Швециянинг TeliaSonera ширкати Ўзбекистонда иш бошлаш учун юзлаб миллион АҚШ доллари миқдорида пора берганига оид ишнинг янги тафсилотлари ошкор бўлди. Швеция ҳукуматига қарашли TeliaSonera Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун президент Каримов оиласига пора бергани иддао қилинмоқда. Швеция прокуратураси аппеляция судига тақдим қилган TeliaSonera масъул ходимларининг ўзаро ёзишмаларида ширкат масъуллари Ўзбекистонда бизнес бошлашдан аввал Гулнора Каримова билан контакт ўрнатишга уринганига ишора қилади.
Калит қизларда
TeliaSonera ширкати ижрочи ходимлари ўртасида 2007 йил март ойида қилинган имейл ёзишмаларида гап Ўзбекистондаги Coscom мобил операторини сотиб олиш ва бунинг учун биринчи навбатда президентнинг қизлари Гулнора ва Лола Каримовалар билан мулоқот ўрнатиш лозимлиги ёзилган.Имейллардан бири TeliaSoneraга қарашли Fintur Holdings ширкатининг ўша пайтдаги бош директори, асли туркиялик Саркан Элден номидан TeliaSoneraнинг яна бир собиқ менежери Эско Ритконен номига ёзилган. Унда ўша пайтда Ўзбекистонда муаммоларга дуч келган Coscom операторини Россия ва Қатар инвесторлари сотиб олишга ҳаракат қилгани, лекин Ўзбекистон расмийлари бунга рози бўлмагани айтилади.
“Шунинг учун биз (яъни TeliaSonera) президент Каримов элитаси ичидаги телекоммуникация соҳасини назорат қиладиган доираларга каналларни топиш учун бир неча қадам қўйдик. Туркиянинг собиқ президенти Сулаймон Демирел бизни қўллаб-қувватлашни сўраб, президент Каримовга хат ёзди. Finturнинг Ўзбекистонга кира олиши учун бир нечта доиралар турли томонлардан ҳаракат қилмоқда” дейилади Саркан Элден хатида.
Бу ҳаракатлар натижасида “Каримовнинг биринчи қизи Гулнора Каримова ва унинг телеком соҳасидаги ҳамкорлари билан эҳтимолий учрашув ўтказилиши мумкин”, деб ёзади яна TeliaSonera расмийси.
"Агрессив тип" Абдулла Орипов
Бу ёзишмалардан маълум бўлишича, TeliaSonera ижрочиси Эско Ритконен Ўзбекистон расмийлари билан музокара қилиш учун Тошкентга келиши керак бўлган. Бунда Марказий Осиёда бизнес юритиш тажрибасига эга бўлган Элден Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг ўша пайтдаги раҳбари Абдулла Орипов билан учрашишдан аввал Гулнора Каримова билан келишиб олиш лозимлигини маслаҳат қилади. Чунки, деб ёзади у, “ўта агрессив тип” бўлган Орипов рус иневесторлари тарафдоридир.Шунингдек Швеция аппеляция судига тақдим қилинган ёзишмалардан маълум бўлишича, TeliaSonera раҳбарияти Гулнора Каримова билан мулоқот ўрнатишга ҳаракат қилар экан, у ҳақда маълумот тўплай бошлайди. Бундай маълумотлар олинган манбалардан бири Fintur ширкатининг Қозоғистондаги маслаҳатчиси Талгат Даирбеков бўлган. Дарвоқе Даирбековнинг Қозоғистон президенти қизи Дариға Назарбаевага яқин алоқаси борлиги айтилади.
Гарвардда ўқимаган магнат
Даирбеков номидан ёзилган хатда Гулнора Каримова ҳақида берилган маълумотда унинг Ўзбекистонда Ўздунробита, Билайн, бир нечта Интернет провайдери, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи, Зеромакс ширкати, Кердит Стандарт банки, Қувасойдаги Кварц заводи, Қувасой ва Бекободдаги цемент заводлари, Coca Cola ширкати ва яна қатор йирик бизнес объектларини назорат қилиши айтилади.Шунингдек, Даирбеков Гулнора Каримова “Гарвард университетини битиригани айтилади, лекин баъзи манбаларга кўра, бу ёлғон гапдир”, деб ёзади.
2007 йил 24 мартга доир имейл хатида Саркан Элден “Гулнора Каримованинг телеком соҳасидаги вакили жаноб Беҳзод (МТС-Ўзбекистон ширкати собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедов назарда тутилмоқда-таҳр.) қандай қилиб биргаликда ишлашимиз мумкинлигини муҳокама қилгани мени Тошкентга таклиф қилди”, деб ёзади.
Бундан ташқари хатда “президентнинг иккинчи қизи Лола Каримова ҳам биз билан учрашиш истагини билдирмоқда”, дея ёзилган.
Озодлик имейл ёзишмалари нисбат берилган Саркан Элден ва Талгат Даирбеков билан боғланди. Лекин улар мазкур масала хусусида изоҳ беришдан бош тортди.
Зиц-вакил Беҳзод Аҳмедов
Швеция судига тақдим қилинган ёзишмалардан баъзилари TeliaSonera билан олди-бердида Гулнора Каримова номидан ҳаракат қилгани айтилаётган МТС-Ўзбекистон ширкати собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовга доирдир. Бу хатларда Беҳзод Аҳмедов Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги билан лицензия борасида келишиб қўйгани ёзилади.2012 йил 19 апрелга доир хатда эса, Беҳзод Аҳмедов Coscom ширкати акцияларининг сўнгги 6 офизи учун TeliaSoneraдан “аввал келишилган” 75 миллион АҚШ доллари ўрнига 85 миллион доллар талаб қилади. Бу мактуб ёзилишидан бир неча ой ўтиб, Беҳзод Аҳмедов июн ойи бошларида Ўзбекистонни тарк этган эди. Ярим йилдан бери қаердалиги номаълум қолаётган Беҳзлод Аҳмедовни Ўзбекистон Бош прокуратураси молиявий жиноятларда айблаб, Интерпол орқали қидирувга берган.
Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари Гуннар Стетлер судга тақдим қилган бу ёзишмалар TeliaSonera Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириш учун Гулнора Каримова билан алоқа ўрнатишга ҳаракат қилганига аниқ ишора қилади.
Стетлер бу ҳужжатларга берган изоҳида, Ўзбекистонда мобил алоқа лицензияси билан ҳукумат шуғулланиши, TeliaSonera эса ҳукумат билан музокара қилиш ўрнига, Беҳзод Аҳмедов билан иш олиб боргани ширкатнинг Ўзбекистондаги фаолияти шубҳаларни туғдиришини қайд этади.
Стетлернинг Озодликка айтишича, TeliaSonera ширкати ижрочи ходимлари ўртасида 2007 йилда қилинган имейл ёзишмаларини судга тақдим қилишдан мақсад "Ўзбекистонда TeliaSonera ширкатига Coscom мобил операторини сотган Takilant фирмасига тегишли 1,5 миллиард швед кронасига (230 миллион АҚШ доллари) тенг маблағни мусодара қилиш қарорига эришишдир". Швеция аппеляция суди бу масалани 9 январ куни кўриб чиқади.
TeliaSonera берган маълумотлар ҳақиқатдан йироқ
Жаноб Стетлер Озодлик мухбирининг бу ёзишмалар TeliaSonera билан Гулнора Каримова ўртасида олди-берди бўлганини кўрсатади, тергов жараёнида бу масалага ҳам эътибор қаратилмоқдами, деган саволига бундай жавоб берди.- Бу масала судда баён қилинади. Лекин мен ҳозирча, судга ёзма тарзда тақдим қилинган маълумотлар хусусида матбуотга интервью бермайман. Сизга фақат бир нарсани айтишим мумкин, имейл ёзишмаларидан TeliaSonera шу пайтгача тақдим қилган маълумотлар ҳақиқатдан йироқ эканини хулоса қилиш мумкин, дея таъкидлади Швеция прокуратурасининг Коррупцияга қарши кураш бўлими раҳбари Гуннар Стетлер.
Катта қисми Швеция ва Финляндия ҳукуматларига тегишли TeliaSonera ширкати Ўзбекистон телекоммуникацион бозорига кириш учун президент Ислом Каримовга яқин шахслар, хусусан Гулнора Каримовага 320 миллион доллар пора берганига оид айбловлар илк бор ўтган йилнинг сентябр ойида Швеция жамоатчилик телевидениеси намойиш қилган “TeliaSonera – ўзбек иши” номли ҳужжатли филмда илгари сурилди.
Ўтган ойда швед журналистлари “TeliaSonera ва Диктаторнинг қизи” номли навбатдаги суриштирув репортажини эфирга берди.
Швеция прократураси бу иш бўйича олиб бораётган терговда Гулнора Каримовага яқин алоқаси борлиги айтиладиган Ўзбекистоннинг уч фуқароси Беҳзод Аҳмедов, Гаянэ Авакян ва Алишер Эргашевлар гумонланувчи сифатида ўтмоқда.
Бундан ташқари Швейцарияда ҳам бу ишга бевосита алоқаси бўлган пул ювиш ва пора олиш жиноят бўйича тергов кетмоқда. Швейцариядаги жиноят ишида ҳам бу уч шахс айбланувчи ҳисобланади.