Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:25

Андижонда пахтага юборилган талаба ўлдирилди


Ҳар йил кузда ўзбек талабалари ўқув залларини қўйиб¸ пахта далаларини тўлдиришади.
Ҳар йил кузда ўзбек талабалари ўқув залларини қўйиб¸ пахта далаларини тўлдиришади.

Озодлик манбаларига кўра¸ Андижон университетининг 1-курс талабаси 4-курс йигитларидан еган калтагидан жон берган.


Андижон давлат университети қошидаги Тарих факультетининг биринчи курс талабаси пахта теримида вафот этди. Бу ҳақда Озодликка хабар берган андижонлик ҳуқуқ фаоли Жаҳонгир Қосимовнинг айтишича, бу воқеа Андижон давлат университетининг Тарих факультети талабалари пахта тераётган жой - вилоятнинг Улуғнор туманида душанба куни рўй берган:

- Андижон давлат университети Тарих факултети талабаларини Андижон вилоятининг Улуғнор туманида Овулмат қишлоғи 14 мактабда ëтоққа пахтага боришган экан. Шу ерда биринчи курс талабаси, исм-фамилияси аниқлангани йўқ ҳали, лекин Жалолқудуқ туманидан экан, шуни тўртинчи курс талабалари армейский дедовшина каби, Ўзбекистон олий ўқув юртларида биринчи курс талабаларини юқори курс томонидан мажбурлаб ишлатиш, пул талаб қилиш ҳолати борда, шу вақтда оммавий калтаклаган бир талабани. Шу боланинг ошқозонига оғир жароҳат етиб оламдан ўтибди.

Озодлик: Қайси кун бўлган бу воқеа?

- 12 сентябр куни кеч соат 10-11 орасида бўлган. Етти киши калтаклаган экан. Шу факултет декани Алишер ака Мамажонов, унинг ўринбосари ҳозир ҳибсда экан.

Озодлик: Бу хабар қанчалик аниқ ва ишончли?

- Аниқ. Ҳозир текширилаяпти бу аниқ манбалардан. У туман вилоят марказидан 70 километр олисдалиги учун боришга имкон бўлмади. Эртага ëки индинга боришга ҳаракат қилиб кўрамиз. Шу воқеадан кейин ўрнига одам қўйиб кетганлар пахтага бориб ëки пул бериб домлалар билан гаплашганларнинг ҳаммаси чақиртирилаяпти экан. Прокуратура текшираëтгани учун бу ишни болаларни ўрнига қўйиш учун текширув ўтказилаяпти экан. Пахтадан ўрта ҳисобда 200 доллардан 400 долларгача гаплашилиб қолинган, дейди Жаҳонгир Қосимов.

Андижон давлат университетининг исмини ошкор этмаган ўқитувчиларидан бири Озодлик билан суҳбатда пахта теримида талабанинг вафот этганлиги фактини тасдиқлади. Бироқ ўқитувчига кўра, талаба калтак зарбидан эмас, балки юрак хуружи оқибатида вафот этган:

- Қайси кунлиги эдимда йўғу, тарих факултетида бўлибди. Қаерлигини билмайман. Менинг эшитишимга қараганда¸ юрак касаллиги бор эканда. Пахта тераëтган пайтда нафас етмасдан, нафас ололмасдан вафот этган экан. Юрак клапанларни бекилиб қолибдида. Нафас ололмасдан ўтиб қолибди у бола. Менинг билганим мана шу. Яна бир гапни айтишди. Амакиси вилоят касалхонасида ишлар экан. Медицина экспертизаси бўлар эканку. Ўшанақага ўша амакисини олиб келишибди. Ўзи экспертиза ўтказибди. Сиз айтаëтган “Тўртинчи курс талабалари урибди, сўкибди” деган гаплар асоссиз, дейди исмини ошкор этмаган Андижон давлат университети ўқитувчиси.

Озодлик билан суҳбатда Андижон вилоят прокуратураси расмийси талабанинг ўлгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади ва ҳозирда бу иш билан Улуғнор туман прокуратураси шуғулланаëтганини билдирди.

Улуғнор туман прокуратурасининг телефонга жавоб берган ходими Озодлик радиоси деган сўзни эшитибоқ¸ телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Озодлик манбалари ҳозирда вафот этган талабанинг шахсини аниқлаш¸ ҳамда фожиа тафсилотларини кенгроқ ўрганишга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистонда пахта мавсумида йиғим-теримга оммавий равишда жалб этиладиган вилоятлардаги мактаб ўқувчилари ва талабалар орасида ўз жонига қасд қилиш¸ муштлашув ëхуд хасталик оқибатида вафот этиш ҳоллари ҳар йили кузатилади.
XS
SM
MD
LG