Линклар

Шошилинч хабар
08 январ 2025, Тошкент вақти: 21:32

Халқаро хабарлар

Францияда собиқ президент Саркози устидан суд бошланди

Николя Саркози
Николя Саркози

Парижда Франциянинг собиқ президенти Николя Саркози устидан суд бошланди. У 2000-йиллар ўртасиларида Ливия диктатори Муаммар Қаддофий билан коррупцион тил бириктирувда айбланмоқда. Агар судда Саркозининг айби исботланса, у 10 йилгача қамалиши мумкин. Маҳкама жараёни уч ой давом этади.

Тергов тахминига кўра, 2005 йилда Саркози ва унинг аппарати Қаддофий билан тил бириктирган ҳамда 2006-2007 йилларда ундан камида 50 миллион доллар олган, бу пулларни Саркози ўз сайлов кампаниясини молиялаштириш учун фойдаланган. Эвазига Франция Қаддофий режимига хайрихоҳлик қилган, ваҳоланки у халқаро майдонда яккалаб қўйилган эди.

Саркозига “пассив коррупция”, “жиноий тил бириктирув”, “сайлов кампаниясини ноқонуний равишда молиялаштириш” ва Ливиянинг “давлат маблағлари қонуний ўзлаштирилганини яшириш” бўйича айбловлар билдирилган. Собиқ президент ўзининг айбдор эканини рад этиб, тергов томонидан тақдим этилган ҳужжатларни сохта деб атаган.

Бу Саркозига нисбатан учинчи маҳкама жараёни бўлиб ҳисобланади. 2021 йилда суд унга нисбатан иккита ҳукм чиқарган: биринчиси – коррупция ва мансабдор шахсни сотиб олишга уриниш моддаси бўйича Саркози уч йилга озодликдан маҳрум қилинган (бундан икки йили шартли қамоқ, бир йили уй қамоғи), иккинчиси – сайлов кампаниясини ноқонуний равишда молиялаштириш бўйича собиқ президентга ярим йилга озодликни чеклаш, ярим йиллик шартли қамоқ жазоси тайин этилган. Мазкур ҳукм устидан Саркозининг адвокатлари апелляция тартибида судга шикоят аризаси киритишган.

Meta контент модерациясига оид сиёсатини янгиламоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Facebook, Instagram ва Threads каби платформаларни ўз ичига олган Meta корпорацияси фактчекерлар ишини Community Notes – фойдаланувчилар изоҳи тизимига алмаштиради. Бу ҳақда корпорация бош директори Марк Цукерберг маълум қилган. У мазкур қарорни ифода эркинлигига қайтиш, деб атаган.

Цукербергга кўра, дезинформация ва зарарли контентга қарши курашнинг мураккаб тизими тез-тез хатога йўл қўйиб турган, бу ҳолат цензурага олиб келган. Масалан, АҚШда 2016 йилда бўлиб ўтган президент сайлови чоғида, гап сиёсий масалалар ҳақида борган пайтда фактчекерлар кўпинча холис бўлишолмаган.

Эндиликда тартиб-қоидалар соддалаштирилади ва фойдаланувчилар эълон қилинган материаллар юзасидан шикоят қилишлари мумкин бўлади. Корпорация контентни ўчириб ташлаш олдидан шикоятларни текшириши керак бўлади.

Шунингдек, Meta сиёсий мақолаларни қасддан яшириб қўйишни тўхтатади. Корпорацияга кўра, улар аудитория учун муҳимдир.

Сиёсий нохолисликка оид гумонларни камайтириш учун корпорациянинг контент модерацияси бўлими Калифорниядан Техасга кўчирилади. Meta, шуниндек, бошқа мамлакатларда ижтимоий тармоқдаги чекловларга қарши курашиш учун сайланган президент Дональд Трамп дохил АҚШ расмийлари билан ҳамкорлик қилиш ниятида.

Community Notes тизими Х ижтимоий тармоғида анчадан буён фойдаланиб келинмоқда, мазкур тизим постларга контекст қўшишга имкон беради ва шу билан уларнинг янада информатив бўлиши учун шароит яратади.

Тибетда зилзила қурбонлари сони 126 нафарга етди

Тибетдаги ер силкиниши оқибатлари, 2025 йил 7 январи
Тибетдаги ер силкиниши оқибатлари, 2025 йил 7 январи

Тибетда зилзила чоғида нобуд бўлганлар сони 126 нафарга, жароҳат олганлар сони эса 188 кишига етган. Бу ҳақда Хитойнинг “Синьхуа” давлат ахборот агентлиги хабар қилди.

6,8 магнитудали ер силкиниши эпимаркази Шигадзе шаҳар округида 10 километр чуқурликда бўлган.

Энг кучли зилзиладан сўнг магнитудаси 4,4 гача бўлган яна бир неча афтершок қайд этилган. Reuters агентлиги хабарига кўра, ер силкиниши қўшни Непал, Бутан ва Ҳиндистонда ҳам ҳис этилган.

Аввалроқ Хитой сейсмологик тармоқлари маркази 7 январь куни рўй берган зилзила сўнгги беш йил ичида энг кучлиси бўлганини маълум қилган.

“Синьхуа” агентлиги Шигадзе расмийларидан олинган дастлабки маълумотларга таянган ҳолда табиий офат чоғида 3609 та уйга шикаст етгани, аҳоли орасида 30 мингдан зиёд жабрланган шахс бошқа жойга кўчирилгани ҳақида ёзиб чиққан. Қайд этилишича, бинолар вайроналари остида қидирувлар давом этмоқда. Қутқарувчилар эвакуация қилинганлар учун чодирлар қуришга ҳам шошилишмоқда, чунки, тахминларга кўра, Тингри уездида ҳаво ҳарорати - 17 даражагача совиши кутилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти матбуот хизмати Тибетдаги зилзила оқибатида кўплаб одам ҳаётдан кўз юмгани ва жароҳат олгани муносабати билан Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпинга таъзия йўллагани ҳақида маълумот тарқатган эди.

Би-би-си қайдича, зилзила рўй берган Шигадзе шаҳри Тибетнинг энг муқаддас шаҳарларидан бири бўлиб ҳисобланади. Бу ерда Тибет буддавийлигида обрў-эътиборига кўра фақат Далай-ламадангина қуйида турадиган Панчен-ламанинг қароргоҳи жойлашган.

Дамашқдаги ўзгаришлардан кейин эронлик ҳарбийлар Сурияни тарк этди

Сурияда Башар Асад режими ағдарилган илк кунларда Дамашқ кўчаларида нон тишлаб кетаётган болаларни кўриш мумкин эди (архив сурати)
Сурияда Башар Асад режими ағдарилган илк кунларда Дамашқ кўчаларида нон тишлаб кетаётган болаларни кўриш мумкин эди (архив сурати)

Дамашқда ҳокимият Башар Асад режими мухолифларига ўтганидан эронпараст қуролли гуруҳларнинг катта қисми Сурияни тарк этди. The Wall Street Journal (WSJ) нашрининг хабар қилишича, мухолифат Дамашқда ҳокимиятни эгаллаб олган пайтда минглаб эронпараст жангари ҳали ҳам Сурияда эди, уларнинг бир қисми мамлакат шарқида, айримлари эса пойтахт Дамашқнинг ўзида бўлган.

WSJ нашрининг ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда қайд этишича, кейинроқ Ислом инқилоби посбонлари корпуси зобитлари дохил асосий эронпараст кучлар Эроннинг Сурия чегарасига яқин ерда жойлашган ал-Қаим шаҳрига кўчиб ўтишган.

Ғарблик дипломатлар чекиниш чоғида эронлик ҳарбийлар ва уларнинг иттифоқчилари Сурияда анчагина қурол-аслаҳа ва ҳарбий анжомларни қолдириб кетишган. Эронга қарашли бу аслаҳалар қисман Исроил томонидан йўқ қилинган ёхуд қатор давлатларда террор ташкилоти деб топилган “Ҳайъат Таҳрир уш-Шом” (ҲТШ) гуруҳи томонидан ўлжа ўлароқ олинган.

АҚШ Давлат котибининг Яқин Шарқ ишлари бўйича ёрдамчиси Барбара Лиф фикрича, Сурия эндиликда Эрон учун “душман ҳудуди”га айланган. Вашингтондаги эронлик ва ироқлик дипломатлар АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг бу фикрлари юзасидан изоҳ бермаганлар.

Ўтган йилнинг декабрь ойида ҲТШ ва Суриянинг янги маъмурияти раҳбари Аҳмад аш-Шараъа эронпараст кучларнинг Суриядан кетиши “Эроннинг минтақавий амбицияларини 40 йил ортга улоқтириб юборган”ини билдирган эди. Шу билан бирга, аш-Шараъа Эроннинг Суриядан кетиши минтақа тараққиёти манфаатларига хизмат қилишини урғулаган.

The Wall Street Journal мақоласида Сурия Эрон сиёсатида катта роль ўйнагани қайд этилган. Эрон раҳбарлари Сурия ҳудуди орқали Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳига қурол-аслаҳа йўллаб турган, айни пайтда Эрон ўз қуролли кучларини Исроил ҳудуди яқинида жойлаштириш имкониятига эга бўлган.

АҚШ Теҳрон Суриянинг янги раҳбарияти йўналишига таъсир кўрсатиш учун ўзининг эски пишангларидан фойдаланишга уриниб кўриши мумкинлигидан хавотир олмоқда, боз устига, Суриядаги вазиятни ҳозирча барқарор деб бўлмайди.

Тибетда рўй берган кучли зилзилада 53 киши қурбон бўлди

Тибет (иллюстратив сурат)
Тибет (иллюстратив сурат)

Хитойнинг Тибет мухтор районида 7 январь тонгида содир бўлган кучли ер силкиниши натижасида, сўнгги маълумотларга кўра, 53 киши ҳалок бўлган, 60 дан зиёд одам яраланган. Зилзила магнитудаси 6,8 баллни ташкил этган.

Зилзила эпимаркази Тингри уездида 10 километр чуқурликда бўлгани айтилмоқда. Би-би-си қайдича, зилзила кучи Тибетнинг энг муқаддас шаҳарларидан бири ҳисобланмиш Шигадзеда ҳам сезилган. Бу ерда Тибет буддавийлигида обрў-эътиборига кўра фақат Далай-ламадангина қуйида турадиган Панчен-ламанинг қароргоҳи жойлашган.

Ер силкиниши қўшни Непал ва Ҳиндистонда ҳам ҳис этилган. Табиий офат содир бўлган жойда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда. Зилзила ҳудудига 1,5 мингдан зиёд қутқарувчи йўлланган.

Йирик геологик синиқ чизиғида жойлашган бу минтақа учун зилзилалар одатий ҳол бўлиб ҳисобланади.

Бразилия Индонезиянинг БРИКСга қўшилганини эълон қилди

Индонезияда Мустақиллик байрами қутланган кундан лавҳа (архив сурати)
Индонезияда Мустақиллик байрами қутланган кундан лавҳа (архив сурати)

Индонезия 2006 йилда Россия, Бразилия, Ҳиндистон ва Хитой томонидан тузилган иқтисодий блок — БРИКСга расман қўшилган. Бу ҳақда 6 декабрь куни Бразилия ҳукумати томонидан тарқатилган расмий хабарномада айтилган. Бу йил мазкур ташкилотга Бразилия раислик қилмоқда.

Индонезиянинг БРИКСга қўшилишга тайёр экани ҳақида Жакарта ўтган йил октябрида Қозон шаҳрида бўлиб ўтган саммитда билдирган эди. Индонезия аҳоли сони бўйича дунёдаги тўртинчи давлат бўлиб ҳисобланади, бироқ унинг иқтисодиёти ҳатто энг йирик иқтисодиётлар ўнлигига ҳам кирмайди.

Бу Жануби-Шарқий Осиёда БРИКСга тўлиқ аъзо бўлган илк мамлакатдир. Январь ойидан Малайзия ва Таиланд шерик мамлакатга айланишган. Аввалроқ Индонезия ҳам шу мақомда бўлиши кераклиги айтилганди. Бу борада ҳали расмий Жакарта изоҳ берганича йўқ.

Аввалроқ Ўзбекистон, Қозоғистон, Беларусь, Боливия, Индонезия, Куба, Малайзия, Таиланд ва Уганда 2025 йилнинг 1 январидан БРИКСда расман шерик давлат мақомига эга бўлиши ҳақида хабар қилинган эди.

Даставвал Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африка кирган БРИКСга 2024 йилда Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Эфиопия ва Миср аъзо бўлиб кирган.

2024 йилда Малайзия ва Озарбайжон БРИКСга аъзо бўлиш учун расман ариза йўллаган.

Канада бош вазири Жастин Трюдо истеъфога чиқишини эълон қилди

Жастин Трюдо
Жастин Трюдо

Канада бош вазири Жастин Трюдо Либерал партия лидери мақомини, шу билан бирга ҳукумат раҳбари лавозимини тарк этиши ҳақида эълон қилди.

Канада парламенти фаолияти 24 мартгача тўхтатилади. Канада Либерал партияси Трюдонинг ворисини танлаши лозим бўлади, у автоматик равишда мамлакатнинг янги бош вазирига айланади.

Давлатнинг янги лидери “умумхалқ мусобақа жараёни” натижасида сайланиши лозим, дея урғулаган Трюдо. У партия янги раис сайлаши билан ўз ваколатларини топширишини билдирган.

Трюдога кўра, яқин ойларда мамлакатда янги сайлов бўлиб ўтиши кутилмоқда. Унинг ўзи сайловларда иштирок этмоқчи эмас.

Шу йил октябрида Канадада галдаги парламент сайлови бўлиб ўтиши керак эди. Энди эса сайлов муддатидан илгари ўтказилиши мумкин.

Таҳлилчилар қайдича, Трюдонинг кетиши Канада Консерватив партиясини лидерлик мақомига қайтариши мумкин. Шундай бўлган тақдирда, унинг раиси Пьер Пуальевр Канаданинг кейинги бош вазирига айланиши мумкин. Бироқ Трюдо ўз нутқида Пуальеврнинг Канада сиёсий истиқболига оид қарашларини “тўғри эмас” деб атаган: “Бизга келажагимиз борасида некбинона қараш лозим. Пуальевр буни таклиф қилаётгани йўқ”.

Оммавий ахборот воситалари Трюдо истеъфога кетиши мумкинлиги ҳақида сўнгги бир неча ҳафтадан буён ёзиб келишаётганди. У молия вазири Христина Фриланд кутилмаганда истеъфога чиқиши ортидан муаммоларга дуч келган.

Фриланд Трюдога йўллаган ва кейинчалик ижтимоий тармоқларда чоп этилган мактубида бош вазир унга ҳукуматда бошқа лавозимга ўтишни таклиф қилганидан кейин ўзида истеъфога чиқишдан бошқа чора қолмаганини билдирган.

Христина Фриланд Трюдонинг иқтисодиётни бошқаришга ёндашувини ҳам танқид қилган ва бош вазирни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампдан келаётган хатарга қарши тура олиш учун Канада провинциялари раҳбарлари билан биргаликда ишлашга чақирган.

Ижтимоий сўров натижаларига кўра, 2024 йил декабрь ҳолатига кўра Трюдо бошқарувини канадаликларнинг фақат 22 фоизигина маъқуллайди, бу Трюдо ҳокимият тепасига келганидан бери энг қуйи кўрсаткичдир. У Канада Либерал партиясига 2013 йилдан буён раҳбарлик қилиб келаётган эди. 2015 йилда эса Трюдо мамлакат тарихида энг ёш бош вазирга айланган.

Бокуда жосусликда гумонланаётган франциялик устидан суд бошланди

Мартин Райан
Мартин Райан

Бокуда 6 январь куни Франция фуқароси бўлган Мартин Райан устидан суд бошланди. Озарбайжон расмийлари уни жосусликда айблашмоқда. Маълумотларга кўра, Райан “айбини қисман тан олган”. Мазкур айблов бўйича унга 10 йилдан 15 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.

Мартин Райан 2023 йил декабрида ҳибсга олинган эди. У Бокуда 2020 йилдан буён фаолияти юритиб келаётган Merkorama савдо фирмасига раҳбарлик қилиб келаётган эди. Фирма Озарбайжонда бизнес юритиш ва экспорт масалалари бўйича бошқа хорижий ширкатларга маслаҳатлар ҳам бериб келган.

Айблов версиясига кўра, Райан Озарбайжоннинг Туркия, Эрон ва Покистон билан ҳарбий ҳамкорлиги ҳақида маълумот тўплаган ҳамда озарбайжонликларни Франция разведкаси билан ҳамкорликка мойил қилиш билан шуғулланган. Райаннинг ўзи унга нисбат берилаётган хатти-ҳаракатларни амалга оширганини, бироқ буни қасддан амалга оширмагани ва улар жиноят ҳаракати ўлароқ баҳоланиши мумкинлигини билмаганини эътироф этган. Унинг адвокати мижози Франция махсус хизматлари томонидан алданганини айтган.

Райан билан биргаликда давлатга хиёнатда айбланаётган Озод Маммадий ҳам судланмоқда. Судда у ўзига билдирилган айбловни тан олган эмас.

Ҳуқуқбонлар Райан ва Маммадийнинг ишини сиёсийлаштирилган, деган фикрдалар, деб ёзмоқда “Кавказский узел” нашри.

Франция билан Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар 2023 йили Тоғли Қорабоғ атрофидаги можаро таранглашган пайтда Париж Ереванни дастаклаб чиққани ортидан ёмонлашган. Арманистон Франциядан зирҳли техника сотиб олишни бошлаган, 2024 йил февралида эса Франция мудофаа вазири Себастьен Лекорню, зарурат туғилган тақдирда, Париж Арманистонга ҳаводан мудофаа тизимлари учун ракеталар етказиб беришга тайёрлигини билдирган.

2024 йилнинг январь ойида Франция Сенати Бокунинг Тоғли Қорабоғдаги хатти-ҳаракатлари туфайли Европа Иттифоқини Озарбайжонга қарши санкциялар жорий этишга чақирган резолюцияни маъқуллаган, май ойида эса Париж Янги Каледонияда (Франциянинг Тинч океанидаги ҳудуди) рўй берган оммавий тартибсизликларда Озарбайжонни айблаб чиққан. Озарбайжонлик сиёсатчилар бу баёнотларни асоссиз дея рад этишган.

Шимолий Корея ўрта манзилли баллистик ракета учирди

КХДР томонидан учирилган баллистик ракеталардан бири (архив сурати)
КХДР томонидан учирилган баллистик ракеталардан бири (архив сурати)

Шимолий Корея Япон денгизи тарафга ўрта манзилли баллистик ракета учирди. Бу ҳақда Yonhap агентлиги Жанубий Корея штаб бошлиқлари бирлашган қўмитасидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Ракета парвози маҳаллий вақт билан тақрибан соат 12 ларда Пхеньян яқинидан амалга оширилган, дея маълум қилишган ҳарбийлар. Бу КХДР томонидан янги йилда учирилган илк ракетадир. Қайд этилишича, ракета АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Жанубий Кореяга сафари манзарасида учирилган.

Шимолий Корея томонидан сўнгги баллистик ракета 5 ноябрь куни − АҚШдаги президент сайлови арафасида учирилган эди.

Ўтган йилнинг 31 октябрида ҳам КХДР Япон денгизи томонига қарата қитъалараро баллистик ракета отган. Ким Чен Ин ракета синовини “душманларга жавоб” деб атаган.

БМТ Хавфсизлик кенгаши санкциялари Шимолий Кореяга ракета синовлари ўтказишни тақиқлайди. Айни пайтда Россия 2022 йилда Украинага босқин ортидан Пхеньянга қарши санкция тартибини мунтазам равишда бузаётганликда айблаб келинади. Москва бу айбловларни рад этиб келмоқда.

Асад режими ағдарилганидан буён Сурияга 115 мингдан зиёд фуқаро қайтди

Сурия билан Ливан ўртасидаги назорат-ўтказиш маскани, 2025 йил 3 январи
Сурия билан Ливан ўртасидаги назорат-ўтказиш маскани, 2025 йил 3 январи

2024 йил декабрь ойи бошида Башар Асад режими ағдарилганидан кейин Туркия, Иордания ва Ливан каби давлатлардан 115 мингдан зиёд суриялик ўз мамлакатига қайтиб келган. БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги бошқармаси (ҚИОКБ) маълумотлари ана шундан далолат беради. Мазкур ҳисоботдаги маълумотлар расмий баёнотлар, иммиграция хизматлари ва чегара назорати статистикасига асосланган.

БМТ агентлиги қайдича, Сурия ичкарисида 664 мингга яқин киши бошқа жойларга кўчган бўлиб, уларнинг 75 фоизини аёллар ва болалар ташкил қилади.

Айни пайтда мамлакат ичида кўчганларнинг 486 минг нафари ўз жойларига, асосан Хама ва Ҳалаб вилоятларига қайтиб боришган.

“Қуролли тўқнашувлар, жиноятчиликнинг ортиши ва портламай қолган миналар дохил хавфсизликнинг йўқлиги вазият давом этаётгани тинч аҳоли вакиллари учун муаммо туғдиришда давом этмоқда ҳамда мамлакат ташқарисида яшаётган сурияликларнинг уйга қайтиш қарорига ўз таъсири кўрсатса керак”, дея қайд этишган БМТ ҚИОКБ вакиллари.

Декабрь ойида Башар Асад режими қулаганидан кейин Сурия чегара масканларида аввал мамлакатни тарк этган ва юртига қайтишга қарор қилган фуқаролардан иборат турнақатор навбатлар пайдо бўлгани ҳақида хабар қилинганди. Айни пайтда тартибсизликлардан чўчиб Сурияни тарк этганлар кам сонли кишилар ҳам қайд этилган.

БМТ ҚИОКБ, агар Сурияда сиёсий барқарорлик юзага келса, фуқаролар уруши ва сиёсий қатағонлар туфайли мамлакатдан чиқиб кетган сурияликлар 2025 йилда ёппасига уйларига қайтиши мумкинлигини урғулашган.

Блинкен: Сулҳ Путинга қайта ҳужум учун нафас ростлашга имкон беради

Энтони Блинкен
Энтони Блинкен

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен The New York Times нашрига берган катта интервьюсида бошқа масалалар қатори Украинадаги уруш ва уни тўхтатиш имкониятлари масаласига ҳам тўхталган.

Биз Россия ҳамкорликка тайёрлигига ишора қилувчи ҳеч қанақа аломат кўрмаяпмиз”, деган Блинкен “агар оташкесим бўлса, у Путинга нафас ростлаб олиб ва қайта қуролланиб, яна ҳужумга ўтиш учун вақт бериши”ни урғулаган.

Блинкен баёноти жаҳон оммавий ахборот воситалари томонидан сўнгги пайтларда Украина келажаги ҳақида АҚШ билан Россия ўртасида парда ортида ўтказилаётган муҳтамал музокараларга оид хабарлар тарқатилаётгани манзарасида янгради.

Айни пайтда интервьюда Блинкен АҚШ президенти лавозимини тарк этаётган Жо Байден маъмуриятининг “муваффақиятлар”и ҳақида сўз юритган. Давлат котиби фикрича, айнан ўзи ишлаётган маъмурият саъй-ҳаракатлари Украинанинг “оёқда қолиши”га имкон берган, ҳозирда кузатилаётган фронт чизиғи эса “энди сезиларли даражада ўзгармаса керак”.

Блинкен ўзи мансуб бўлган маъмурият энг аввало Украина давлатини қолдираётгани, чунки Путин бу мамлакатни харитадан ўчириб ташлашни истаганини урғулаган.

Биз Путинни тўхтатиб қолдик. У муваффақиятсизликка учради. Украина жойида турибди. Мен унинг нафақат ҳаётда қолиш, балки келажакда гуллаб-яшнаш потенциали бор, деб ўйлайман”, деган АҚШ Давлат котиби.

Шу билан бирга, Блинкен уруш бошидан бери Байден маъмурияти “Россия билан тўғридан-тўғри можарога йўл қўймаслик учун” қўлидан келган барча ишни қилганини эътироф этган.

Интервью президент Байден ва унинг Блинкен дохил бутун маъмурияти ваколатлари муддати тугашига икки ҳафта қолганида чоп қилинган.

Reuters: ҲАМАС гаровдаги 34 нафар исроилликни озод этишга тайёр

Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва Европа Иттифоқида террор ташкилоти деб тан олинган) Исроил билан оташкесим битими доирасида озод этишга тайёр бўлган 34 нафар гаровдаги шахс рўйхатини тузган. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.

ҲАМАС вакили агентлик билан суҳбатда Исроил билан қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқиб кетиш ҳақида келишувга эришилган тақдирдагина бу битим амалга ошиши мумкинлигини қайд этган. Гуруҳ вақтинча сулҳга эмас, жанговар ҳаракатларнинг тўлиқ тўхтатилишига ҳам эришмоқчи.

ҲАМАС 25 декабрь куни Исроилни қўшинларни олиб чиқиш, ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод қилиш бўйича янги шартларни олға сураётганликда айблаган. Бунга жавобан Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху девонхонаси келишувларга эришилишига айнан ҲАМАС хатти-ҳаракатлари сабаб бўлаётгани, чунки ҳаракат аввал эришилган шартларга риоя қилмаётганини билдирган.

Исроилнинг Ynet нашри хабарига кўра, томонлар битимнинг асосий бандларини ўзаро мувофиқлаштириб бўлишган, бироқ бу ерда асосий баҳсли масала ҲАМАС томонидан илк босқичда озод этилажак гаровдагилар сони бўлиб турибди.

ҲАМАС гуруҳи 2023 йил 7 октябрида Исроил жанубига уюштирган ҳужуми чоғида 250 дан зиёд одамни гаровга олган. Уларнинг бир қисми музокаралар давомида озод этилган. Исроил маълумотига кўра, Ғазога олиб кетилган гаровдагиларнинг қолгани 101 нафар киши бўлиб, улардан 51 нафари тирик. Гаровга олинган шахсларни озод қилиш бўйича ҲАМАСчилар билан сўнгги ойларда олиб борилган музокараларда олға силжиш бўлган эмас.

Словакия бош вазири украиналик қочқинларга ёрдамни қисқартириш билан таҳдид қилди

Словакия бош вазири  Роберт Фицо
Словакия бош вазири  Роберт Фицо

Словакияда Украина ҳудуди орқали Россия гази етказиб берилишининг тўхтатилишига нисбатан жавоб чоралари муҳокама қилинади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Роберт Фицо билдирди.

Фицо етакчилигидаги Smer партияси Украинага электр энергияси етказиб берилишининг тўхтатилиши, украиналик қочқинларга ёрдам қисқартирилиши масалаларини кўриб чиқади ҳамда газ транзити тикланиши ёки бош вазир сўзларига кўра, Россия гази етказиб берилмай қўйилгани туфайли Словакия кўрган зарар учун товон талаб қилади. Фицо ҳисоб-китобига кўра, мамлакат бундан қарийб 500 миллион евро миқдорида зарар кўрган.

Мен [партиям] электр энергияси етказиб берилишининг тўхтатилиши ва Словакиядаги Украина фуқароларини дастаклашни сезиларли даражада қисқартиришга оид дебатларни олиб бориш ва коалицияда келишувга эришишга тайёр эканини билдираман”, деган Фицо. У газ етказиб берилишининг тўхтатилишини Украина президенти Владимир Зеленский томонидан “саботаж” деб атаган.

Словакияда газ етказиб беришнинг муқобил манбалари ҳам бор, бироқ Фицо мамлакат транзитдан тушадиган ўз даромадларидан маҳрум бўлиши ҳамда Россияники бўлмаган газ етказиб берилиши учун қўшимча транзит йиғимлар тўлашини айтмоқда.

Россия газини Украина ҳудуди орқали экспорт қилиш Россия билан Украина ўртасиа транзит шартномаси муддати тугагани сабабли 1 январь куни тўхтатилган. Словакия Украинадан шартнома муддатини узайтиришни талаб қилган.

Сеулда қўриқчилар президент Юн Сок Ёлнинг ҳибсга олинишига тўсқинлик қилишди

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль (архив сурати)
Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёль (архив сурати)

Жанубий Корея Давлат аксилкоррупция агентлиги терговчилари президент Юн Сок Ёль қароргоҳига уни ҳибсга олиш бўйича ордерни бажариш учун киришган. Бироқ давлат раҳбарининг хавфсизлик хизмати уларга тўсқинлик қилишмоқда. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар қилди.

Қароргоҳда терговчилар билан президент қўриқчилари ўртасида тўқнашув бўлиб ўтган. Президент вакиллари ҳибсга олиш уриниши ноқонунийлигини билдиришган. Юн Сок Ёль Конституциявий суд томонидан иш кўриб чиқилиши якунлангунига қадар лавозимидан вақтинча четлатилган шахс бўлиб ҳисобланади ва президент қўриқчилик хизмати ҳимояси остида бўлади.

Терговчилар ҳибсга олиш бўйича ордерни 6 январгача бажаришлари лозим.

Сеул суди Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш ва унинг қароргоҳида тинтув ўтказишга ордерни 2024 йил 31 декабрида берган. Бу иш Юн ўзини сўроққа чақирган Аксилкоррупция текширувлари бошқармасидан келган учта чақирув қоғозини эътиборсиз қолдиргани ортидан амалга оширилган.

14 декабрь куни Жанубий Корея парламенти овоз бериш натижасида мамлакат президентига импичмент эълон қилиш қарорини дастаклаган. Импичмент қарорини ёқлаб 300 депутатдан 204 нафари овоз берган, 85 нафари эса бунга қарши чиқишган.

Овоз бериш яширин йўл билан амалга оширилган. Бу импичмент учун овоз беришга иккинчи уриниш бўлиб, биринчи уринишда Юн Сок Ёлни лавозимдан четлатиш учун овоз етарли бўлмаган.

Импичмент тўғрисидаги масала парламентда 3 декабрь куни Юн Сок Ёль “КХДРнинг мамлакат ичкарисидаги тарафдорларига қарши кураш учун” ҳарбий ҳолат жорий этилиши ҳақида эълон қилганидан кейин кўтарилган. Олти соат давомида амалда бўлган фармон билан сиёсий партиялар фаолияти, норозилик чиқишлари, иш ташлашларга тақиқ қўйиб, унда цензурани ҳамда ўлим жазоси чиқариш ҳуқуқига эга бўлган ҳарбий-дала трибуналларини жорий қилиш кўзда тутилганди. Бу ҳолат Сеул кўчаларида ҳам, парламентда ҳам кенг кўламли норозилик чиқишларига сабаб бўлган. Депутатлар ҳарбийлар томонидан парламент биноси штурм қилинаётган пайтда президент қарори бекор қилиниши учун овоз беришган. Шундан сўнг у қонунга мувофиқ равишда фармонни бекор қилишга мажбур бўлган. 7 декабрь куни президенти телевидение орқали қилган чиқишида ўз хатти-ҳаракатлари учун узр сўраган.

Юн Сок Ёль одатда Шимолий Кореяга нисбатан қаттиқ тутумга эга бўлган ўнг кучлар вакили бўлиб ҳисобланади. У 2022 йилда президент этиб сайланган. Мухолифатдаги Демократик партиянинг Пхеньянга нисбатан позицияси анчагина юмшоқ.

Ҳуқуқбонлар Теҳронни италиялик журналист аёлни озод қилишга чақиришди

Чечилия Сала
Чечилия Сала

Халқаро ҳуқуқбонлик ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари Эрон расмийларини 2024 йил 19 декабрида ҳибсга олинган италиялик журналист Чечилия Салани озод қилишга чақиришмоқда.

Италиянинг Il Foglio газетаси мухбири бўлган журналист аёл Эроннинг машҳур Эвин қамоқхонасида сақланяпти. 29 ёшли Сала Эронда журналистлар учун бериладиган виза асосида юрган ва 20 декабрь куни Италияга қайтиши керак бўлган.

"Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) Саланинг қамоқхонага ташланиши Теҳрон томонидан мамлакатда мустақил журналистика аёвсиз бостирилаётганини таъкидлашини билдирди", деб ёзган “Америка овози”нинг рус хизмати.

Эрон қамоқхонадаги журналистлар сони бўйича дунёда еттинчи ўринни эгаллайди. 2024 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, улар сони 16 нафар бўлган.

Эрон Чечилия Сала қўлга олинганини тасдиқлаган. IRNA давлат ахборот агентлиги у “Эрон Ислом Республикаси қонунларини бузгани” учун ушлангани ҳақида хабар қилган. ОАВ хабарларига кўра, Chora Media подкаст-ширкати учун ҳам ишлайдиган Сала бир кишилик камерада тутиб турилибди.

Италия бош вазири Жоржа Мелони офиси бош вазир “бу мураккаб ишни диққат билан кузатаётгани” ва Салани озод қилиш бўйича “мулоқот учун ҳар қандай эҳтимолий йўл”ни қидираётганини маълум қилган. Италия ташқи ишлар вазири эса Сала соғ-саломат экани ва уни уйга қайтариш бўйича музокаралар олиб борилаётганини билдирган.

Қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти, афтидан, Сала ўзбошимчалик билан қўлга олингани ҳақида баёнот берган.

Вашингтондаги миллий пресс-клуб Саланинг якка ҳолда тутиб турилганини қоралаган.

Саланинг қамоққа ташланиши бу ҳақиқат излаш йўлида журналистлар қандай хатарларга дуч келаётгани тўғрисидаги эслатмадир. Унинг қўлга олиниши матбуот эркинлиги учун ҳақорат ва халқаро меъёрларнинг бузилишидир”, дея билдирган клуб президенти Эмили Уилкинс.

Сала Италия расмийлари Миланда Швейцария ва Эрон фуқароси бўлган тадбиркор Муҳаммад Обидиний Нажафободийни АҚШ сўровига кўра ҳибсга олганидан бир неча кун ўтиб қўлга олинган. АҚШ Адлия вазирлиги версиясига кўра, тадбиркор Қўшма Штатларнинг санкциялар тўғрисидаги қонунларини бузганлик ва террор ташкилотини дастаклаганликда айбланмоқда. Бу дастак пировардида Иорданидаги дрон ҳужуми натижасида уч нафар америкалик ҳарбий ўлимига олиб келган.

АҚШ Давлат департаменти вакили Италиянинг La Repubblica газетасига, америкалик дипломатлар фикрича, Сала Нажафободийнинг ҳибсга олинишига жавобан ҳибсга олинганини билдирган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG