Линклар

Шошилинч хабар
09 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:25

Халқаро хабарлар

Амстердамда исроиллик футбол ишқибозлари ҳужумга учради

Исроилнинг “Маккаби Тель-Авив” футбол клуби ишқибозлари, Амстердам, 2024 йил 7 ноябри
Исроилнинг “Маккаби Тель-Авив” футбол клуби ишқибозлари, Амстердам, 2024 йил 7 ноябри

Евролигада ўйнаётган Исроилнинг “Маккаби Тель-Авив” ва Нидерландиянинг “Аякс” клублари ўртасидаги футбол ўйинидан кейин Амстердамда исроиллик футбол ишқибозларига ниқоб тақиб олган кишилар ҳужум қилишди. Ҳужумчиларнинг айримлари Фаластин байроқларини кўтариб олишган бўлиб, улар Фаластинни ёқловчи шиорларни қичқириб айтишган. Ҳужумчилар исроилликлар яшаётган меҳмонхонага ҳам бостириб киришга уринишган. Бу ҳақда The Times of Israel нашри хабар қилди.

“Едиот Ахронот” нашрининг ёзишича, ўйин олдидан Исроил клуби ишқибозлари кўчага осилган Фаластин байроғини ечиб олишган. Ўйиндан сўнг исроилликлар шаҳарнинг бир неча жойида ҳужумга учрашган. Жабрланувчилар калтаклангани ва пичоқдан яралангани айтилмоқда.

Исроил Ички ишлар вазирлиги Нидерландия расмийларидан олинган маълумотга таянган ҳолда, ҳодича чоғида 10 киши жароҳат олгани, яна икки киши ҳужумдан сўнг бедарак йўқолганини маълум қилган.

Нидерландия полицияси вакиллари шаҳар марказидаги муштлашувлар тўғрисида ўзларида бир неча хабар келиб тушганини маълум қилишган. Полициячилар маълумотига кўра, тартибсизликлар ортидан 57 киши қўлга олинган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу исроиллик фуқароларни мамлакатга қайтариш учун зудлик билан Нидерландияга иккита учоқ йўллаш ҳақида топшириқ берган. Нетаняҳу Нидерландия расмийларидан Исроил фуқаролари хавфсизлигини таъминлаш учун тартибсизликлар иштирокчиларига нисбатан “тез ва қатъий чоралар” кўришни талаб қилган. Исроил ТИВ эса Амстердамда юрган исроилликларни меҳмонхонани тарк этмасликка чақирган.

Исроилнинг БМТдаги элчиси Дэнни Данон Х ижтимоий тармоғида ҳужум кадрларини ёйинлаган.

Бу биз курашаётган радикал террорчилик тарафдорларининг ҳақиқий башарасидир”, деб ёзган у.

Нидерландия парламентидаги ўнгчи “Эркинлик партияси” лидери Герт Вилдерс Амстердам кўчаларида содир бўлган воқеани ёппасига “ур-калтак” деб атаган.

Биз Европанинг Ғазосига айландик. Фаластин байроқларини тутган мусулмонлар яҳудийларни овламоқда. Расмийлар Исроил фуқароларини ҳимоя қилолмаганлари учун жавобгарликка тортилади”, дея билдирган у.

Трамп: Ноқонуний мигрантларга қарши кураш – устувор йўналиш

Дональд Трамп
Дональд Трамп

АҚШдаги президент сайловида ғалаба қозонган республикачи Дональд Трамп сайловдан кейинги илк интервьюсида лавозимга киришганидан кейинги ўзининг устувор йўналишларидан бири чегарани мустаҳкамлаш бўлишини билдирди. NBC News телеканалининг ноқонуний мигрантларни ёппасига депортация қилиш бўйича сайловолди ваъдасига оид саволга Трамп ўз маъмуриятида буни амалга оширишдан бошқа чора йўқлигини қайд этган.

Демократлар номзоди ва амалдаги вице-президент Камала Ҳаррис устидан ғалабасини Трамп мамлакатга “соғлом фикр киритилиши” учун мандат деб атаган.

Аввалроқ Трамп иттифоқчилари ва хусусий бизнес вакиллари миграция сиёсатидаги ўзгаришларга махфий равишда тайёрланаётгани ҳақида CNN манбалари маълум қилишганди.

Телеканал суҳбатдошларидан бирига кўра, Трамп командасидаги дастлабки муҳокамалар жиноят содир этган ноқонуний иммигрантларни бадарға қилишга қаратилганди. Бу ерда асосий масала АҚШга болалигида олиб келинган иммигрантларни депортация қилиш керакми-йўқми, деган масаладир.

The Wall Street Journal маълумотига кўра, умумий ҳисобда 20 миллион чоғли мигрант депортацияга тушиши мумкин.

NBC қайдича, сайловолди кампанияси чоғида демократлар Трампнинг иммигрантлар тўғрисидаги гап-сўзларига эътибор қаратишга уринганларига қарамай, латинамерикаликлар орасида Трампни дастаклаш ортгани кузатилган. Трампга кўра, унинг миграция масаласи бўйича позицияси муваффақиятли бўлган, чунки “одамлар мамлакатга қонунга риоя қилувчи фуқаролар келишини истайди”.

Россия фойдасига жосусликда айбланган озарбайжонлик журналист аёл 13 йилга қамалди

Озарбайжонда суд журналист Назакет Мамедовани Россия фойдасига давлатга хиёнат қилганлик айблови билан 13 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Озодликнинг озарбайжон хизмати хабар қилди.

Мамедова оммавий ахборот воситаларида сиёсий шарҳловчи ўлароқ чиқишлар қилиб келган ҳамда Alfa TV Youtube-каналини юритиб келган. Озарбайжон расмийлари уни Россия махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилганликда айблашган. Жиноят иши материалларида Назакет Мамедованинг вазифасига Youtube-канали очиш, интервьюлар ташкил этиш ва “очиқдан-очиқ Россия тарафини олган материаллар” бериб бориш кабилар киргани айтилган.

Иддаога кўра, Мамедова мунтазам равишда Москвага бориб, у ерда махфий учрашувлар ўтказиб келган ҳамда айрим шахсларнинг Россия махсус хизматлари ходимлари билан учрашувини ташкил қилишга уринган. Ўз иши учун у пул олиб келган, бу пуллар банк ўтказмаси орқали бошқа киши номига йўлланиб турган.

Назакет Мамедова 2023 йил октябрида қўлга олинган эди. Судда у ўзига қўйилган айбловни тан олган эмас. Журналист аёл Москвага конференцияда иштирок этиш учун боргани ва телеканаллар эфирида чиқиш қилганини, у томонидан олинган пуллар эса қалам ҳақи (гонорар) ва командировка харажатлари эканини билдирган. Аёл пуллар бошқа одам номига келишини бу даромадларни собиқ эридан сир сақлаш истаги билан изоҳлаган.

Путин Трампни президентликка сайлангани билан табриклади

Россия президенти Владимир Путин
Россия президенти Владимир Путин

Россия президенти Владимир Путин Дональд Трампни АҚШ президенти лавозимига сайлангани билан табриклади. У Трампни жасоратли киши деб атаб, унга қўнғироқ қилишга қарши эмаслигини айтди.

Фурсатдан фойдаланиб, уни Америка Қўшма Штатлари президенти лавозимига сайлангани билан табриклашни истайман. Аввал айтганимдек, биз Америка халқи ишонч билдирган ҳар қандай давлат раҳбари билан ишлаймиз. Бу амалиётда ҳам шундай бўлади”, деган Владимир Путин Валдай форумидаги матбуот анжуманида (тадбир трансляцияси интернетда олиб борилган) бошловчининг АҚШ президентлари тўғрисидаги саволига жавоб берар экан.

Путин Америка президентларининг ҳаммасини қизиқарли кишилар деб ҳисоблашини билдириб, бошқалар бу “дунёдаги етакчи давлатлардан бири”нинг раҳбари лавозимини эгаллай олмаган бўларди, дея қайд этган.

Трамп ҳақида гапирар экан, Путин унинг “биринчи президентлик муддатида ортиқча қадам қўйишга, бир оғиз ортиқча гап гапиришга қўрққан”ини айтган. Шунингдек, у америкалик сиёсатчига суиқасд уюштирилган пайтда унинг ўзини тутишидан таъсирланганини қўшимча қилган.

Одам ўзини фавқулодда шароитларда кўрсатади. Менимча у ўзини жуда тўғри, жасоратли кўрсатди, ўзини эркаклардай тутди”, дея билдирган Путин.

Россия президенти Трампнинг Россия билан алоқаларни тиклашга интилиш ва “Украина инқирозини тугатишга кўмаклашиш”га оид сўзларини эшитганини айтган.

“Агар Трамп сизга инаугурациягача қўнғироқ қиладиган бўлса, АҚШнинг сайланган президенти билан гаплашишга тайёрмисиз?” деган саволга “ҳа” дея жавоб берган.

Мен ўзим ҳам унга қўнғироқ қилишим мумкин ва буни уятли иш деб ҳисобламайман. Бу ишни қилмаётганимнинг сабаби қай бир босқичдан бошлаб ғарб давлатлари раҳбарлари менга қарийб ҳар ҳафта қўнғироқ қилишиб, кейин бирдан тўхтатиб қўйишганди. Хоҳламаётган бўлсалар, керак эмас бизга ҳам. Биз эса, кўриб турганингиздек, соғу саломатмиз”, деган Путин.

Кейинроқ АҚШ билан алоқаларни йўлга қўйиш имконияти ҳақида гапира туриб, Путин АҚШ президентлари “теран давлат” вакиллари билан ишлашга мажбур эканини ва “тўғридан-тўғри халққа мурожаат қилишлари” лозимлигини билдирган.

Унинг сўзларидан “теран давлат” деганда Путин президентлик кампаниялари ҳомийлари томонидан Оқ уйга тайинланадиган вакилларни назарда тутгани англашилади. “Теран давлат” давлат сиёсатига зимдан таъсир ўтказувчи мувофиқлаштирилган гуруҳ мавжудлиги тўғрисида АҚШда кенг тарқалган фитна назариясидир. У ҳақда сайланган президент Трамп ҳам ўз чиқишларида гапирган эди.

Ғарб сиёсатчиларининг қўнғироқлари ҳақида гапирганда, афтидан, Путин Украинага кенг кўламли босқиндан олдинги ва ундан кейинги даврни назарда тутган. Путин Украинага бостириб киришга ҳозирлик кўрилганини охирги дақиқагача инкор қилган.

Путин шу пайтгача Трампнинг сайловдаги ғалабаси ҳақида гапирмаган эди. Унинг матбуот котиби Дмитрий Песков Путин сайланган президентни табриклашни истаб-истамаслигидан хабари йўқлигини айтганди.

“Верстка” нашри иддаосига кўра, Путин сайловда ғалаба қозонган Трампга табригини “танишлари орқали” йўллаган. Песков буни рад этган, Трамп штабидагилар эса бунга изоҳ беришмаган.

Зеленский Трамп билан “ажойиб” суҳбат қурганини маълум қилди

Зеленский ва Трампнинг жорий йил сентябрида бўлиб ўтган учрашувидан лавҳа
Зеленский ва Трампнинг жорий йил сентябрида бўлиб ўтган учрашувидан лавҳа

Украина президенти Владимир Зеленский 6 ноябрь оқшомида АҚШдаги президент сайловида ғолиб чиққан Дональд Трамп билан телефон орқали сўзлашиб, уни Оқ уйга қайтиши билан табриклаган. Бу ҳақда Зеленскийнинг Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида билдирилган.

Украина президенти Трамп билан бўлиб ўтган суҳбатни “ажойиб” деб, унинг ғалабасини эса “тарихий” ва “ишончли” деб атаган. Зеленскийга кўра, у Трамп билан тиғиз мулоқот ва ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида келишиб олган, шунингдек, “адолатли дунё учун” АҚШнинг лидерлиги муҳимлигини урғулаган.

Зеленский аввалроқ бошқа дунё лидерлари қаторида Трампни ғалаба билан табриклаган эди. У Трампнинг “куч воситасида тинчликка эришиш”га оид тезиси ўзига ёқаётгани ва бу тезис Украинадаги урушга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкинлигини қайд этган.

Трамп ва унинг сайлов кампанияси вакиллари Зеленский билан бўлиб ўтган суҳбат юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.

Германияда ҳукмрон коалиция тарқаб кетгани билдирилди

ГФР канцлери Олаф Шольц
ГФР канцлери Олаф Шольц

Германия канцлери Олаф Шольц молия вазири Кристиан Линднерни ишдан олди. Линднер айни пайтда Германия Эркин демократик партияси (ГЭДП) раиси бўлиб ҳисобланади. Мазкур партия Шольц раҳбарлигидаги Германия Социал-демократик партияси ҳамда “Иттифоқ-90/“яшиллар” билан коалиция тузган. Бу ҳақда Германиянинг Bild нашри хабар қилди.

Кристиан Линднер истеъфосини ҳукумат матбуот котиби Штеффен Хебештрайт ҳам тасдиқлаган.

