Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:51

Бош вазир бозор айланди


Бош вазир Шавкат Мирзиёев бозорларга ҳар куни тушиб турса бўларкан, демоқда пайтдан фойдаланиб қолган тошкентликлар.
Бош вазир Шавкат Мирзиёев бозорларга ҳар куни тушиб турса бўларкан, демоқда пайтдан фойдаланиб қолган тошкентликлар.

Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев 10 октябр куни Тошкент деҳқон бозорларини айланди. Бош вазирнинг пойқадами ҳали бозорлар остонасига етмасдан нарх-наволар ташлаб юборди. Бозор хўжайинлари вазирнинг “нега бозорда нархлар бунча баланд?” дейишидан қўрқиб, нарх-навонинг попугини вақтинча пасайтириб қўйишди.


Бош вазир Шавкат Мирзиёев бозорларга тушармиш, деган хабар бир кун олдин Тошкентдаги барча бозорқўмлар қулоғига етиб борди. Шаҳардаги барча деҳқон бозорлари шу куни нарх-навони вазир бир-икки ой аввал белгилаб берган нарх даражасига туширди. Бироқ Бош вазир баъзи бозорларга борди, баъзиларига бормади.



Бош вазир Бешёғоч, Қўйлиқ ва Эски жўва деҳқон бозорларини айланди.

Бош вазир ташрифидан сўнг Эски Жўва бозори директори ишдан олинди. Эски Жўва бозор маъмурияти бу хабарни Озодликка тасдиқлади.

Миробод деҳқон бозори ҳам вазир келишига “тайёргарлик” кўрган эди. Яхши мол гўштининг нархи 7000 сўм қилиб белгилаб ёзиб қўйилди. Бироқ Бош вазир бу бозорга кирмади. Бозорнинг ўз исмини билдирмаган ходимларидан бири бозорда икки хил нарх борлигини тасдиқлади:

- Гўштни суяги билан 7000 сўмдан соттираяпмиз. Тирик балиқ 4500 сўм.

Озодлик: Ҳозир ҳам шундай-а?

- Ҳа, шунақа нарх-наво.

Озодлик:
Бўлмаса нархлар тушиб қолибдида.

- Гўшт ичкаридачи, 10500 бўлаяпти. Билсангиз, ТЗПга, налоговийга буйруқ берилган. Шунга ҳозир суяк қўшиб 7000 сўмдан сотилаяпти. Бундан бу ëғига шунақа задание берибди вазир.

Озодлик: Бундан ортиқ бўлмасин дебми?

- Ҳа. Кеча қанча налоговойлар, Эски жўванинг директорини ишдан олибдию.

Озодлик: Сизлар гўштни арзон қилагнингиз билан қорамол бозорда қимматку?.

- Қимматда энди, нима қилайлик. Билмайман, ҳозирча шу нарса буйруқ берилаяпти, қилинаяпти. Арзонроқ мол топиладида,- дейди бозор ходимларидан бири.

Энди қассоблар ва бозор маъмурияти арзон мол исташга мажбур. Бўлмаса Бош вазирнинг айтганини қилмаса¸ Эски Жўва бозорқўмининг куни бошига тушиши аниқ.

Бироқ арзон молнинг ўзи бозорда йўғу. Бозор иқтисодиётининг ўзи нарх-навони шунга тўғирлаб қўйган бўлса. Ким ўз молини зарарига сотишни истайди?

Сирдарё вилоятининг Ховос туманида қассоблик қилаётган Муҳаммаджонга кўра, ҳукуматнинг бундай тадбири шу йилнинг ёз ойида бир жорий қилинган эди, бироқ иш бермади:

- Бизда бу ўтиб кетди. Июн ойида бўлган эди. “7000 сўмдан сотасизлар”, деди. Бир ой 7000 сўмдан сотдик. Шу билан мол тўғри келмади. Яна ошиб кетди. 15 кун бекор қолдик. Кейин нарх яна жойига тушиб олди,- дейди сирдарёлик қассоб Муҳаммаджон.

Тошкентнинг Ҳамза туманида истиқомат қиладиган Абдуқаҳҳор Мусаевга кўра, бозордаги нарх-навони сунъий равишда тушириш ҳеч қайси замонда ўзини оқламаган. Етиштирилаётган маҳсулотга сарфланган сарф-харажат ўзини оқлаб, ундан фойда қолмаса, ҳеч ким тадбиркорлик қилмайди, бу исбот талаб этмайдиган аксиома, дейди Абдуқаҳҳор ака.

- Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, ем вообше қиммат. Агар молбоқарлардан сўрасангиз, ўша пулига тўғри келаяптида молни етиштириб сотиш учун. Бир кило шелуха 400 сўм. Бир кило кепак 300 сўм. Жўхори 700 сўм. Кунжара билан шротнинг ўзи таги йўқ. Мутлақо тўғри келмайдида. Бу нарх жуда реалний емнинг ҳисобида. Кўзбўямачилар минбарга чиқиб олиб вайсайверади,- дейди Абдуқаҳҳор Мусаев.

Тошкентлик Абдуманнон Холжўраев ҳукуматнинг бозорлардаги бундай ўйинларини “лўттивозлик” деб атар экан, одамлар аллақачон бундай ўйинларга кўникиб қолганлигини қўшимча қилади.

- Икки хил нарх бор бозорда. Ценник қўйилган, лекин ўша ценникка қараб гўшт бермайди ëки кам беради. “Энди ака бу буйруқ билан қўйилган нарса”, деб очиғини айтади. Фарҳод бозори қошида Торгово Закупочний Предприятие (ТЗП), деган фирма очилибди. Ўшанинг директори Баҳодир Эргашев деган экан. Бевосита шу одам билан гаплашдим. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бўйича нарх икки хил эди. Масалан, пиëзга 250 ëзиб қўйибдида, 300-350дан сотаяпти. Картошкага 400 ëзиб қўйибдида, 600дан сотаяпти. Қизиқиб, шуларни бориб суриштирдим. ТЗПнинг директори “Йўқ, шунчадан сотилади”, деди ва мен билан прилавканинг ëнига келди. Келиб “Буларга ана шу нархда беринглар”, деб кетди. Яъни суриштирганим учун менга. Фарҳод бозоридаги қоғозларда мол гўшти 7000дан ошмаган. Қўй гўшти 8000 сўм. Лекин мол гўшти 12 мингдан, қўй гўшти 16 мингдан сотилаяпти.

Биласизми бу нима? Бу лўттибозлик! Буни хўжакўрсин, деб ҳам бўлмайди. Чунки хўжанинг ўзи йўқку. Мана масалан, мен оддий харидорман. Кўриб турибманку кундалик нархни. Ë буни Шавкат Мирзиëев билмайдими? Билади. жуда яхши билади. Бу бозордаги кундалик савдодаги лўттибозлик. Кейин у телевизорга тушириш учун ëки доим Ахборотда жаннатмакон қилиб кўрсатиш учун бериладиган нарсалар. Бу матбуот маддоҳлигининг бир белгиси,- дейди тошкентлик Абдуманнон Холжўраев.

Унга кўра, Бош вазир талаб қилган нарх-наво у бозорларга кириб чиққунча зўрға чидаб турди. Бош вазир бозордан чиққанидан сўнг нархлар яна "эркин нафас" ола бошлади.

Бироқ жуда ҳам эркин эмас. Ҳар ҳолда маҳсулотлар ёрлиқларига ёзилган нархларда ҳамон шаклан қисилиб, ёзилиб турибди.
XS
SM
MD
LG