Озодлик олган маълумотларга кўра, Ўзбекистон Конституцияси 22 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия бўйича диний айблов билан қамалган маҳкумлар ҳам гуруҳ-гуруҳ озод қилинмоқда.
Ўзбекистон яқин тарихида диний айблов билан қамалган маҳкумларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб озод қилиниши 2003 йилдан бери илк бор кузатилмоқда.
Қурултой дастурида “диний маҳбусларнинг озод қилингани режим юмшаганидан далолатми?” деган савол жавобини қидирдик.
Эшиттиришда ўзбек қамоқхонасининг собиқ маҳбуслари Мамадали Маҳмудов¸ Муҳаммадсолиҳ Абутов ва Сафар Бекжон иштирок этди.
Қурултойда қатнашган Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати¸ журналист Жаҳонгир Муҳаммад диний маҳбусларнинг озод қилинганини дунëдаги геосиëсий жараëнлар ва мамлакатдаги сайловолди вазият билан изохлади.
Ўзбекистон қамоқхоналаридан диний айбловлар билан қамалиб амнистияга тушган маҳкумларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб озод этилаётганини 11 февраль куни афв этилган таниқли спорт шарҳловчиси ва диний воиз Хайрулла Ҳамидов ҳам тасдиқлади.
“Чирчиқ шаҳридаги олтинчи жазони ўташ муассасасидан диний-экстремистик оқимларга алоқадорликда айбланиб қамалган 15 нафар маҳкум мен билан биргаликда афв қилинди”, деди Хайрулла Ҳамидов.
Ўзбекистонда диний айбловлар билан қамалганлар мониторинги билан шуғулланадиган Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов бу йилги амнистияда диний айбловлар билан қамалганлар орасида озод қилинганлар ҳақиқатан ҳам кўплигини айтди.
Айни пайтда Халқаро ва Марказий Осиёдаги ҳуқуқ ташкилотлари расмий Тошкентни сиёсий қарашлари учун қамалганларни озод қилишга чақириб келади.
Жумладан, Халқаро Амнистия ташкилоти сўнгги баёнотида Дилором Абдуқодирова, Аъзам Фармонов, Мурод Жўраев, Муҳаммад Бекжон ва Эркин Мусаевларни озод қилишга даъват этган.