Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:27

Бозорчилар учун янги ижара нархлари тасдиқланди


Бозор маъмуриятида ишлаш эсктидан "мойли" жой ҳисобланиб келган.
Бозор маъмуриятида ишлаш эсктидан "мойли" жой ҳисобланиб келган.

Ўзбекистондаги бозорлар ва савдо комплексларининг йиғимлар, ижара тўлови меъёрлари тасдиқланди. Ўзбекистон Молия вазирлигининг қарорига кўра, бу йиғимлар бозор ва савдо комплекслари маъмурияти томонидан йиғилади. Бироқ бозорларда савдо қилувчи одамларнинг айтишларича, ҳар кунлик йиғимларнинг асосий қисми бозорқўмлар чўнтагига тушади.

Norma.uz Интернет сайтининг маълум қилишича, янги тартибга кўра, Тошкент бозорларида нон билан савдо қилувчи шахс ҳар куни паттачига 2200 сўм, вилоят марказларида 1600 сўм ва туман марказларида камида 900 сўм тўлашлари шарт.

Тарози ижараси кунига 1100 сўмни, махсус кийим ижараси эса 400 сўмни ташкил қилади. Пойтахт бозорларидаги совутгичларда бир яшчик ёки бир қоп маҳсулотни сақлаш учун 1700 сўмдан йиғим олинади.

Ҳужжатда ҳар бир савдо жойининг ҳажми узунасига 1-1,2 метрни ташкил этиши кераклиги айтилади. Агар савдо жойи бундан ошса, қўшимча тўлов ундирилади.

Бозорлардаги савдо нуқталаридан олинадиган патта пули бозор инфраструктурасини яхшилашга ва бюджетга даромад қилиниши айтилади.

Бироқ, Янгийўл шаҳридаги бозорда нон сотиш билан шуғулланадиган якка тартибдаги тадбиркор Дилором опанинг айтишича бозорқўмлар ижара тўловларини Молия вазирлигининг ҳар йили тасдиқлайдиган қарори асосида эмас, ўзларининг хоҳиши бўйича жорий этадилар.

Бу тадбиркорга кўра, айни пайтда ўзи савдо қиладиган бозордаги ижара нархлари пойтахт бозорларидагидан ҳам юқори:

- Бозорда нон сотаман. Ҳар куни паттачилар келиб 2500 сўмдан патта пули олади. Биз ўзи бу паттанинг асл нархи қанча эканини ҳам билмаймиз. Бутун бозор тўлаб турганда биз ҳам тўлаймизда. Агар патта қиммат деб айтадиган бўлсангиз, сизга тескари бўлиб олишади. Ҳар ким ўз жойини йўқотиб қўйишдан қўрқади. Чунки бозорда савдогарлар ўртасида рақобат катта,- дейди Дилором опа.

Тошкентнинг Юнусобод деҳқон бозорида савдо қилувчи Ботиржоннинг сўзларига кўра, патта нархлари жуда баланд эмас. Бироқ, дейди Ботиржон, ҳар кунлик ижара йиғимларининг асосий қисми давлат ғазнасига эмас, бозор маъмурлари чўнтакларига тушади:

- Патталардан тушадиган пуллар бору, ярмидан кўпи чапга кетади. Бизнинг тахминимизча бир 30 фоиз тушум бюджетга ўтса керак. Қолгани бозорқўм бор, солиқчилар бор, мелиса бор, хуллас чўнтакларга бўлинади,- дейди Ботиржон.

Олинган патта пуллари касса аппарати орқали ўтади, бу ҳолатда пулни яшириб бўлмайдику, деган саволимизга Ботиржон кулиб бундай жавоб берди:

- Касса аппарати борку, уни орқага айлантириш иложи бор. Махсус одамлари бор. Кечқурун савдодан кейин келишиб касса аппаратини орқага айлантириб беришади. Яъни бюджетга қанча кетиши керак, бу ёқда қанча қолиши керак, бу бозорқўмнинг ихтиёридаги нарса ва бунга ажабланмаслик керак,- дейди якка тартибдаги тадбиркор Ботиржон.

Озодлик тадбирокрларнинг бу иддаоларига муносабат олиш учун Тошкентдаги Олой деҳқон бозори маъмурияти билан боғланди. Ўзини бозор маъмурияти директори деб таништирган Жамолиддин аканинг айтишича, бозорда бундай нарсалар бўлмаган ва ҳеч қачон бўлмайди ҳам. Бозорқўм барча тушумлар бир тийини ҳам қолмасдан давлат ғазнасига топширилишини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG