф билан Қозоғистонга учиб кетди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик ҳамкасби Қасим-Жомарт Тоқаев таклифига биноан 17 сентябрь тонгида “Марказий Осиё – Германия” саммитида иштирок этиш учун Остона шаҳрига жўнаб кетган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, Остона халқаро аэропортида Мирзиёевни Қозоғистон бош вазири Ўлжас Бектенов ва бошқа расмий шахслар кутиб олган.

Остонадаги саммит “Марказий Осиё – Германия” форматида олий даражада ўтказилаётган учрашувларнинг иккинчисидир – биринчи саммит 2023 йилнинг 29 сентябрида ГФР пойтахти Берлинда ўтказилган эди.

Остона саммитида Марказий Осиё мамлакатларининг Германия билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада теранлаштириш, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, технологиялар, транспорт-коммуникация ва бошқа устувор йўналишларда амалий ҳамкорликни кенгайтиришга оид масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Тадбирда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинади, минтақавий ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилади. ГФР канцлери Олаф Шольц ҳам иштирок этадиган саммит кун тартибидан Марказий Осиё президентларининг Германиядаги йирик компания ва банклар раҳбарлари билан учрашуви ҳам ўрин олган.

Олаф Шольц уч кунлик ташриф билан Марказий Осиёга йўл олгани, канцлер минтақа сафарини Ўзбекистондан бошлаб, икки кунлик сафар чоғида Самарқандда қатор тадбирларда иштирок этгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

Ўзбекистон ва АҚШ божхона соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон ва АҚШ божхона расмийлари томонидан ўзаро ҳамкорликка оид битимнинг имзоланиш жараёни (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси фотосурати)
Ўзбекистон ва АҚШ божхона расмийлари томонидан ўзаро ҳамкорликка оид битимнинг имзоланиш жараёни (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси фотосурати)

Ўзбекистон-АҚШ божхона хизмати раҳбарлари Вашингтонда божхона соҳасида “Ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисида”ги битимни имзолашган.

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси маълумотига кўра, мазкур ҳужжатга божхона қўмитаси делегациясининг Америка Қўшма Штатларига сафари доирасида қўл қўйилган. Маълумотларга кўра, бу Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён ўзбек божгирларининг АҚШга қилган илк расмий сафаридир.

Ўзбекистон Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов ҳамда АҚШ Чегара ва божхона хизмати комиссари Трой Миллер томонидан имзоланган битим икки давлат ўртасида божхона соҳасида ахборот алмашиш имконини бериб, гиёҳванд моддалар савдоси, одам савдоси, трансмиллий жиноий гуруҳлар, жиноий даромадларни легаллаштириш, божхона тўловларидан бўйин товлашга қарши курашишда ҳамкорликнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиши урғуланган.

Қўмита хабарномасида АҚШ божхона соҳасида ҳамкорликни назарда тутувчи бу каби икки томонлама битимни дунёдаги бор-йўғи 17 та давлат билан имзолагани, Ўзбекистон бу рўйхатда 18-давлат бўлгани таъкидланган.

Қайд этилишича, икки давлат божхона расмийлари ўртасидаги музокараларда АҚШ чегара ва божхона хизматининг таргетлаш бўйича мутахассисларини Ўзбекистонга жалб қилиш, шунингдек ўзбекистонлик мутахассисларнинг АҚШда малака ошириш имкониятлари кўриб чиқилган.

“Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси АҚШнинг Миллий таргетлаш маркази, Кинология академияси, Техасдаги Сан-Антонио халқаро аэропорти, Ларедо шаҳридаги “World Trade Bridge” авто чегара божхона пости, "Техас-Мексика" халқаро темир йўл ўтказиш пункти фаолияти билан яқиндан танишишлари режалаштирилган”, дейилган Божхона қўмитаси хабарномасида.

Open Budget доирасида яна 177 та лойиҳа молиялаштирилади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

“Ташаббусли бюджет”нинг 2024 йилдаги 2-мавсуми якунлари бўйича юқори овоз тўплаган, бироқ ғолиб бўлолмаган яна 177 та лойиҳа учун қўшимча маблағ ажратилган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумот тарқатди.

Вазирлик қайдича, Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари томонидан ғолиб бўлмаган навбатдаги лойиҳаларни молиялаштириш учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 56 та лойиҳа, лойиҳа қийматининг 20 фоизигача маблағ етмаган навбатдаги 25 та лойиҳа ҳамда маҳалладаги мавжуд аҳоли сонидан кўп овоз тўплаб ғолиб бўлмаган 96 та лойиҳа қўшимча равишда ғолиб деб топилган.

Мазкур лойиҳаларни молиялаштириш учун жами 143,1 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Аввалроқ Озодлик 31 август куни “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2024 йилдаги 2-мавсуми якунига кўра Ўзбекистон бўйлаб 1772 та лойиҳа ғолиб деб топилгани, уларга 2 триллион 139 миллиард сўм миқдорида маблағ берилиши кўзда тутилгани ҳақида хабар қилган эди.

Ўша пайтда иккинчи мавсумда овоз беришга қўйилган 23 минг 318 та лойиҳа учун жами 9 миллион 81 минг 610 та овоз берилгани қайд этилганди.

Тошкент ва Берлин миграция, таълим ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни кучайтиради

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ў) ва Германия канцлери Олаф Шольц (ч) икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросимида, Самарқанд, 2024 йил 15 сентябри
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (ў) ва Германия канцлери Олаф Шольц (ч) икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросимида, Самарқанд, 2024 йил 15 сентябри

Германия канцлери Олаф Шольцнинг Марказий Осиёга сафари доирасида 15 сентябрь куни Самарқанд шаҳрида президент Шавкат Мирзиёев ва канцлер Олаф Шольц қўшма декларацияни қабул қилишган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, тадбирда қўшма декларациядан ташқари яна қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланган бўлиб, улар орасида Миграция ва мобиллик соҳасида ҳар томонлама шериклик тўғрисида ҳукуматлараро битим, Ветеринария ва чорвачилик соҳасида ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро декларация, “Яшил Марказий Осиё” ташаббуси доирасида сув ресурсларидан барқарор фойдаланиш соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро декларация, Ўта муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида қўшма декларация, Транспорт соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим, Париж битими доирасида иқлим ўзгариши соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум каби ҳужжатлар бор.

Бундан ташқари, 2024-2026 йилларга мўлжалланган Технологик шериклик ва саноат кооперацияси дастури қабул қилинди, шунингдек, Ўзбекистон ва Германиянинг етакчи корхоналари даражасида бир қатор битим ва шартномалар тузилди”, дейилган хабарномада.

ГФР федерал канцлери Олаф Шольц 15 сентябрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.

Президент Мирзиёев германиялик меҳмонни Регистон майдонида кутиб олган. Шундан сўнг Самарқанднинг Конгресс марказида Олаф Шольцни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтган.

Маросимдан сўнг Конгресс марказида Мирзиёев ва Шольцнинг тор доирада ва делегациялар иштирокидаги музокаралари ўтказилган.

Музокаралар давомида кўп қиррали икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилган. Самарқандда ўтган Ўзбекистон-Германия саммитига Саноат ва технологиялар бўйича стратегик шериклик дастури тайёрлангани, Германиянинг етакчи компания ва банклари билан умумий қиймати қарийб 9 миллиард евро бўлган ҳамкорлик лойиҳалари ишлаб чиқилаётгани, улар “яшил” энергетика, кимё саноати, ўта муҳим хомашёни ўзлаштириш, машинасозлик, тўқимачилик саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва бошқа кўплаб йўналишларни қамраб олиши қайд этилган.

Шунингдек, музокараларда транспорт ва логистика, самарали қуруқлик ва ҳаво йўлакларини ривожлантириш, транспорт харажатларини камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Мирзиёев Lufthansa авиакомпаниясининг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри парвозларини қайта йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқишни таклиф этган.

Ташриф давомида Ўзбекистон билан Германия ўртасида меҳнат миграцияси соҳасида шаффоф ва тизимли ҳамкорликни йўлга қўйишга қаратилган битим имзолангани мамнуният билан урғуланган.

Германиянинг дуал таълим тизимини Ўзбекистон ҳудудларида кенг жорий этишга қизиқиш билдирилган. Етакчи университетлар ўртасида таълим ва илмий алоқаларни ривожлантириш учун икки мамлакат олий ўқув юртлари форумини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилган.

Ўзбекистон томони қўшма дастурларни амалга ошириш, Германия олий таълим муассасаларининг факультетлари ва филиалларини очиш учун барча шароитларни яратишга тайёрлигини билдирган.

Ташриф доирасида Бошқарув кадрларини тайёрлаш қўшма мактаби ишга туширилиши қайд этилди”, дейилган президент матбуот хизмати хабарномасида.

Германия канцлерининг Марказий Осиёга ташрифи арафасида Human Rights Watch халқаро инсон ҳақлари ташкилоти Олаф Шольцни минтақа лидерлари билан бўлажак учрашувларда минтақадаги инсон ҳуқуқлари муаммосига алоҳида эътибор қаратишга чақирган эди. Канцлер Ўзбекистон президенти билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида бу муаммони муҳокама қилиб-қилмагани маълум эмас. Самарқандга ташриф ортидан Олаф Шольц 16-17 сентябрь кунлари Остонада бўлиб, Германия – Марказий Осиё раҳбарларининг биринчи саммитида иштирок этиши кутилмоқда.

БП: Сузиш федерациясидаги талон-торож ҳолати юзасидан жиноят иши очилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Сузиш федерацияси мансабдор шахслари сузиш спорти учун ажратилган маблағлар ҳисобидан терма жамоа аъзоси бўлмаган, аслида Федерация Бош котиби А. Г. нинг оила аъзолари бўлган Н. Г., М. Г. ва бошқа жами 15 нафар фуқарони Туркияга дам олишга йўллаб, 405 миллион сўм маблағ талон-торож қилинишига сабаб бўлишган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати маълумот тарқатди.

БП федерация маблағлари ҳисобидан дам олиш учун Туркияга юборилган қолган 13 нафар кишининг шахси, бу одамлар кимларнинг яқини бўлгани, дам олишга нима учун айнан шу шахслар йўлланганига оид маълумотларни келтирган эмас.

Бош прокуратура қайдича, федерацияда амалда ўтилмаган ўқув-машғулот йиғинлар учун сохта буйруқлар асосида 458 миллион сўм маблағ ҳам ўзлаштирилган.

Бундан ташқари, Федерацияга халқаро мусобақа ва ўқув машғулотлари ўтказиш учун ҳомийлар томонидан ажратилган 1,2 млрд. сўм маблағлар мақсадсиз сарфланиб, талон-торож қилинган”, дейилган хабарномада.

Бош прокуратура Сузиш федерациясида жами 2 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ талон-торож қилингани юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини, назорат тадбирлари давом этаётганини қайд этган.

Сирдарёда боғчадаги ўлим ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида хусусий боғчада тарбияланаётган икки яшар И.С. нинг вафоти юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълумот тарқатди.

Мирзаободдаги оилавий боғчада шу йилнинг 7 август куни икки яшар ўғил бола томоғига овқат тиқилиб қолиши оқибатида тўсатдан вафот этгани ҳақида аввалроқ маҳаллий матбуот хабар қилган эди.

Болалар омбудсмани қайдича, ҳодиса ортидан Мирзаобод тумани прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув доирасида судга оид тиббий экспертиза тайинланган. Экспертиза хулосасига кўра, И.С. нафас йўллари беркилиб қолиши натижасида (обтурацион асфиксия) вафот этган.

Хабарномада туман тиббиёт бирлашмаси ва оилавий шифокорлик пункти масъул шахслари бола туғилганидан буён унда аниқланган камқонлик (анемия) касаллигини шу кунга қадар даволаш чораларини кўрмагани, И.С.ни боғчага қабул қилишда эса боланинг умумий соғлиғи ҳақидаги маълумотнома олинмагани ҳамда бола 3 ёшга тўлмаган бўлса-да, тарбияланувчилар сафига қабул қилингани урғуланган.

“Жорий йилнинг 11 сентябрь куни И.С. нинг вафот этганлиги ҳолати юзасидан Мирзаобод туман тиббиёт бирлашмаси ва оилавий шифокорлик пункти масъул ходимларига нисбатан ЖКнинг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) ҳамда оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилоти мансабдор шахсларига нисбатан ЖКнинг 192-11-моддаси 1-қисми (Нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди”, дейилган Болалар омбудсмани хабарномасида айни пайтда жиноят иши бўйича Мирзаобод тумани прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.

Мирзиёев Туркиянинг ТИВ, ИИВ ва МРХ раҳбарлари билан учрашди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (чапдан иккинчи) Туркия ташқи ишлар вазири Ҳақан Фидан (чапдан биринчи), ички ишлар вазири Али Ерлиқая (ўнгдан иккинчи) ва Миллий разведка хизмати директори Иброҳим Қалин (ўнгдан биринчи) билан, Тошкент, 2024 йил 12 сентябри
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев (чапдан иккинчи) Туркия ташқи ишлар вазири Ҳақан Фидан (чапдан биринчи), ички ишлар вазири Али Ерлиқая (ўнгдан иккинчи) ва Миллий разведка хизмати директори Иброҳим Қалин (ўнгдан биринчи) билан, Тошкент, 2024 йил 12 сентябри

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни Туркия ташқи ишлар вазири Ҳақан Фидан, ички ишлар вазири Али Ерлиқая ва Миллий разведка хизмати (MİT) директори Иброҳим Қалиндан иборат делегацияни қабул қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, учрашув аввалида меҳмон вазирлар Мирзиёевга Туркия президенти Эрдўғоннинг самимий саломини етказишган.

Қабул чоғида Ўзбекистон ва Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Хабарномада Мирзиёев ҳузуридаги учрашувда 12 сентябрь куни икки давлат вазирлари ва идоралари раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган қўшма учрашувнинг натижалари юқори баҳолангани, қабул қилинган “йўл харитаси”га мувофиқ мунтазам ва тизимли алоқаларни давом эттириш, бундай музокаралар формати ва кун тартибини кенгайтириш муҳимлиги таъкидлангани қайд этилган.

Сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама этилди. Хавфсизликка замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича идоралараро ҳамкорликни кучайтириш ва қўшма тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди”, дейилган Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабарномасида учрашув чоғида минтақавий ҳамкорлик ва халқаро ташкилотлар доирасидаги шерикликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилгани қўшимча қилинган.

Аввалроқ Туркиянинг “Онадўли” агентлиги Ҳақан Фидан, Али Ерлиқая ва Иброҳим Қалин ўзбекистонлик ҳамкасблари билан пайшанба куни Тошкентда ўтказилган учрашувда террорчилик, экстремизм, ноқонуний миграция ва контрабанда каби муаммолар билан бир қаторда минтақавий масалаларни муҳокама қилгани ҳақида хабар қилган.

Икки давлат вазирлари ўртасида қабул қилинган “йўл харитаси” сиёсий ҳамкорлик ва парламент дипломатияси, савдо-сотиқ, иқтисодиёт ва инвестициялар, мудофаа, хавфсизлик ва ички ишлар соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича конкрет қадамларни ўз ичига олиши қайд этилган.

Фирибгарликда гумонланган ўзбекистонлик икки эркак Туркиядан депортация қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Фирибгарлик жиноятини содир этганликда айбланиб 2019 йилдан буён қидирувда бўлган 47 ёшли Атабек Абдуллаев 12 сентябрь куни Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинган. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси маълумот тарқатди.

Абдуллаев Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинганини қайд этган ўзбек дипломатлари ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонасига ёки Ўзбекистон ИИВ ва унинг қуйи тизимларига мурожаат қилишни сўраган.

Ўнинчи сентябрь куни ҳам Бош консулхона фирибгарликда айбланаётган 32 ёшли Дониёржон Муқимжонов Туркиядан Тошкентга бадарға қилингани ҳақида маълум қилган эди.

Дипломатлар қайдича, Истанбул шаҳрида қўлга олинган бу шахс 2022-2023 йилларда ишончга кириш йўли билан ўзгаларнинг умумий ҳисобда қарийб 60 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларини фирибгарлик йўллари билан ўзлаштирганликда айбланиб, 2023 йилдан буён қидирувда бўлган.

Бу шахс хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан ҳам Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасига ёки Ўзбекистон ИИВ тизимларига мурожаат қилиш сўралган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG