Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:44

Юсуф Рўзимуродовнинг қамоқ муддати яна уч йилга узайтирилди


Ўзбекистонда энг узоқ вақт қамоқда қолаётган журналистлардан бири Юсуф Рўзимуродов яна уч йил панжара ортида қоладиган бўлди. Ташқарида ҳолидан хабар оладиган бирор кишиси қолмаган, шу туфайли аҳволи тобора оғирлашиб бораётган Рўзимуродовнинг жазо муддати узайтирилишига ўзбек расмийлари тез-тез қўллаб турадиган “қамоқхона ички тартибини бузганлик” асос бўлган.

15 йиллик қамоқ жазосини қарийб ўтаб бўлган Юсуф Рўзимуродовнинг жазо муддати узайтириб қўйилгани ҳақида Озодликка ўзбек мухолифатчиси Дилором Исҳоқова маълум қилди.

- Бу йил – 2014 йил май ойида Юсуф Рўзимуродовга яна уч йил қўшиб берилган. Ҳозирги кунда Юсуф Рўзимуродов Товоқсойда (УЯ 64/3 колонияси – таҳр.) ўтирибди. Юсуф ҳақида бир ахборот олиш, унинг ҳол-аҳволидан хабардор бўлиш жуда мушкул, чунки унинг икки меҳрибони – отаси 4 аввал вафот этган, онаси 5 йил олдин вафот этган, оиласи ажрашиб кетган. Бугунги кунда у ёлғиз Товоқсойда азоб чекиб ётибди, - дейди Дилором Исҳоқова.

Мухолифатдаги “Эрк” партиясининг фаол аъзоси бўлган ҳамда “Эрк” газетасида ишлаган Юсуф Рўзимуродов 1999 йил Тошкентда содир бўлган портлашлар баҳонасида ҳибсга олиниб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Маълумотларга кўра, маҳкама чоғида Юсуф Рўзимуродов ўзига қўйилган айбловларни батамом рад этган.

Юсуф Рўзимуродовнинг ўзбек расмийлари иддао қилган террорчиликка мутлақо алоқаси бўлмагани, фақат сиёсий фаолияти туфайли қувғинга учрагани ва сохта айбловлар билан қамалганини таъкидлаган Дилором Исҳоқова 50 ёшли маҳбус журналистнинг ҳозирда соғлиғи кундан-кунга ёмонлашиб бораётганини таъкидлайди.

- Биз олган хабарларга кўра, ниҳоятда аҳволи оғир Юсуф Рўзимуродовнинг. У сил касалига чалинган. Бир неча йилдан бери жуда ҳам оғир касал. Қон босими доимий равишда кўтарилиб туради. Сил касали Ўзбекистондаги ҳамма қамоқхоналарда энг осон юқтириладиган нарсалардан – бу касалга жуда кўпчилик чалинган. Лекин кўпчилик оиласидан келаётган сил касалига чалинганлар истеъмол қилиши керак бўлган озиқ-овқатни олади. Ана ўшалар балки уларни озгина сақлар бу касалликнинг жуда қаттиқ хуруж қилишидан, лекин Юсуф Рўзимуродов бугун деярли қаровсиз. Унга на передача юборадиган, на уч ойда бир бориб кўрадиган меҳрибон йўқ, - дейди Дилором Исҳоқова.

Журналист Юсуф Рўзимуродов номи узоқ йиллардан буён турли нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан тузиладиган Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар рўйхатига киритиб келинади. Журналистнинг номини йилда бир марта чиқадиган ҳисоботга киритиб қўйиш кифоя эмаслигини таъкидлаган Дилором Исҳоқова фикрича, ҳам маҳаллий ҳуқуқ ҳимоячилари, ҳам нуфузли халқаро ташкилотлар Юсуф Рўзимуродовнинг ҳолидан хабар олиш ва унинг озод бўлиши йўлида фаолроқ ҳаракат қилишлари зарур.

- Мен халқаро ташкилотларга мурожаат қилмоқчи эдим. Улардан Юсуф Рўзимуродов тақдирига жуда қаттиқ эътибор беришларини илтимос қилардим. Human Rights Watch, Amnesty International ва албатта, журналистларни ҳимоя қилиш ташкилотлари – ҳаммасидан илтимос қилган бўлардим. Чунки бу йигит ҳақиқатан бегуноҳ, - дейди ўзбек мухолифатчиси Дилором Исҳоқова.

Юсуф Рўзимуродов ҳамда у билан бирга қамалган “Эрк” газетаси муҳаррири Муҳаммад Бекжон, Чегара билмас мухбирлар, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси каби нуфузли халқаро ташкилотлар эътирофича, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда қамоқда энг узоқ вақт қолаётган журналистлар бўлиб ҳисобланади.

XS
SM
MD
LG