Bild нашри ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда Олаф Шольц ГЭДПдан олдинроқ ҳаракат қилгани ҳақида ёзмоқда: улар 6 ноябрь оқшомида девонхонада коалицион қўмита тарк этишни, 7 ноябрь куни эса коалиция шартномасини бекор қилиб, ўз вазирларини чақириб олишни режалагандилар.

Deutsche Welle (“Немис тўлқини”) хабарига кўра, 6 ноябрь куни Берлинда бўлиб ўтган коалицион қўмита мажлисида ГФР молия вазири ва ГЭДП раиси Кристиан Линднер коалициядаги ҳамкорларга 2025 йил бошида мамлакатда муддатидан илгари парламент сайлови ўтказишга розилик беришни таклиф қилган.

Улар бу таклифга рози бўлишса, Линднер 2024 йил учун Германиянинг қўшимча бюджетини қабул қилишга ҳамда парламент сайлови ўтгунича ўтиш даври ҳукумати таркибида қолишга тайёр эканини билдирган. Бунга жавобан ГФР канцлери Олаф Шольц Линднер ишдан бўшатилганини эълон қилган.

Ҳаррис ва Байден Трампни ғалаба билан табриклашди

Камала Ҳаррис ва Дональд Трамп
Камала Ҳаррис ва Дональд Трамп

АҚШ вице-президенти ва Демократик партиядан президентликка номзод Камала Ҳаррис 6 ноябрь куни Дональд Трампга қўнғироқ қилиб, уни сайловдаги ғалабаси билан табриклади. Ҳаррис ёрдамчиларидан бирининг Associated Press агентлигига айтишича, телефон мулоқотида у Трамп билан ҳокимиятни тинч йўл билан топширишнинг аҳамиятини муҳокама қилган.

Трамп сайлов кампанияси вакили Стивен Чунг номзодлар ўртасидаги мулоқотни “дилдан суҳбат” дея таърифлаган.

Президент Трамп вице-президент Ҳаррисга бутун кампания давомида унинг кучи, профессионализми ва қатъияти учун миннатдорлик билдирди, ҳар икки лидер мамлакатни бирлаштириш муҳимлиги юзасидан якдиллик изҳор қилди”, дейилган у томонидан тарқатилган баёнотда. Бундан аввал Трамп ва Ҳаррис ўртасида телефон сўзлашуви бўлиб ўтганини СBS ва CNN манбалари ҳам тасдиқлашган.

Трампга АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ҳам қўнғироқ қилган. Бу яқин орада Трампни Оқ уйда қабул қилиб, у билан ҳокимиятни топшириш масаласини муҳокама қилмоқчи. NBC хабарига кўра, Байден янги президент инаугурациясида ҳам қатнашади. Байден 2020 йили Трамп ўрнига президентликка келганида у бу ишларнинг ҳеч бирини қилган эмас. 7 ноябрь куни Байден сайлов натижалари бўйича ва ҳокимиятни топшириш бошлангани муносабати билан АҚШ халқига мурожаат қилади, дея маълумот тарқатди Оқ уй матбуот хизмати.

Сайловда 294 та овоз тўплаган Дональд Трамп 5 ноябрь куни АҚШда бўлиб ўтган президент сайловида ғалаба қозонган. Унинг асосий рақиби, амалдаги вице-президент Камала Ҳаррис 223 та овоз тўплашга муваффақ бўлган. Овозларни санаш иши давом этмоқда, бироқ оз қолган саналмаган овозлар сайлов натижасига сезиларли таъсир кўрсатмайди. Сайловдан сўнг дунёдаги кўплаб давлат ва ҳукумат раҳбарлари 6 ноябрь куниёқ Трампни президент этиб сайлангани билан табриклашга улгуришган.

Украина дрони Доғистоннинг Каспийск шаҳригача етиб борди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия телеграм-каналлари маҳаллий турғунлардан олинган маълумотларга таянган ҳолда 6 ноябрь тонгида Доғистонда портлаш овозлари эшитилгани ҳақида хабар қилишди. Кейинроқ Доғистон раҳбари Сергей Меликов Каспийск шаҳри узра дрон йўқ қилингани ҳақида билдирди.

Мулозим ўз постида минтақа аҳолисидан “хотиржамликни сақлаш, фақат текширилган манбаларга ишониш” ҳамда дрон ҳужуми видеосини интернетга жойламасликни сўраган.

Ҳужум чоғида қурбон ёки ярадор бўлганлар ҳақида маълумот йўқ.

Mash ва Shot телеграм-каналлари бу ерда гап Украинада ишлаб чиқарилган ва “Учар тулки” деб ном олган енгил А-22 учоқ-дрони ҳақида гап бораётганини иддао қилишмоқда.

Baza телеграм-канали хабарига кўра, дрон ҳужум туфайли Маҳачқалъа аэропортида учта рейс парвози кечиктирилган.

Россия ва Украина Мудофаа вазирликлари мазкур ҳужум юзасидан ҳали бирор изоҳ берганларича йўқ. Каспийск шаҳри билан Украинанинг энг яқин шаҳарлари орасида камида минг километрдан кўпроқ масофа бор.

Туркия Қирғизистоннинг қарийб 60 млн долларлик қарзидан кечди

Қирғизистон ва Туркия байроқлари (иллюстратив сурат)
Қирғизистон ва Туркия байроқлари (иллюстратив сурат)

Анқара Қирғизистоннинг Туркиядан олинган қарзини кечиб юборган. Бу ҳақда 5 ноябрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров туркиялик ҳамкасби Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан ўтказилган қўшма матбуот анжумани чоғида билдирган.

Жапаров Эрдўғон билан ўтказилган музокаралар натижаларига кўра соғлиқни сақлаш, энергетика, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш, шунингдек, хавфсизлик ва маданият соҳаларида қатор шартномалар имзоланганини ҳам маълум қилган.

Ишонч билан айтишим мумкинки, бу давлат ташрифи Қирғизистон-Туркия алоқалари тарихида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берган муҳим воқеа бўлди”, деган Садир Жапаров.

Қирғизистон президенти маъмуриятининг ахборот сиёсати бўлими мудири Дайирбек Ўрунбеков кейинроқ “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида Қирғизистоннинг Туркия олдида 58,8 миллион доллар миқдорида қарзи қолгани ва бу қарздан “яшил иқтисодиёт” лойиҳаларини амалга ошириш эвазига кечиб юборилгани ҳақида ёзди.

Эрдўғон Қирғизистонга давлат ташрифи билан 4 ноябрь оқшомида етиб келган. 5 ноябрь куни Қирғизистон президенти маъмуриятида тор ва кенгайтирилган таркибда учрашувлар бўлиб ўтган, бу учрашувлар якунида эса қўшма баёнот қабул қилинган.

Эрдўғон 6 ноябрь куни Бишкекда ўтказиладиган Турк давлатлари ташкилоти XI саммитида ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Мазкур саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этади.

Аввалроқ Қирғизистон президенти Садир Жапаров ривожланаётган мамлакатларга иқлим ўзгаришига қарши курашда ёрдам бериш учун “яшил иқтисодиёт” эвазига қарздан кечиш механизмидан фойдаланиш таклифи билан халқаро молия ташкилотлари ва давлатларга бир неча бор мурожаат қилган эди.

Тожикистонлик фаол ГФРдан депортация олдидан ўз жонига қасд қилишга уринди

Дилмурод Эргашев
Дилмурод Эргашев

Тожикистонлик мухолифат фаоли Дилмурод Эргашев Германиядан Тожикистонга депортация олдидан ўзини ўлдиришга уринган. Бу ҳақда The Insider нашри фаолнинг сафдоши, мухолифатчи Шарофиддин Гадоев сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Гадоевга кўра, полиция ходимлари уни депортация қамоқхонаси камерасида қонга беланиб ётган ҳолда топишган. У қорин соҳасини, қўлларини кесган, шунингдек, кўктомирини кесишга ҳаракат қилган. Касалхонада унинг кесилган жойларини тикишган, шунга қарамай, Эргашевни 6 ноябрь тонгида депортация қилиш режаланмоқда.

“Тожикистонга қайтганидан кейин Эмомали Раҳмон режими томонидан унга нисбатан муқаррар жазо ва аёвсиз қатағон бўлишини англаган Эргашев ўзини ўлдиришга уринган. Эргашев сиёсий мухолифларини шафқатсизлик билан жазолаши билан машҳур бўлган режим “қассоблар”и қўлига тушгандан кўра ўлимни афзал кўрарди”, дея иқтибос келтирган Гадоев сўзларидан нашр.

Гадоев бошчилигидаги “Тожикистонни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш” ҳаракати ҳуқуқбонлик ташкилотлари ва халқаро ҳамжамиятни зудлик билан вазиятга аралашиб, Эргашев депортациясини тўхтатиш учун чора кўришга чақирган.

Биз Германия расмийларидан ўз қарорини қайта кўриб чиқишни ва Дилмурод Эргашевга сиёсий қочқин ўлароқ лойиқ бўлган ҳимоя берилиши талаб қиламиз”, дейилган ҳаракат баёнотида.

Дилмурод Эргашевни ватанига бадарға қилишга оид қарор тожикистонлик фаол қўлга олиниши билан Клеве шаҳри маъмурий суди томонидан 28 октябрь куни чиқарилган. Суд қарорига мувофиқ, Эргашев 7 ноябргача депортация қилиниши лозим. Сафдошларига кўра, суд тожикистонлик фаолнинг Германияда ўзига сиёсий қочқинлик бериш тўғрисида ариза топширганини ва мазкур ариза ҳали ҳам бошқа маъмурий суд томонидан кўриб чиқилаётганини эътиборга олмаган.

Эргашев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмонга мухолиф бўлган “24 гуруҳи”нинг энг фаол аъзоларидан бири бўлиб ҳисобланади. 2024 йилда у мухолифатнинг бошқа бир ҳаракати бўлган “Тожикистонни ислоҳ қилиш ва ривожлантириш”га қўшилган. У сўнгги 13 йил ичида Германияда истиқомат қилиб келаётган эди.

Исроил бош вазири мудофаа вазири Галантни ишдан олди

Бинямин Нетаняҳу (чапда) ва Йоав Галант.
Бинямин Нетаняҳу (чапда) ва Йоав Галант.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мудофаа вазири Йоав Галантга нисбатан ўзида ишонч қолмаганини айтиб, уни ишдан бўшатди. Бу ҳақда Нетаняҳу офиси маълумот тарқатди.

Галантнинг ўрнига Мудофаа вазирлигига раҳбарлик қилиш ташқи ишлар вазири Исраэл Кацга топширилган. ТИВга эса бундан буён ҳукуматнинг яна бир аъзоси бўлган Гидеон Саар етакчилик қилади.

“Урушнинг илк ойларида ўзаро ишонч бўлиб, ҳамкорликдаги иш фойда берганига қарамай, сўнгги ойларда мен ва мудофаа вазири ўртасидаги бу ишончга, афсуски, путур етди”, дея таъкидлаган Нетаняҳу Галантнинг истеъфосини изоҳлар экан. Нетаняҳу Галант бутун ҳукумат қарорларига зид келувчи қарорлар қабул қилгани ва баёнотлар билан чиққанини ҳам қўшимча қилган. Бош вазир ўртадаги келишмовчиликларни бартараф қилишга урингани, бироқ улар “тобора кенгайиб боргани”, пировардида бу вазиятдан Исроил душманлари “кўп фойда топгани”ни урғулаган.

Бешинчи ноябрь куни Йоав Галант ҳам бу борада изоҳ берган. “Исроил давлати хавфсизлиги доим ҳаётимдаги асосий иш бўлган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади”, деган собиқ мудофаа вазири.

Reuters қайдича, ўнгчи “Ликуд” партиясидан бўлган Нетаняҳу ва Галант бир неча ойдан буён Ғазо секторида Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳига (Исроил, АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган) қарши Исроил амалиётининг кейинги ҳаракатлари юзасидан баҳслашиб келишаётган эди. Бу баҳслар ҲАМАС вакилларининг 2023 йил 7 октябрида Исроил жанубига ҳужумидан кейиноқ бошланган. Ўша пайтдаги ҳужумда 1200 дан зиёд одам ўлган, 250 дан зиёд киши эса гаровга олиниб, Ғазога олиб кетилган.

Мавжуд келишмовчиликлар ҳақида сўз кетганда ҳарбийлар анчадан буён жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ва ҲАМАС қўлида гаровда тутиб турилганларни уйга қайтариш ҳақида келишувга эришиш фикрини олға суришаётганини қайд этиш лозим. Нетаняҳу фикрича эса, жанговар ҳаракатлар ҲАМАС Ғазо секторидаги ҳукмрон ташкилот ва қуролли куч сифатида йўқ қилинмагунича давом этиши шарт.

Эстонияда “тил патруллари” пайдо бўлди, русийзабонлар бундан норози

Эстон тилида ёзилган кўча ишоратларидан бири (архив сурати)
Эстон тилида ёзилган кўча ишоратларидан бири (архив сурати)

Жорий йил кузида Эстонияда Keelemalev деб аталган янги халқ ҳаракати пайдо бўлди: эстон тилида бу сўз “тил қўшини” ёки “тил патрули” деган маънони англатади.

Ҳаракатни сиёсатчи Индрек Луберг тузган. У одамларни жамоат жойларида рус тилидан фойдаланилаётганига оид барча ҳолатлар бўйича ўзига Facebook ижтимоий тармоғи орқали хабар беришга чақирган. Бу каби “қонунбузарликлар”га, Лубергга кўра, дўконларнинг буклетлари, театр афишалари, ширкат ва муассасаларнинг веб-сайтларида дуч келиш мумкин.

Эстонияда аудиторияга давлат тилидан бошқа тилда мурожаат қилган барча “тил патруллари” вакиллари томонидан рус тилидан воз кечишга чақирилмоқда. Масалан, бир нечта савдо тармоғи рус тилида буклет чиқарганлари учун Индрек Лубергдан расмий мактуб олишган.

Эстонияда рус тилида сўзлашувчиларнинг бир қисми мазкур ташаббусдан ўта норози. Улар “тил қўшини” саҳифаси юзасидан Facebook модераторларига шикоят қилишга чақиришган ва бу ташаббус миллатлараро адоват қўзғатаётганини иддао қилишмоқда.

Бундай иш устидан Европарламентга шикоят қилиш, петициялар топшириш мумкин ва керак. Булар мисли кўрилмаган нарсалар”, деб ёзган Луберг хатти-ҳаракатларидан норозилардан бири.

Жамоат жойларида рус тилидан фойдаланишга қарши кураш Латвияда анчадан буён давом этмоқда. Бироқ Эстонияда сиёсий арбоблар ҳалигача “тил қўшини” ташаббусига эътибор қаратган эмаслар. Шунга қарамай, эстон тили тўғрисидаги қонун ижроси устидан назорат олиб борадиган Тил департаменти раҳбари “тил патруллари” ташаббусини яхши ғоя, деб ҳисоблайди.

Уруш туфайли жамиятдаги кайфият ўзгарди. Мен ўзим ҳам оммага тақдим этиладиган барча маълумотни, дейлик, истеъмолчилар учун мўлжалланган маълумотларни рус тилига таржима қилишга ҳожат йўқ, деб ҳисоблайман. Рус тилида сўзлашувчи кўпчилик эстон тилини тушунади, улар эстон тилидаги реклама буклетларини ҳам тушуна олишлари мумкин”, деган Эстония Тил департаменти директор Илмар Томуск.

Сўнгги пайтларда Эстонияда бирданига бир неча муассаса мижозлар билан алоқадан рус тили олиб ташланиши ҳақида маълум қилган. Масалан, Полиция ва Чегарани қўриқлаш департаменти авваллари автоматик огоҳлантирув хабарларини уч тилда – эстон, рус ва инглиз тилларида тарқатишар эди. Бироқ Эстонияда яшовчи кишилардан бири бунга Тил департаменти эътиборини қаратганидан кейин бу икки ташкилот хабар тарқатишда бундан буён рус тилидан фойдаланилмаслигини билдиришган.

Тинимсиз жала туфайли Барселона аэропортида ўнлаб рейс кечиктирилди

Испания тинимсиз ёққан жала ортидан (иллюстратив сурат)
Испания тинимсиз ёққан жала ортидан (иллюстратив сурат)

Испаниянинг Барселона шаҳри ва атрофида тинимсиз ёққан жала туфайли 4 ноябрь куни қизил огоҳлантириш эълон қилинди. Расмийлар одамларни заруратсиз кўчага чиқмасликни сўрамоқда. “Евроньюс” телеканали хабарига кўра, шиддатли жалалар Валенсия вилоятидан мамлакат шимолий-шарқига – Барселонага кўчган.

Шу тариқа Барселона Испаниянинг экстремал об-ҳаво шароитидан жабр кўрган яна бир минтақасига айланган. Ижтимоий тармоқларда Барселона аэропорти терминалига сув кираётгани акс этган видеокадрлар пайдо бўлган.

Испания Давлат метеорология агентлиги Каталониянинг айрим қисмларида тинмаётган жала туфайли қизил хатар даражасини эълон қилган, маҳаллий ОАВ эса йўлларда қисман сув остида қолган автомобилларни намойиш қилган.

Испанияда катталиги бўйича иккинчи аэропорт ҳисобланмиш Барселонанинг Эл-Прат аэропорти ўнлаб авиарейсларни бекор қилган ёки кечиктирган, поезд қатнови ҳам тўхтатилган.

Аввалроқ Испаниянинг Валенсия вилоятида тинимсиз жала туфайли юзага келган тошқин натижасида камида 217 киши нобуд бўлгани ҳақида хабар қилинган эди.

Шимолий Корея Япония тарафга бир неча баллистик ракета учирди

Шимолий Корея Япон денгизи томонга қисқа масофали бир неча баллистик ракета учирган. Бу ҳақда “Рёнхап” агентлиги Жанубий Корея ҳарбийларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди. КХДР бир неча кун аввал ҳам баллистик ракета учирган эди.

Жанубий Корея штаб бошлиқларининг бирлашган қўмитаси маҳаллий вақт бўйича эрталабки соат 7:30 ларда Шимолий Хванхэ вилоятининг Саривон деган жойидан ракеталар учирилганини аниқлаганини билдирди. Айни пайтда қўмита учирилган ракеталар сонига аниқлик киритган эмас.

NHK телеканали Япония Мудофаа вазирлигидан олинган маълумотларга таянган ҳолда камида еттита ракета учирилгани ҳақида хабар қилди. Ракеталар денгизга бориб тушишдан аввал 400 километр масофани учиб ўтган. Бу АҚШда президентлик сайлови бошланган куни содир бўлди.

Бу орада Шимолий Корея лидерининг синглиси Ким Ё Чжон КХДР яриморолда ҳарбий кучлар тенглигининг бузилишига йўл қўймаслигини билдирди, дея хабар қилди давлатга қарашли КМТА агентлиги.

Бугунги кунда Корея яриморолида ва минтақада душманларимиз ва бизнинг ўртамизда кучлар тенглигининг бузилиши урушни англатади – бу инкор этиб бўлмас объектив воқеликдир”, дея билдирган Ким Чен Иннинг синглиси, Корея Меҳнат партияси Марказий қўмитаси бўлим мудирининг ўринбосари лавозимини эгаллаб турган Ким Ё Чжон.

АҚШда президентлик сайловига бир неча кун қолган 31 октябрда КХДР Япон денгизи тарафга қитъалараро баллистик ракета учирган. Ўшанда Ким Чен Ин ракетанинг учирилишини “душманларга жавоб” деб атаган эди.

Ракета учирилишига жавобан Жанубий Корея, АҚШ ва Япония ўтган ҳафтада Қўшма Штатларнинг B-1B бомбардимончи учоғи иштирокида қўшма ҳаво машқларини ўтказишган.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг санкциялари Шимолий Кореяга ракета синовлари ўтказишни тақиқлайди. Айни пайтда Москва Украинага 2022 йилдаги босқиндан сўнг Пхенянга қарши санкция тартибини бузаётганликда мутназам равишда айбланиб келади. Москва бу айбловларни рад этиб келмоқда.

Ўтган йил сентябрида Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва ва Пекин КХДРга қарши санкциялардан бош тормоқчи экани, чунки бу санкциялар “мутлақо бошқа геосиёсий вазиятда” қабул қилинганини билдирган эди.

Москва Украина босқинида қатнашган 3344 нафар хорижликка фуқаролик берди

Россия 2024 йил бошидан бери президент Путиннинг Украина босқини иштирокчилари ва уларнинг оила аъзоларига паспорт бериш имконини туғдирган фармони асосида 3344 нафар хорижликка фуқаролик тақдим этган. Бу ҳақда Россия Ички ишлар вазирлиги расмий вакили Ирина Волк маълум қилди.

Мулозима мазкур статистика фақат ҳарбийларгагина тегишлими ёки уларнинг яқинларига ҳам дахлдорми эканига аниқлик киритган эмас.

Аввалроқ Путин Россия армияси билан шартнома тузган ёки россияпараст ҳарбий тузилмаларда хизмат қилган ҳарбийларни фуқароликка қабул қилишга изн берган эди. Бунга оид қонун 2022 йилда қабул қилинган.

Украина уруши чоғида Россияда паспорт олганига қарамай, ҳарбий қайддан ўтишдан бош тортган фуқароларни фуқароликдан маҳрум қилишга имкон берувчи қонунлар ҳам қабул қилинган. Сентябрь ойида ИИВ бу қонун ижросига киришгани ҳақида маълум қилган эди.

Бундан ташқари, Россияда фуқаролик олган хорижликларни паспортидан маҳрум этиш учун асослар рўйхати кескин кенгайтирилганди. Ирина Волкка кўра, 2024 йилнинг саккиз ойи мобайнида 1117 нафар паспорт олган шахс Россия фуқаролигидан маҳрум этилган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG