Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:24

Хоразмда молхонада туққан қиз чақалоғини бўғиб ўлдирди


Хоразм вилоятининг Шовот туманида 19 яшар қиз туққан чақалоғини молхонага ташлаб кетди. Бир неча соатдан кейин топилган чақалоқ касалхонада жон берди. Расмийларнинг айтишларича, чақалоқ баданида уни ўлдиришга қилинган ҳаракатлар излари қолган. Айни пайтда чақалоқнинг онаси топилиб, ҳибсга олинган.

Шовот туманидаги пахта тозалаш заводи деворининг орқасида аҳоли томонидан қурилган молхоналардан бирида 16 июль куни тонгда янги туғилган чақалоқ топилди.

Чақалоқни топиб олган Гуландом исмли аёлнинг Озодликка айтишича, у гўдак йиғисини эшитиб молхонага кирган:

- Мен ҳар куни эрталаб соат бешда ҳовлига шамоллагани чиқаман. Биз этаж уйда турамизда. Завод девори тагида аҳолининг молхона ва бошқа қурилмалари бор. Ўтиб кетаётсам, молхоналардан биридан йиғига ўхшаган овоз келди. Мен итни боласимикан деб ўйладим. Кейин бир қўшнимни чақириб кириб кўрсак, янги туғилган чақалоқ зўрға йиғлаяпти экан. Ўғил бола экан, ҳатто киндиги ҳам кесилмаган. Кейин тез ёрдам чақирдик, мелисалар келди. Болани олиб кетишди,- деди Гуландом.

Шовот тумани соғлиқни сақлаш бошқармасининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, чақалоқ касалхонага олиб келинганидан тўрт соат ўтиб жон берган:

“Боланинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Дўхтирларимизнинг айтишларича, чақалоқ бўғилган ва унинг баданида жароҳатлар бўлган. Қандайдир тўмтоқ нарса билан урилган, дейишяпти. Бола ўлганидан кейин суд-тиббий экспертизаси қилинган. Унинг хулосаси энди милицияда бўлади”, деди мулозим.

Хоразмда молхонада туққан қиз чақалоғини бўғиб ўлдирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:07 0:00
Бевосита линк

Шовот тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими тезкор қидирув чоралари натижасида чақалоқнинг онаси топилгани ва ҳибс қилинганини айтди:

“Бу қиз 19 ёшда бўлиб, бошқа маҳалладан келиб, 16 июлга ўтар кечаси молхонада туққан. Ҳозир унинг туғишига ёрдам берганликда онаси ва синглиси ҳам гумонланяпти. Туғилгандан сўнг, чақалоқни ташлаб кетишган. Бу оила бошқа маҳаллада ижарада яшайди, қизлари Россияга меҳнат муҳожирлигига бориб келади, деган маълумот бор. Тергов давом этяпти, ҳозирча бор маълумот шу, деди мулозим.

Исми сир қолишини сўраган Пахтакор маҳалласи фаолларидан бирининг айтишича, чақалоқни касалхонага олиб кетишганидан сўнг, уни бир неча киши фарзанд қилиб олмоқчи бўлган:

“Бу воқеа ўша куни роса шов-шув бўлиб кетди. Сочлари қоп-қора чиройли ўғил бола экан. Бир неча киши онаси топилмаса, шу болани фарзанд қилиб оламан ҳам деди. Лекин афсус, болача ўлиб қопти”, деди маҳалла фаоли.

Озодлик ўз чақалоғини ўлдирган ёки сотмоқчи бўлган жуда кўп воқеалар ҳақида хабар берган. Бироқ, бундай жиноятларни асосан, хориждаги ўзбек меҳнат муҳожирлари содир этаётгани айтилади.

Жорий йилнинг май ойида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида олти кунлик чақалоғини 5 минг долларга пулламоқчи бўлган ўзбекистонлик аёл шаҳар Ички ишлар департаменти тарафидан ҳибсга олинган эди.

21 апрель куни Москвада ўзбекистонлик аёл янги туғилган чақалоғини ўлдирганликда гумонланиб полиция тарафидан ҳибсга олинган эди. Хабарда айтилишича, ишчилар пакетга ўралган ва ерга кўмилган чақалоқ ўлигини топишган. Чақалоқнинг бўйнида пичоқ излари бўлган.

6 апрель куни Россиянинг Ярославл шаҳридаги маршруткалардан бирида олти кунлик чақалоқни целлофан халтада олиб кетаётган ўзбек аёли қўлга олинган эди.

18 февраль куни Санкт-Петербургда ўз набирасини 80 минг рублга сотаётган ўзбекистонлик аёл қўлга олинган эди. 50 ёшли бу аёл никоҳсиз ўғил туққан 24 ёшли қизини “шармандалик”дан халос қилмоқчи бўлган.

2 февраль куни Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўзбекистонлик эр-хотин икки кунлик чақалоғини “Тойота Камри” машинасига алмаштирмоқчи бўлганида қўлга олинган эди.

XS
SM
MD
LG